У айнан татар ёзувини, шу билан бирга бошқа туркий халқлар ёзувини такомиллаштириш борасидаги ишлари туфайли катта ҳурмат ва шуҳрат қозона олган. У, шунингдек, тан олинган полиглот бўлиб, олтита тилни: татар, турк, араб, форс, рус ва француз тилларини мукаммал биларди.
Аҳмад Ҳодий Мақсудий 1868 йил 28 сентябрда Қозон губернияси Қозон уезди Ташсу қишлоғида (ҳозирда Татаристон Республикаси Високогорский райони) мулла Низомиддин оиласида таваллуд топган. Бу оилада татар халқининг икки буюк ўғлони - Аҳмад Ҳодий (Ҳодий) ва Садриддин (Садри) Мақсудий тарбия топган.
Аҳмад Ҳодий Мақсудий дастлаб отасининг Ташсу қишлоғидаги мадрасасида савод чиқара бошлади. Шундан кейин 1881 йил Қозонга келиб, Апанаев масжидидаги машҳур "Қосимия" мадрасасига ўқишга кирди. Ўқишни 1890 йилда тугатиб, Аҳмад Ҳодий Мақсудий шу ернинг ўзида қолди ва икки йил давомида бошланғич синф ўқувчиларига дарс берди.
Қозондаги ҳаёт унга рус ва Европа маорифи билан танишиш имконини берди. Аҳмад Ҳодий Мақсудий ўша пайтлар дунёда рўй бераётган илмий ва иқтисодий ўзгаришлардан анча ортда қолган мусулмонлар таълим тизимининг қолоқлиги ҳақида ўйлана бошлади.
Ўқитишнинг эски усуллари самарасизлигини, жумладан татар араб ёзувини (“иске имлә” – эски ёзув) ислоҳ қилиш зарурлигини амалда кўришга муваффақ бўлган. Шундай қилиб, Аҳмад Ҳодий Мақсудий 1892 йил ўзининг афсонавий алифбе китоби - “Муъаллим аввал” (“Биринчи муаллим”) китобини босиб чиқарди.
Гап шундаки, ўша пайтлар татарлар қўлланган араб алифбесидаги унли ҳарфларни ёзувда тўлиқ акс эттиришга имкон бермасди. Бу кўпинча сўзларни тўғри ўқишни кийинлаштирарди.
Ўқиш ва ёзиш қулай бўлиши учун “Муъаллим аввал” дарслигида Аҳмад Ҳодий Мақсудий мавжуд алифбега биринчи бор айрим унли товушларни (о, ө, ә) англатадиган қўшимча ҳарфлар киритди. Бу китоб шу қадар оммалашдики, 1892 йилдан 1918 йилгача 32 марта қайта нашр қилинган, китобнинг умумий адади эса 1 миллион нусхадан ортиқни ташкил қилган.
20-аср бошида “Муъаллим аввал” араб алифбоси асосидаги татар ёзувида ўқиш ва ёзишни ўрганиш учун энг яхши қўлланмалардан бирига айланди.
Орадан маълум вақт ўтгач, Аҳмад Ҳодий Мақсудий алифбе китобининг давомини - “Муаллим соний” (“Иккинчи муаллим”) чоп этиб, унда араб тилида ўқиш ва ёзишни ўргатади. Иккала дарслик нафақат татарлар, балки қозоқлар, ўзбеклар, қирғизлар ва бошқуртлар орасида кенг тарқалди. Бироқ жамоатчилик А. Мақсудийнинг алифбесини ислоҳ қилиш бўйича ғояларини бирдан қабул қилмади.
1890-йилларда унда ўз газетасини чоп этиш истаги пайдо бўлади. Бир неча марта матбуот ишлари бўйича бош бошқармага нашриёт фаолияти билан шуғулланишга рухсат олиш учун мурожаат қилади, лекин ҳар сафар рад жавобини олади. Фақат Россия империясинигнг барча халқларига сўз ва матбуот эркинлиги такдим этган 1905 йил инқилобидан кейингина у ўз орзусига эриша олди. 1906 йил 15 январда «Юлдуз» деб аталган газетанинг биринчи сони босиб чиқилди.
Айнан «Юлдуз» газетасида А. Мақсудий ўйлаб топган унли товушларни белгилаш билан сўзларни ёзиш қоидаларини амалиётда қўллайди (бунгача унли ҳарфлар қисман белгиланарди). Агар дастлаб кўплаб газеталар бунга маълум даражада истеҳзо билан қараган бўлса, кейинроқ ўзлари ҳам бу усулдан фойдалана бошлади. Ахир, айнан шу ёндашув газетага катта муваффақият келтирган эди - у яхши қоғозга босилган, аниқ тилга эга ва ўқиш осон эди.
Дастлабки йиллар газета ҳафтада бир марта чоп этилган бўлса, кейинчалик ҳафтада икки марта чоп этила бошлади ва умуман кундалик газетага айланди. Газета адади 8 минг нусхага етди, уни Қозонда, Оренбургда, Уфада, Самарада, Саратовда, Вяткада, Пермда, Новгородда, Симбирскда, Томскда, Владимирда, Тамбовда, Смоленскда, Екатеринославда, Петербургда, Спасскда, Астраханда, Тошкентда, Тобольскда, Петропавловскда, Семипалатинскда, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ўқишарди.
Шундай қилиб, Аҳмад Ҳодий Мақсудий нафақат татар ёзуви (“иске имлә”), балки Россия империяси ҳудудидаги бошқа халқларнинг араб алифбосига асосланган ёзуви ривожланишига катта ҳисса қўшди. Кейинчалик, 1920 йил унинг ёндашувига таянган ҳолда янги ёзув - араб алифбесининг янада соддалаштирилган варианти “яңа имлә” ишлаб чиқилди. Хитойдаги татарлар ва уйғурлар ҳамон шу ёзувдан фойдаланмоқда.
1990-йилларда татарларнинг ўз манбаларига ва исломга қайтишга интилишининг кучайиши муносабати билан Аҳмад Ҳодий Мақсудий қаламига мансуб: “Муъаллим аввал”, “Муъаллим сани” ва бошқа дасрликлар ва китоблар қайта чоп этилди. Уларга ҳанузгача мадрасалар шогирдлари ва эски татарча ёки араба ёзишни ўрганиш истагида бўлганлар орасида талаб катта. Улар асосида замонавий ўқитиш дастурлари ва видеокурслар ишлаб чиқилган.
Аҳмад Ҳодий Мақсудий кейинги тақдири фожиали якун топди. Инқилобдан кейин у икки марта қатағонга учради. Биринчи марта 1933 йил 16 январда ғуёки антисовет фаолияти, Туркия фойдасига айғоқчилик ва татар муҳожирлари – ўз акаси Садри Мақсудий, Гаяз Исҳоқий ва Фуат Туктаров билан билан махфий алоқалар учун ҳибсга олинди. Уч йилга Вяткага сургун қилинди. Лекин сургунда ҳам ишлашни давом эттирди – «Шарқ мантиқи» асарини ёзди ва уни рус тилига таржима қилди.
1936 йил сургун тугагандан кейин уйига қайтди. Лекин озодликда узоқ вақт бўлмади. 1937 йил январида контрреволюцион фаолиятда айбланиб, камоққа олинди. Қийноқлар ва таҳқирлашларга қарамай, Аҳмад Ҳодий Мақсудий айбини тан олмади. Икки йил ўтиб, 1939 йилнинг 2 февралида соғлиғи ёмонлашгани ва жиноят далили йўқлиги туфайли жиноий иш тўхтатилди. Аммо қамоқда ўтказган йиллари изсиз ўтмади ва ниҳоят соғлигига путур етди, касал ва ҳолдан тойган одам бўлиб озодликка чиқди...
Озодликда у икки йилгина яшай олди. Аҳмад Ҳодий Мақсудий 1941 йил 28 июнда вафот этиб, янги татар қўрғонининг мусулмонлар қабристонига, Абдулла Тўқай қабри ёнига дафн этилди. Аллоҳ таоло раҳматига олсин.