loader
Foto

Ернинг шакли қанақа?

Қуръонга қараш ҳам худди шу каби фарқлидир. Унга танқидчи ва юзакилик билан кўз отганлар: "Қуръон бор-йўғи шу экан-ку!" деб абадий ҳалокат жарига қуласа, унга ақл кўзи ила қалбини очганлар, ажнабий бўлсалар ҳамки, Исломга бўйин эгадилар ва унинг Соҳибига қул бўлганликларидан фахрланадилар. Ҳа, Қуръон ҳар илм эгасига ҳақиқатни кўрсатган ва бу хусусияти билан Ибн Аббосдек буюк бир Ислом олимини: "Ҳаттоки туямнинг ипи йўқолса, у турган жойни ҳарҳолда яна Қуръондан топаман", деган.

Мана шу Қуръоннинг мўъжизавий оятлари, Оврупа ҳали дунёдан бехабар чоқларидаёқ, ернинг эллипс (тухумсимон) шаклидалигини билдиргандир. Оврупада ўн бир аср кейингина гапирила бошланган бу ҳақиқат Назиат сурасининг 30-оятида қуйидагича ифода этилади:

«Ва шундан кейин ерни ёйиб-текис қилди (думалоқ ҳолга келтирди, туяқуш тухуми шаклини берди)».

Ушбу оятга қадим тафсирларнинг кўпида "Арз (ер)ни ёйиб тўшади", шаклида маъно берилган. Бироқ Ҳ. Басрий Чонтой ва Истанбул илоҳиёт факультети ўқитувчиси, доктор Али Ўздек раҳбарлигида тайёрланган тафсирда бир оз фарқли маъно берилган» Бунга сабаб оятдаги "даҳв" сўзининг турли маънода келишидир. Бу сўз (ўзаги)дан ясалган кўп сўзларнинг араб этимологиясида муқобиллари туяқуши билан алоқадордир. Масалан, "адҳаннуамма" (Розий, 31-жилд, 47- бет) туяқуши уяси, "алмадҳа" эса, туяқуши тухуми турган жой маъносида келади ("Ахтари кабир", 301-бет). Худди шу ўзакдан ясалган "даҳв" сўзи юмалоқ тош ёки ёнғоқ олмоқ маъносида қўлланади; "мидҳат" эса, бир ўйиннинг номини билдиради. Бу ўйинда тухум каби юмалоқ тошлар олинади ва олдиндан тайёрлаб қўйилган бир чуқурчага отилади. Ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайн розийаллоҳу анҳумларнинг бу ўйинни ўйнаганликлари ривоят қилинади ("Тожъул Орис", 10-жилд, 125-бет; "Лисонул араб", 14-жидд; Розий, 31-жилд, 47-бет).

Кўриняптики, дунёмиздан (еримиздан) баҳс этаётган бу оятдаги "даҳв" сўзида ва шу сўзнинг ўзагидан ясалган барча сўзларда юмалоқлик маъноси бор.

Ҳа, азизлар, оятда дунёмизнинг туяқуши тухумига ўхшатилиши ниҳоятда илмий ва илоҳий бир мўъжизадир. Чунки ер юзида яшовчи бирор ҳайвоннинг тухуми туяқушнинг тухумича» лик еримизнинг шаклига ўхшамайди.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: жоҳилиятнинг энг қоронғу зулматларида яшаган 14 аср олдинги инсонларга дунёмизнинг шаклини англатиш учун бундан ортиқ бир ўхшатиш келтириш мумкинмиди? Бунинг устига, туяқушлар у пайтлар Ўрта Шарқ ва Арабистонда ҳам мавжуд эди, Қуръонга қулок тутганлар бу тухумни ўз қўлларига олиб, ҳақиқатни ўрганишлари ва англашлари мумкин эди.

Арзнинг юмалоқлигини ақлларни лол қолдирар шаклда ифодалаган Назиат сураси дунёмизнинг яратилиш жараёни ҳақидаги бир неча ҳақиқатларни тилга олгандир. Бу суранинг 30-оятида ер тухумсимон шаклни олгандан кейин унга аввал сув берилганлиги, сўнгра илк наботот бўлмиш ўтлоқлар яратилганлиги марҳамат қилинадики, геофизик қарашлар айнан шу тартибни қабул қилади. Замонавий фаннинг эътирофига кўра, дунёмиз курра шаклини олгандан кейин олдин сувлар (дарёлар) юзага келган, кейинроқ ўсимлик дунёси пайдо бўлган. Оятга бу жиҳатдан ҳам қаралса, унинг мўъжизавий томони яна бир бор маълум бўлади.

Тафсири Ирфондан (Нозият сурасидан): 

30. Шундан кейин Ерни ёйиқ қилди;

Аллоҳ таоло Ерни ёйиб, туяқуш тухумига ўхшаш думалоқ шаклда яратган. Аллоҳ таоло бундай хабар берган: «У Ерни ёйиб қўйган, унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир» (Раъд, 3). Ернинг думалоқ ёки ясси-текислиги ҳақида қадим-қадимдан тортишувлар бўлиб келган. Бир гуруҳ олимлар уни шар каби дум-думалоқ деса, олимларнинг бошқа тоифаси Ерни кафтдек теп-текис деб тушунтирган. Қуръони карим оятларида эса унинг шаклига чиройли ишора бор: «У осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устидан ўрар, кундузни кечанинг устидан ўрар» (Зумар, 5). Бунда Ернинг шаклини ифодаловчи «думалоқлик» сўзи ўрнига кечани кундуз устидан ўраш маъносидаги ибора келган. «Тун ва кун» сўзларида Ернинг думалоқ ва ёйиқлигига жавоб ва исбот мужассам. Бундан Ернинг қуёшдан тўсилган ва зулматга кўмилган ярмида тун бўлиши ҳамда қуёшга юзланган ва ёруғ бўлган иккинчи ярмида кун бўлишидан бошқа маъно чиқмайди ва булар Ернинг туяқуш тухуми каби думалоқлигини тасдиқлайди. Агар Ер ҳақиқатан ясси-текис бўлганида, ҳамма жойда сутканинг бир пайти ҳукмронлик қилган ҳамда бизга кун ва тун деган тушунчалар номаълумлигича қолган бўларди. Агар Ер ясси бўлганида, шубҳасиз битта кун чиқиши ва битта ботиши бўларди. Агар у думалоқ бўлмаганида икки кунботар ҳам бўлмасди. Шу тариқа, еттинчи асрда туширилган илоҳий Қуръонда Ернинг думалоқ, яъни ёйиқлиги аниқ-равшан айтилган.