loader
Foto

«Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди»

Инсоният билимлари миқдори соат сайин ўсмоқда. Ҳар куни янги кашфиётлар бор, инсоният билим умумий миқдори ортиб бормоқда. Биз эса унинг ортидан улгурмаяпмиз. Демак, атрофимиздаги олам ҳақида тобора кам биламиз ва, образли қилиб айтганда, аҳмоқлашиб борамиз. Лекин бу ясси ер назарияси тарафдорлари жамияти фаолияти билан таққослаганда шунчаки бир лирика.

Ҳа, шунақаси ҳам бор. Бу кулгили, чунки мактаб география курсидан биз яшаётган сайёрамиз юмалоқ ёки тўғри, шарсимон эканлигини биламиз. Шунга қарамай, мактабда бизга нима дейилишидан қатъий назар, биз ҳар бир инсон дунё ҳақида ўз хоҳлаганича фикрлай оладиган замонда яшаяпмиз.

Агар Ўрта асрларда бошқача фикрда бўлиш учун гулханда ёқишган бўлса, бугун баъзи одамлар ўз шажарасини маймунга олиб бориб тақайди, бошқалар ўзларини элфлар ёки сеҳргарлар ҳисоблайди - Гарри Поттер ҳақида афсоналар натижаси бу…

Умуман олганда, дунёда жуда кўп ғалати нарсалар бор ва биз сайёрамизни ясси деб кўришни хоҳлайдиганларга эътибор бермаган бўлардик, агар битта АММО бўлмаганида. Улар орасида ўз уйдирмаларини Қуръон ва Суннат билан изоҳлашга қарор қилганлар ҳам бор. Улар Ернинг яссилиги ҳақидаги гапларини Муқаддас китоб оятлари билан асослашга ҳаракат қилишади, мана шунисига кўз юмишга ҳаққимиз йўқ. Биз муносиб жавоб беришимиз керак, акс ҳолда улар ўзларини жаҳолатлари билан йўқ қилибгина қолмай, бошқа одамларни ҳам йўлдан оздирадилар. Келинг, биргаликда мактаб география фанига мурожаат килиб, сўнгра мусулмонларнинг бош китоби - Қуръонда Ер тузилиши ҳақида нималар ёзилгани ҳақида ўйлаб кўрайлик.

Тарихчилар Ернинг шарсимон эканлиги илк далилларидан бири Аристотелга тегишли деб ҳисоблайдилар. Бу қадимги юнон мутафаккири милоддан аввалги уч юзинчи йилларда яшаган ва Александр Македонскийнинг устози бўлган. Ой тутилишини кузатар екан, у сайёрамизнинг шу лаҳзада ойда кўриш мумкин бўлган соясига еътибор қаратган. Бу соя ёй шаклига эга эди. Иккинчи далил мактаб география дарсликларида берилган бўлиб, ясси Ер назариясининг барча тарафдорлари уни қайта кўриб чиқишлари керак. Унинг моҳияти денгизда кемаларни кузатишга бориб тақалади. Бизга узоқдан яқинлашиб, улар денгиздан чиққандай кўринади. Бу бир апельсинни олиб, устига чумолини қўйиш билан бирдир. У мева бўйлаб кўтарилар экан, аста-секинлик билан кўз ўнгимизда пайдо бўлади. кема билан ҳам худди шунда ҳолат рўй беради. Бунинг сабаби шундаки, Ер – шарсимон. Учинчи далилни мактаб физика дарсидан топиш мумкин. Бу фан сайёрамизнинг диск кўринишидаги шакли шунчаки бўлиши мумкин эмаслигини исботлайди. Чунки ўз гравитацияси таъсири остида сайёрамиз каби ҳар қандай йирик объект шарсимон шаклга келади. Шунинг учун космосда бир неча юз километрлик катта жисмлар доимо юмалоқдир. Лекин шуни ҳам тан олишимиз керакки, Ер мукаммал шарсимон эмас. Экватор минтақаларида ўз ўқи атрофида айланганда пайдо бўладиган марказдан қочма кучлар туфайли у қутбларда яссиланади. Олимлар бу шаклни «геоид» ёки «айланиш эллипсоиди» деб аташади. Энг ғалатиси шундаки, ясси Ер назарияси тарафдорлари инсоннинг космосга чиққанлигини ҳам рад этадилар. Уларнинг сўзларига кўра, барчаси уйдирма эмиш. Космосга учирилган сунъий йўлдошлар орқали эфирга узатиладиган каналларда телевизор томоша қилишлари эса уларнинг хаёлига ҳам келмайди.

Қуръон Ернинг шарсимонлиги ҳақида

Юқорида айтиб ўтилганидек, мусулмонлар учун у ёки бу нарса ҳақида Қуръонда айтилгани энг муҳим. Қуръон ҳамма учун имом ҳисобланади, чунки мусулмонлар унда кўплаб саволларга жавоб топадилар. Ушбу маколада эса, ўқувчиларимизнинг барча шубҳаларини фош қилиш учун, биз ҳам Муқаддас Қуръонга мурожаат киламиз. Демак, кеча ва кундузнинг ўзгариши ҳақидаги Қуръон оятини кўриб чиқамиз. «Луқмон» сурасида Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини – уларнинг ҳар бири белгиланган муддатгача юрур – ва албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардор эканини кўрмадингми?!» («Луқмон», 29-оят).

Бу ерда кеча аста-секинлик билан кундузга айланиши ва бунинг акси бўлиши кўзда тутилади. Бу ҳолат эса фақат Ернинг шарсимон шаклда бўлишидагина ўринга эга бўлиши мумкин. Агар Ер ясси бўлганида эди, кечанинг кундузига ва кундузининг кечага ўтиши тўсатдан рўй берган бўларди. Кейинги оят ҳам Ернинг шарсимон эканлигига ишора қилади:

«У Зот осмонлару ерни ҳақ ила яратгандир. Кечани кундуз устига ўрайди, кундузни кеча устига ўрайди. Қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйгандир. Ҳар бири белгиланган муддатга қадар юрур. Огоҳ бўлингким, У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир» («Зумар», 5-оят).

Ер шар каби юм-юмалоқ эмас, у геосферик, яъни қутблари яссиланган. Навбатдаги оят Ернинг шаклига тавсиф беради:

«Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди» («Назиат», 30-оят).

Ушбу оятда араб тилидаги «даҳаҳа» сўзи Ернинг геосферик шаклини эслатиб юборадиган «туяқуш тухуми»ни англатади. Шундай қилиб, Қуръони карим Ернинг шаклини тўғри тавсифлайди, гарчи у нозил қилинган пайтда одамлар кўпинча Ерни ясси деб уйлашган бўлсада. Аммо вақт ўтиши билан бу сўроқ қилина бошлади, чунки турли нуқтаи назарлар мавжуд эди, бундан ташқари, биз кўриб турганимиздек ва Қуръони карим Ернинг шарсимон шаклини тасдиқлайди. Ернинг шарсимонлиги фойдасига бошқа оятларни келтириш мумкин, лекин биз келтирган бу уч оят Худонинг Каломига ишонганлар учун етарлидир. Чунки Қуръони Каримнинг кўп оятларини келтиришга ҳожат йўқ. Умуман олганда, Қуръони карим нафақат Ерни текис деб ҳисобламайди, балки кўпгина оятларда унинг шарсимонлигини кўрсатади.

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Ернинг шакли қанақа?