loader
Foto

Қуръон Ер думалоқлиги ҳақида

Бугунги кунда Ернинг думалоқ эканлиги ҳақидаги факт билан ҳеч кимни ҳайрон қолдира олмайсиз. Лекин доим ҳам шундай бўлмаган. Бир пайтлар Ер текис ва учта китнинг устида туради деб ҳисобланар эди, думалоқ Ер ҳақидаги фикрни эса бемаънилик деб ҳисоблашарди, бу ҳатто уни айтишга журъат этган одамнинг қатл этилишига олиб келиши мумкин эди. Фақат ўрта асрларнинг охирларида, географик кашфиётлар босими остида "думалоқ Ер" тилга олиниш ҳуқуқига эга бўлди. Аммо, бундан 1400 йилдан ортиқ вақт олдин инсониятга нозил қилинган Қуръонда Ернинг сферик шакли ҳақидаги маълумотлар мавжуд эди.

Хусусан, Қуръонда кун ва тун алмашинуви ҳақида айтилади:

«Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини – уларнинг ҳар бири белгиланган муддатгача юрур – ва албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардор эканини кўрмадингми?! (Луқмон сураси, 29).

«У Зот осмонлару ерни ҳақ ила яратгандир. Кечани кундуз устига ўрайди, кундузни кеча устига ўрайди. Қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйгандир. Ҳар бири белгиланган муддатга қадар юрур. Огоҳ бўлингким, У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир» (Зумар сураси, 5).

Ушбу оятларда куннинг ёруғ қисми аста-секинлик билан қоронғуликка ва аксинча ўтиши жараёни тасвирланади. Бундай ҳолат эса фақатгина Ер сферик шаклга эга бўлганида бўлиши мумкин, лекин ясси бўлганида эмас, чунки акс ҳолда кун ва туннинг алмашинуви бир лаҳзада рўй берган бўларди.

Шу сабабли IX асрдаёқ мусулмон олимлари Ернинг сферик шаклда эканига ишончи комил бўлганлиги ҳайратда қолдирмайди. IХ-Х асрларда ака-ука Муса ер айланасининг узунлигини ҳисоблаб чиққан. Беруний эса XI асрда сайёрамиз ўз ўқи атрофида ва Қуёш атрофида айланишини исботлаб берган. Олим ер юзаси майдонини ҳисоблаб чиққан. Бунда қўлланган усул Европада «Беруний қоидаси» деб аталади.