loader
Foto

Раҳбарликка лойиқроқ инсон кимлиги ҳақида

Насаби ва қабиласи ҳақидаги гапга келсак, бу ҳақда рофизийлар фақат Бани Ҳошим қабиласидан бўлган инсон раҳбарликка лойиқ, деб ҳисоблайдилар ва ундан кейин эса ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ҳамда унинг авлодларини тайин қилдилар.

Ровандийлар раҳбарликни меросхўрликка боғладилар ва буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га (ота тарафдан) қариндошлиги бўлгани учун Аббос ҳамда фарзандларига тегишли, деб таъкидладилар.

Бу ҳақда Марвон ибн Абу Ҳафса мана бу шеърни айтган:

Қачон бўлмасин, амакилар меросхўрдирлар,

Бу қизнинг фарзандларига тегишли эмас.

Зирориялар айтади: «Қурайш қабиласидан бўлса ҳам, лекин қурайшлик бўлмаган инсоннинг раҳбарлиги дуруст».

Каъбий эса, қурайш қабиласидан бошқа инсон раҳбарликка лойиқ бўлса ҳам, аммо ушбу қабиладан раҳбар бўлгани афзалроқ, деб ҳисоблайди. Агар фитна келиб чиқиш хавфи юқори бўлса, у ҳолда (Курайш қабиласидан бўлмаган) бошқа раҳбарни сайласа ҳам бўлади.

Аҳли сунна вал жамоа айтади: «Раҳбарлик қурайш қабиласи билан чегараланади ваулар Назр ибн Кинона авлодларидир. Уларнинг авлодидан алоҳида бирор уруғ-аймоққа тегишли эмас. Бу хулосага келишда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан келган ривоят (ҳадис)га суянишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Халифалик (раҳбарлик) - қурайшнинг ҳақи”, деганлар. Мана шу ҳадис сабабли ансорлар Бану Соиднинг Сақифа номли гузаргоҳида (йиғилган кунлари) халифаликни қурайшга топширдилар. Бу сўзлар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилинган. Ундан Зарқон ўз нутқ (мақола)ларида ривоят қилган. Яҳё ибн Комил Басрий Жўҳдарий ҳам ўз нутқ (мақола)ларида айтган. Шунингдек, шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам ўзининг нутқ (мақола)ларида айтиб ўтган. Аҳли сунна мутакаллимлари ҳам Имом Шофиъийдан нақл қилган.

Раҳбарликни Бани Ҳошимга хослашнинг нотўғрилиги Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) халифалиги туфайли ўз исботини топди. Улар ҳақида, иншоаллоҳ, кейинроқ яна тўхталиб ўтамиз. Шу боис рофизийлар ва ровандийларнинг гаплари ҳам бекордир. Шунингдек, Зирорий ва Каъбийнинг гаплари ҳам биз келтирган ҳадисга асосан, нотўғридир. Бу ҳадиснинг саҳобалар орасида машҳурлиги ҳамда уни баъзилари ҳужжат қилиб келтиришлари, қолганлари эса унга бўйинсуниб, ишни топширганлари шунга далолат қилади. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

Шайхимиз Абу Мансур Мотуридий айтади: диний томондан (олинадиган бўлса, танлов) тақводорроғи, художўйроғи, ишларга қобилиятлироғи ва манфаатларни билувчироғи бўлишига қаратилиши керак. Кимда шу сифатлар жамланса, раҳбарлик унга топширилади. У инсон Аллоҳ таолонинг Китобидаги: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят), деган оятига амал қиладиган ва мол-мулкнинг омонат эканлигини яхши биладиган (бўлмоғи керак). Ваҳоланки, омонат ишлар художўйлик билан бажарилади. Эътибор ҳам шунга қаратилган бўлиши керак. Лекин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) раҳбарлик қурайш қабиласига тегишли эканини зикр қилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари ҳам раҳбар қурайш қабиласидан бўлишини исташди. Сўнгра улар билан битим тузишди ва раҳбарлик уларга топширилди.

Бу эса, бир неча сабабларга кўрадир. Биринчиси, раҳбарлик дин иши бўлиши билан бирга, унда подшоҳлик ва сиёсат ҳам бор. Бундай ишда тақво (художўйлик) билан бирга, қаттиққўл ва бирсўзли инсонга эҳтиёж бор. Бу эса танилганидан бери улуғлик ва қудрати аримаган инсонга (қабилага) қаратилгандир. Қуръон қурайш қабиласи тилида нозил бўлган. Бу ерда икки жиҳатни эътиборга олиш кераклигини баён қиламиз. Қадимдан пайғамбарлик ҳам, подшоҳлик ҳам шу қавмдан бўлган. Сиёсат подшоҳлар кўлида ва дин ишлари (диёнат) эса пайғамбарлар қўлида бўлган. Оятда келганидек: «(Улар ўзларининг пайғамбарига): “Бизга бир подшоҳ юборгин, (у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, дейишди» (Бақара сураси, 246-оят). Бу ҳам шундай. Дин ишларини бажарган ҳар бир инсонда подшоҳлик ва сиёсат бўлиб, у халқ орасида ўзининг улуғлиги ва қудрати билан танилган хос қавмдан бўлган.

Насл ва насаб эзгулигу манфаатга чорлайдиган ҳамда ёмон ва бузуқ ишлардан қайтарадиган нарсалардандир. Кимнинг ҳар тарафлама буйруқларию қайтариқлари бўлса, ишларни биладиган, аҳдга вафо ва омонатни ҳимоя қиладиган бўлади. Уламолар ҳам никоҳланиш бобида бошқа қабилалардан кўра қурайшни устун қўйдилар. Шунга биноан, устунлик уларга тегишли бўлиб қолди. Улар бошқа қабилани ўзларига муносиб кўрмадилар. Бунга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муносабат билдирдилар. Халифалик ҳам шунга биноандир.

Хослашнинг эҳтимоли - яна Аллоҳ билувчироқ - икки важҳга биноандир.

Биринчиси, бу ишни барча қабилалар ва одамлардан талаб қилиш жуда қийин. Битта қабилага қаратилиши енгил бўлиши учун ва шу орқали бошқалардан бунинг машаққати кўтарилади. Энди бу қабиланинг иши ва мана шу ўлкага мансуб экани маълум бўлса, барча инсонларга (ҳурмат) назари билан қараш осон, ислоҳот ўтказадиган инсонга зафарли бўлади. Бу эса, масъул вазифа ҳаммага берилиб, барча қабила ва ўлкаларга (ҳурмат) назари билан қарашдан кўра осонроқдир. Бир мақсадга етишиш вазифаси топширилса, кўпчилик инсонларнинг раҳбарларга иши тушиб, вақти зое кетади. Шу боис талаб уларга қўйилди.

Иккинчиси, уларнинг орасида доимо мусулмонларнинг ишларини ислоҳ қилиб юрадиган инсон борлиги маълум бўлганидир. Шунингдек, талаб қилинаётган нарса уларда борлиги маълум бўлгани учун уларга ишора қилингандир. Гарчи бошқалар ҳам раҳбарликни диққат ва ҳафсала билан бажарса-да.

Халифалик асли дунё ва охират манфаатларига бориб тақалади. Раҳбарликни бўйнига олган одам ҳар хил ҳолатларга сабр этолмайдиган ва Аллоҳ таолонинг (белгилаб берган) чегараларини ҳимоя қила олмайдиган вазиятларга тушиб қолиши мумкин. Буни фақат бағрикенг ва одамлар билан тил топиша оладиган инсонгина эплай олади. Аллоҳ таоло унга ҳамма турдаги муомала йўлларини белгилаб берган, уларни маҳорат билан қўллай олиш керак. Шунингдек, раҳбарлик мол-мулкда Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳуқуқларига ҳам боғлиқ. Бунга риоя қилиш фақат художўй, тақводор ва эзгу хулқли инсоннинг қўлидан келади. Бу Аллоҳ таолонинг буйруқ-фармонларига (ҳукмларига) ҳам тегишлидир. Бунга вафо қилиш фақат икки йўл орқали бўлади: улардан бири, диний хукмларнинг барча турдаги фанларини билишда фикр-мулоҳазали бўлмоқ. Иккинчиси эса, Аллоҳ таолонинг тоатида эътиборсиз бўлмаслик ва Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликдир.

Золимлик низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Раҳбарликни фақат Аллоҳ таоло учун насиҳат қила оладиган етук билимдон, дунёга берилмаган ва (инсонларнинг) обрў-эътиборини ҳимоя қила оладиган инсонгина бажара олади. Яна (раҳбарлик) Аллоҳнинг динидаги (мусулмон)лар билан бошқа динлар (вакиллари) орасидаги мавжуд ишларга боғлангандир. Бунда диний ишларнинг мувофиқ ва қарама-қарши томонлари бор. Иккаласи ҳам икки хил нарса бўлиб, бири мойиллик ва юмшоқликка чақирса, иккинчиси, жабр ва зулмга ундайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади: “Бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз!” (Моида сураси, 8-оят) Шунингдек, узоқ ва яқинликда ҳам шу мезонга таяниш зарур. Буларнинг ҳаммаси оятда зикр қилинган нарсага чақиради. Бу ишда эса пок, солиҳ ва Аллоҳ таолонинг неъматларини қадрлайдиган, қалбида Аллоҳнинг ҳақини улуғлайдиган инсонга эҳтиёж бор. Мана шу ишларни амалга ошириш учун инсон Аллоҳ таолонинг барча аҳкомларини бажариб, ўзида жамлаши, диний ишларни бажариши, инсондаги одоблар, турмуш, дўстликнинг барча турларини ва подшоҳлигу сиёсат ишларини юритишда фаҳму идрокка эга бўлиши талаб этилади. Муомала ва бошқа ишларда ҳам эзгу хулқларни ўзида жамлаб олган бўлиши керак. Шунинг учун юқорида айтилган наслда ҳам бу сифатлар бўлиши шарт қилинди. Чунки (айтиб ўтилган) ишларнинг аксарияти қавмига эргашиши ва мураббийлардан ибрат (тарбия) олиши, нашъу намоси улар сабабли тўғриланиши ва раҳбарлик сабабларини улар орқали билиши билан бўлади. Шу сабабли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур хислатларнинг барчасини ўзида қамраб олган қавмни айтдилар. Куч-қудрат фақат Аллоҳдандир.

Шунингдек, раҳбарлик душманлар билан бўладиган ишларга ҳам боғлиқ. Чиройли тарғибот-ташвиқот орқали мулкдорларнинг қўлларидаги молларнинг турларини кўпайтириш лозим. Риоя қилмаслик ва яхши эътибор бермасликдан мол-мулк барбод бўлишидан хавфсирагандан кўра, уни ҳақли одамга берган маъқул. Маълумки, одамлар мол ўзларида бўлишни хоҳлайди ва молга ҳирслари кучли. Аллоҳ билувчироқдир.

Барча мутакаллим олимларимиз раҳбарлик фақат шаръий (ҳадисга биноан)дир, бундан бошқа маъно чиқармасдан қурайшдан тайинланишига қарор қилишган. Шу жумладан, Шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам. Барчасининг маъноларини баён қилиб берган маълумотларининг ҳаммаси мана шу. Баён қилинган нарсаларни сўзма-сўз келтирдим. Бу китобимга назар солган одам, у динни жонлантиришга қанчалик ҳаракат қилганини, ҳақиқатни қўллаб-қувватлашда елиб-югуриши, дин ҳақиқатларини тадқиқ қилишда илмини, ғайратини аямагани ва китобда ёзилган ажойиб маънолар ва кўз илғамаган жуда оқилона хулосалар чиқарганидан билиниб туради. Тўғри йўлни топиш ва Аллоҳнинг хоҳишига биноан Унинг розилигига эришишни устун қўйган инсонни Аллоҳ таоло тўғри йўлга бошлайди.

Иккинчи турида эса, раҳбарлик қурайшдан бўлиши билан бирга, раҳбарликка лойиқ инсоннинг сифатлари ҳақида гап боради.

Аҳли ҳадис мутакаллимлар айтишади: бу сифатлар уч турда ифодаланган.

Биринчиси, ҳалол ва ҳаром ҳукмларни билиш ва илмнинг барча соҳаларида мужтаҳид даражасига етган бўлиш.

Иккинчиси, адолатли ва художўй бўлиш. Бунинг энг қуйи даражаси гувоҳлигининг эътироф этилишидир.

Учинчиси, сиёсат ва тадбиркорлик жиҳатларига йўл топа олиш, одамларнинг мартабаларини билиб, унга риоя қиладиган ҳамда ҳарбий сабаблар ва уларнинг чора-тадбирлари билимдони бўлиш.

Шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ) шаръий раҳбарлик, хусусан, қурайшдан бўлиши кераклигининг ҳикматини ва шу билан чегараланишини зикр қилдилар. Шунингдек, раҳбар ҳукм чиқариш илми, ҳалол ва ҳаром, одамлар турмушини билиши, уларнинг муомалаларини ўринлатиш, олиҳимматли бўлиш, тамагирлик ва ёмонликлардан, мол-дунёга ҳирс қўйишдан, нафсни тўсиш, шаҳвоний ишлардан тийилиш, адолат ва художўйликни ўзида мужассам қилган бўлиш керак. Шу билан бирга, қатъиятли, бирсўзли, золимдан мазлумнинг ўчини олиш, хотиржамлик, шижоат, жасорат, ҳарбий ишларни чиройли олиб бориш, аскарларни жалб қилиш, сиёсатда мулойим бўлиш, (ишни) сиёсий воситалар орқали бажариш ва бундан бошқа нарсаларни ҳам келтирганлар. Буларнинг барчаси раҳбардан талаб қилинадиган (сифатлардир).

Раҳбарлик доирасида шаклланган инсонга раҳбарлик (вазифаси) топширилгани учун унда (юқорида айтиб ўтилган) барча нарсаларнинг бўлиши шарт эканлиги доимий эмас. Бу ҳақда бизнинг мазҳабимиздаги (улуғларимизнинг) ҳеч биридан (бирор маълумот) топмадим. Шайхларимиздан маълум бир ривоят бор: Агар қози ноҳақлик қилиб қўйса ҳам, вазифасидан бўшамайди. Гарчи, ишдан кетишга ҳақли бўлса ҳам, қози бўлиб қолаверади. Катта раҳбарликда ҳам шунга ўхшаш ишлар бўлиши керак. Биз юқорида айтиб ўтган хислатларнинг ҳаммаси бир инсонда жамулжам бўлиши ихтиёрлидир. Аммо раҳбарликни топшириш учун бир инсонда барча хислатларнинг бўлиши шарт эмас. Хулафои рошидинлар (чаҳорёрлар)дан кейинги халифаларнинг аксарияти илмда ижтиҳод даражасига етишган.

Шу билан бирга, одамлар уларнинг раҳбарлигини тўғри ва уларга итоат этишни вазифа деб билишган.

Сўзимизни тасдиқлайдиган нарса шуки, қози мужтаҳид бўлиши шарт эмас. Чунки у бошқанинг илмидан фойдаланиб, ҳукм чиқариши мумкин. Шу боис у раҳбарлик ишини олиб бора олиши керак. Аммо пухта сиёсатчи, иродаси кучли бўлиш, ҳукмларни бажаришга қодир, золимдан мазлумнинг ҳақини олиб бериш, сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш,давлат чегараларини муҳофаза қилиш ва аскарларни жалб қила олиш каби шартлар бўлиши керак. Агар бу шартлар бўлмаса, раҳбар деб унга давлатни бошқариш топширилса ҳам, (мақсад) ҳосил бўлмайди.

Рофизийларнинг қарашида ҳеч қандай маъно йўқ. Улар раҳбар барча ишларда билимдон бўлмоғи шарт, дейдилар. Аммо баъзилари унга уд (чолғу асбобини) чалишни ҳам билиши мажбуриятини юкладилар ва шунга риоя қилдилар. Баъзилари эса раҳбар ғайб илмини билиш керак, дейишган. Шунингдек, яна баъзилардан хабар қилинганидек, раҳбарнинг ити ҳам гуноҳдан пок бўлиш керак. Бу эса нодонликдир. Ким адашишда шу даражага етса, у баҳс-мунозарага лойиқ эмас.

Раҳбарнинг халқ ишларини амалга оширишда илмга зарурати бор. Бундан ортиқ илмларга эга бўлиш мажбуриятида ҳеч қандай маъно йўқ. Сўзимизни тасдиқлайдиган исбот шуки, раҳбарлик - пайғамбарликнинг ўринбосари. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Диний ишларингизда мен билимдонроқман, дунё ишларингиз-да эса сизлар билимдонроқсизлар”, дедилар. Энди ким раҳбар дунё ишларида ёки ғайб илмларида билимдон бўлиши керак деса, халифалик даражасини пайғамбарлик даражасидан юқори қўйган бўлади. Бу эса очиқ-ойдин куфрдир.

РАҲБАРНИНГ ЯХШИ-ЁМОНИ ҲАҚИДА

Ўз давридаги раҳбарнинг афзаллигига келадиган бўлсак, бизнинг наздимизда у шарт эмас. Шайх Абу Мансур Мотуридий (раҳимаҳуллоҳ) “Мақолот” китобида у ҳақда ёзиб кетган. Агар ким раҳбарликка яроқли ва фазилатли бўлса, раҳбарлик унга топширилиб, битим тузилади. Гарчи (шу вақтда) ундан ҳам яхшироғи бўлса-да. Бу фикрга аҳли ҳадис бўлган мутакаллимлардан муътазилий Ҳусайн ибн Фазл Бажалий, Абул Аббос Қалонисий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма қўшилишган.

Абул Ҳасан Ашъарий эса афзали бўла туриб, ёмонроғи билан раҳбарликка битим тузилмайди, деган йўлни тутган. У айтади: «Ўз замонасининг одамларидан бирон киши ундан ортиқроқ бўлмаслиги раҳбарликка лойиқ одамнинг сифатларидандир. Агар раҳбарликка афзалроқ одам топилса, ёмонроғининг раҳбарлиги тасдиқланмайди». Яна айтадилар: «Яхшироғи бўйсунишга яқин-муносиброқдир. Кўнгиллар шундай одамга эргашишга, итоат этишга, буйруқларига бўйсунишга мойилроқдир». Яна айтадилар: «Раҳбарликда афзаллик талаб қилинади. Унда ҳам пайғамбарликка қиёсан, энг юқори мартаба талаб қилиниши керак.

Лекин улуғларимиз (розияллоҳу анҳум) ҳазрат Умар оғир жароҳатлангандан кейин баъзиларининг фазилати баъзилариникидан кўра кўпроқ бўлса-да, олти нафар номзод орасида (қайси бирини сайлаш) маслаҳати бўлганини ҳужжат қилиб келтирадилар. Уларнинг орасидан афзалини тайин қилмадилар, балки уларга халқ (манфаати) учун фойдали ҳамда раҳбарлик бурчи топширилгандан кейин вазифани бажаришга кучи етадиган инсонни ихтиёр қилишлари топширилди. Ҳақиқатан ҳам, бошқаси ундан кўра афзалроқ бўлса-да. Ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али (розияллоҳу анҳумо) билан мажлисда қатнашган инсонлардан уларнинг афзалликлари очиқ-ойдин кўриниб турган эди. Албатта, ноаниқлик улардан қайси бири раҳбарлик бурчини бажаришда мусулмонлар манфаатига, сермаҳсулроқ ва фойдалироқлиги ҳақида эди. Уларга бу мажлисда мана шу ноаниқликни кўриб чиқиш ва мусулмонларга манфаатлироқ инсонга раҳбарликни топшириш вазифаси юклатилган эди. Шунингдек, хулафои рошидинлардан кейин ҳозиргача қурайш қабиласи вакили бўлмаса-да, афзалроқ, художўйроқ, тақводорроқ ва билимдонроқ бошқа инсонлар ҳам раҳбарликка тайинланган. Инсонларнинг ҳар бир замонда раҳбар сайлашдаги фикрлари итоатни назарда тутган.

Шунга биноан, Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳақиқатни топиш йўлида бирор-бир инсоннинг фазилатини билиш учун ҳеч қандай важҳ йўқ. Балки у (раҳбар сайлаш) фақат қунт қилиш ва ўйлаб кўриш орқали юзага келадиган ишдир. Сайлашга сирли (Аллоҳнинг наздидаги) илмларни боғлаш имконсиздир. Одамлар буни (сайлашни) билиши ниҳоятда зарур. Чунки халифалик (раҳбарлик) уларнинг сайлаши ва ихтиёри билан бўлади. Агар, ҳақиқатан ҳам, уни билиш қўлдан келмайдиган бўлса, пайғамбарликка (хилофан) раҳбарликка имконият берадиган сирли илмларни боғлаш тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таоло элчи ва пайғамбар юборишда бандалари орасидан Ўзи хоҳлаган инсонни танлайди. У (Аллоҳ таоло) барча нарсанинг ҳақиқатини билувчидир. Шундай экан, замон одамлари бир инсонни вазифани бажариши ва омонатни юклаш учун танлаб олишган бўлса, ана шу одам ўз давридаги энг муносиб кишидир. Бизнинг бу иш ҳақдаги баҳс-мунозарамиз мана шундан иборат. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

РАҲБАРНИНГ ГУНОҲСИЗ БЎЛИШИ ШАРТ ҚИЛИНМАСЛИГИ ҲАҚИДА

Бизнинг наздимизда раҳбарликка сайланадиган киши гуноҳсиз бўлиши шарт қилинмайди. Балки бегуноҳлик пайғамбарлик шартидандир. Чунки пайғамбарлик хабарлар ва одатлар ҳамда табиий хусусиятлардан ташқаридаги мўъжизаларга боғланган. Шу орқали уларнинг ҳаққонийлиги билиниб, гуноҳсизлиги кўринади. Буларнинг бирортаси раҳбарларда бўлмайди. Агар гап гуноҳсизлик ҳақида бўлса, унда (раҳбарлик) далил-исботсиз шарт бўлиб қолади. Чунки қалбнинг соф бўлмаслиги ва ички дунёнинг саломат эмаслиги билан бегуноҳлик бўлмас. Гуноҳсизликка фақат ваҳий орқали эришилади. Раҳбарлик топширилиши учун раҳбарликка сайланган инсон билан бирга ваҳий ҳам йўқдир. Раҳбарликка тайинланиш билан инсон мансабдор шахс бўлади. Агар бегуноҳ раҳбарни тайинлаш лозим бўлса, унинг гуноҳсизлигига ҳеч қандай далил йўқ. Бу ишда тоқатдан ортиғини юклаш бўлиб қолади. Аллоҳ таоло бунга ўхшаган ишни (тоқатдан ортиғини) юклаш масъулиятини олиб ташлаган. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан гашқари нарсани таклиф этмайди” (Бақара сураси, 286-оят), “Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошка нарсага таклиф қилмас” (Талоқ сураси, 7-оят) ва бундан бошқа оятлар ҳам бор. Шунингдек, гуноҳсизликни шарт қилиш ақлга ҳам тўғри келмайди.

Яна айтамизки, Пайғамбар (алайҳиссалом) Ер юзидаги инсонларга номаълум нарсани олиб келдилар. У зот олиб келган нарса шариатдир. Пайғамбар орқали шариат зоҳир бўлади. Мана шу шариат пайғамбарлардан баъзан сўзлар, баъзан эса фаолият орқали кўринади. Агар гуноҳсиз бўлмаса, шариатни етказишида ёлғон гапирган ёки фаолият олиб боришида хато қилган бўлади. Одамлар уларнинг бир нарсага (бирон амалга) ижозат берган сўзларини қабул қилсалар, ҳақиқатда эса иш ҳаром бўлса, у ёлғончи бўлиб қолаверади. Шунингдек, мўъжизаю аломатлар орқали исботини топиб турган рисолага кўра, буйруққа биноан иш олиб борганини ўз кўзлари билан кўрсаларда, ижозат берганига ишонадилар. Ҳақиқатда эса булар дуруст эмас. Натижада одамлар мўъжизалардан кўра, буйруққа кўпроқ суяниб, (асли) ҳаром нарсанинг ижозатига ишонадилар ва адашиб кетадилар. Аллоҳ таоло ўрнатган мўъжиза пайғамбарга ҳужжат ва одамларнинг куфр ҳамда адашиш ўрнидир. Шу сабабли пайғамбарга беҳуда ишлар ва ҳолатларга олиб бормаслиги учун гуноҳсизлик лозимдир.

Аммо раҳбарлар эса Ер юзидаги одамларга ғойиб ишни олиб келмайдилар. Балки улар Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олиб келган Қуръон амрлари ва бошқа амалларни бажаришга буюрилганлар. Бу эса одамлар олдида очиқ-ойдин (турибди). Уламолар мана шу нарсаларнинг барчасини билишни асос қилдилар. Албатта, раҳбар халқ орасида мана шунга (Қуръон ва бошқа амаллар) амал қилиб, шу асосда ҳукм чиқаради. Мана шунга амал қилишда барча раҳбарлар бир хил. Амал қилишда тўғри йўл ҳам, нотўғриси ҳам кўриниб туради. Шу билан бирга, (бирида) тўғри қилса, бошқасида хатога йўл қўйиш мумкин. Шундай экан, гуноҳсизликни шарт қилишда ҳеч қандай маъно йўқ. Ботинийларнинг таржималарига раддия маъносида тасниф қилинган китобимизда раҳбарнинг бегуноҳ бўлиши ҳақидаги гап бекор эканини баён этганмиз. Китоб номи “Ифсад ли хадъи аҳлил илҳад” («Худосизларнинг найрангларини бекор қилиш») бўлиб, унда (истовчи)га етарлича маълумотлар бор. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

РАҲБАРЛИК МЕРОС ОРҚАЛИ СОБИТ БЎЛМАСЛИГИ ҲАҚИДА

Бизнинг наздимизда раҳбарлик мерос билан эмас, балки адолатли ва солиҳ инсонлар танлови билан собит бўлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг раҳбарлигини тўғри деган барча уламолар шу фикрга келган.

Аммо ровандийлар раҳбарлик Аббосга тегишли, дейишган. Улар Қосим ибн Рованд издошларидир. Уларнинг ўзаро ихтилофлари ҳам бор: баъзилари раҳбарлик мерос орқали собит бўлади, дея фикрлашади. Шу сабабли Аббос (розияллоҳу анҳу)ни раҳбарликка ҳақли дейишади. Баъзилари эса уни мерос сабабли эмас, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари орқали ҳақли, дейишади.

Рофизийлар фирқасидан бўлган жорудийлар, зайдийлар фирқасидан ҳам ҳисобланадилар. Улар пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳазрат Алининг халифалигини айнан исмини айтмасдан, сифатлар орқали ишора қилиб кетган, деб фикрлашади. Кейин эса ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнга мерос бўлиб қолди. Шунингдек, халифалик мерос орқали бу икки қариндошнинг иккаласига ҳам тегишли, аниқ биттаси учун эмас. Лекин улардан қайси бири қиличини яланғочлаб, Парвардигори йўлига инсонларни чақирса, у олим, солиҳ, раҳбардир, дейишади.

Имомия фирқасининг кўпчилиги раҳбарлик мерос қилиб олинади, деб ўйлайди.

Бу хато! Чунки раҳбарлик мерос орқали бўлганда эди, Аббос Алидан (розияллоҳу анҳумо) лойиқроқ бўлар эди. Зеро, мерос олишда амаки бошқа амакининг фарзандидан устунроқ. (Юқоридаги) беҳуда гап тўғри келиб қолмаслигидан шубҳаланиб, улар яна Али Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмалари орқали ҳам ҳақли, деб ўйлашади. Агар меросхўр меросга ҳақли бўл-са, бирон кўрсатма уни бекор қила олмайди. Шунингдек, меросҳўр мерос қолдирувчининг мана бу мерос бошқа одамга, деб кўрсатма бериши билан ҳам ундан маҳрум бўлиб қолмайди.

Агар халифалик мерос орқали бўлса, Ҳасан Ҳусайндан устунроқ бўлиб қолади. Шунингдек, халифалик Ҳасандан, гарчи Ҳасаннинг фарзандлари бўлса ҳам, Ҳусайнга ўтиши керак бўлади. Халифаликнинг кўрсатма орқали ҳам собит бўлиши ботил эканини кейинроқ баён этамиз. Шу билан бирга, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг халифалигига ҳамманинг бир фикрга келиши, меросхўрлик ёки кўрсатма орқали халифаликка ҳақли бўлиш бекор эканини кўрсатади. Аллоҳ тавфиқ берувчидир!

Абу Муин Насафийнинг

"Табсиратул адилла фи усулид дин" китобидан, 4-жилд