loader
Foto

Аллоҳга иймон келтириш

Инсон Аллоҳни танимаган бўлса унинг динига ҳам юрмайди. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам янги пайғамбар бўлганларидан бошлаб асосий эътиборни "Лаа илаҳа иллоллоҳ"га қаратганлар, одамлардан фақат шуни талаб қилганлар. Пайғамбаримиз Маккада ўн уч йил давомида ёлғиз шу калимага даъват этганлар.

"Лаа илаҳа иллоллоҳ" тилимизга сўзма-сўз таржима қилинганда "Аллоҳдан ўзга ибодатга сазавор зот йўқ" деган маънони англатади. Замирида олам-олам маъно ётган ва калимаи тавҳид, деб аталадиган бу сўзлар Аллоҳнинг яккаю ягоналигини англатади.

Тавҳид бир неча турли бўлади:

1. Зотдаги тавҳид, яъни ягоналик. Бу Аллоҳ ўзининг зотида ягонадир, деган маънони англатади. Бошқача қилиб айтганда, у ўзи ёлғиз зотдир. Шериги йўқ, боласи ёки хотини ҳам йўқ, дунёда илоҳлик маъносида яккаю ёлғиз Аллоҳнинг ўзигина бор.

2. Сифатидаги тавҳид, ягоналик. Яъни, Аллоҳ таолонинг сифатлари бор ва бу сифатлар унинг ягона ўзига хос. Аллоҳнинг сифатлари ҳақида сўз кетар экан, шуни унитмаслик керакки, бу сифатлар билан Аллоҳ таоло ўзини ўзи сифатлаган ёки пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам сифатлаганлар. Бошқа ҳеч кимнинг сифатлаши эътиборга олинмайди. Демак, Аллоҳ таоло ўзини ўзи ёки пайғамбари (соллоллоҳу алайҳи васаллам) сифатлаган сифатларда ягонадир. Бу сифатларда унга ҳеч ким шерик бўла олмайди. Қуръони Каримда:"Лайса ка мислиҳи шайъун", яъни, унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ деб таъкидланади.

Мисол учун, "кўриш" сифати бор. Бу сифат Аллоҳга нисбат берилганда ўзига ҳос маъно касб этади. Биз, Аллоҳ кўрувчидир, дейилганда уни кўриш сифати ўзимизга ёки ҳайвонларга ўхшаш кўз, деб номланган аъзо билан, кўришнинг чегараланиши ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар билан аралаштирмаслигимиз керак. Балки, Аллоҳ таоло бу борада ўзига ҳос ўхшаши йўқ, барча нуқсонлардан ҳоли ва барча камолотларга эга нигоҳ билан кўради, деган эътиқодда турмоғимиз лозим. Худди шу тушунча ва эътиқод Аллоҳнинг эшитиш, билиш, ҳисоб қилиш каби бошқа барча сифатларига ҳам таълуқли бўлмоғи лозим. Аллоҳ таолонинг сифатларидаги тавҳиди қисқача шулардан иборатдир.

3. Рубубиятдаги, яъни тарбия қилувчиликдаги тавҳид, ягоналик. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолони яратувчиликда, ризқ беришда, ҳаёт ёки ўлим беришда, дунёнинг тадбирини қилишда ягона, ёлғиз зот эканлигига иймон келтириш. Демак Аллоҳ таоло барча нарсаларни ягона ўзи яратган, бу ишда унга ҳеч қандай зот шерик ҳам бўлгани йўқ, ёрдам ҳам бергани йўқ. Худди шундай ризқ беришда, ҳаёт ёки ўлим беришда ва дунёнинг тадбирини қилишда ҳам ягона ўзи тасарруф қилади, бу ишда унга шерик ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ, деб эътиқод қилмоғимиз шарт.

4. Улуҳиятдаги, яъни ибодатга сазаворликдаги тавҳид. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолони бандалар ибодатига сазовор ҳақли ягона ёлғиз зот, деб эътиқод қилмоқлик. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ибодат деганда фақат намоз, рўза, ҳаж каби шаръий амалларнигина тушунмаслик керак. Балки, ибодат деганда Аллоҳга ёқадиган ҳамма ишни қилиш ва Аллоҳга ёқмайдиган барча ишларни тарк этиш тушунилади. Бир сўз билан айтганда, фақат Аллоҳгагина банда, қул бўлишини тушунмоғи лозим. Бу ишда ҳам Аллоҳга шерик бўлмаслиги керак. Тили билан Аллоҳга бандаман десаю, амалда Аллоҳдан бошқанинг амрига юрса, ширк келтирган бўлади.

Аллоҳ таоло ҳақидаги ақийдамизда, албатта, у аввалги зот бўлиб, дунёда ундан аввал ҳеч нарса бўлмаганлигига ва оҳирги зот бўлиб, дунёда ундан кейин ҳам ҳеч нарса қолмаслигига иймон келтирмоғимиз лозим.

Шунингдек, Аллоҳ таоло истаган нарсасини қилгувчи зот эканлигига, у бир нарсани истаса, бўл, деса бўлаверишига, уни ердаю осмонда хеч нарса ожиз қолдира олмаслигига, у ҳар бир нарсага қодир зот, қудрати чексиз эканлигига ишониб иймон келтирмоғимиз лозим.

Уламоларимиз иймонни таърифлаб: тил билан нутқ қилиш, дил билан тасдиқ қилиш ва жисм билан татбиқ қилиш, дейдилар. Демак, Аллоҳга иймон келтириш маъносида "Лаа илаҳа иллоллоҳ"ни тил билан айтиб қўйшлик кифоя қилмас экан. Балки уни маъносини тушуниб, дил билан тасдиқламоқ лозим. Энг мухими эса, ҳаётда ушбу ҳақиқатга амал қилиб яшамоқ зарур. Тили билан "Аллоҳдан ўзга ибодатга сазово зот йўқ" деб айтиб, иқрор бўлиб, ўзининг Аллоҳга банда эканлигини эълон қилса-ю, амалда Аллоҳдан ўзгага бўйсуниб, ўшанинг розилигини топишга уринса бутун умри зое кетган бўлади.

Юқорида зикр қилинган нарсаларга нисбатан соф ақийдаси бўлган кишигина дунёдаги энг ҳур, эркин ва бахтиёр инсон бўлади. У барчанинг тарбиячиси бўлмиш Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди, ҳеч кимга бўйсинмайди, ўзини хор тутмайди. Аллоҳга бўлган соф иймони уни барча ёмонликлардан қайтаради, яхшиликларга чорлайди. Бундай инсон ўзига, ойиласига, қариндошларига, жамиятига, башариятга ва борлиқдаги ҳамма нарсаларга яхшилик келтиради. Аллоҳ ҳаммамизни ўзига иймони содиқ бандалардан қилган бўлсин!

“Ислом мусаффолиги йўлида” китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР