«Аллоҳ сизлар билан дин борасида уруш қилмаган ва сизларни диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севадир» (Мумтаҳана, 8)
Ҳаётнинг барча соҳаларида ва вазиятларда Ислом қоидаларига риоя қилган мамлакат мусулмонлари баъзан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда қийин муаммоларга дуч келишади. Масалан, уларнинг сиёсий ҳаётда, сайловларда иштирок этиши, муайян ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда бошқа дин вакиллари билан ҳамкорлик қилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги масаласи.
Баъзи ёшларнинг айтишича, мусулмонлар жамоат муаммоларини бошқа қарашдаги одамлар билан биргаликда ҳал қилишга умуман эътибор бермасликлари ва мамлакат сиёсий ҳаётида ҳеч қандай иштирок этмасликлари керак, чунки бу Ислом тамойилларига асосланмаган.
Бундай ҳолда, биринчи навбатда, Муҳаммад Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаёт йўлини батафсил ўрганишгина бизни тўғри хулосаларга олиб боришини унутмаслигимиз керак.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлигида Конституция бўлганми ва Ислом бу ҳақида нима дейди?
Тарих шуни кўрсатадики, биринчи Исломий давлат григориан тақвимига кўра 622 йилда Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан Мадина Конституцияси деб номланган ижтимоий шартнома хавфсизлиги асосида, яъни Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясидан бир минг уч юз йил олдин (1948) ташкил этилган.
622 йилда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва унинг саҳобалари Мадинага кўчиб ўтдилар. Бу йил Ҳижрат (кўчиш) йили деб аталади ва унинг ўзига хос хусусияти қуйидагича:
1. Хронология нуқтаи назаридан, бу (янги) Ислом тақвими бошланадиган йил.
2. Сиёсий нуқтаи назардан Мадина Конституцияси қонун сифатида қабул қилинди. Гарчи Мадина Конституцияси имзоланган пайтда Қуръони карим ҳали ҳам Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нозил қилинаётган эди.
Конституция (лат. constitutio - "қурилма") давлатнинг асосий қонунидир.
Бу давлат ёки Ҳамдўстликнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий тизимларининг асосларини, давлат ва шахснинг ҳуқуқий мақомининг асосларини, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайдиган давлат ёки давлат-ҳудудий Ҳамдўстликнинг давлатлараро бирлашмалардаги энг юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.
(Деярли барча араб ислом мамлакатларида ўз конститутциялари бор. Афғонситонда ҳокимиятни қўлга олган толиблар ҳам ўз контитуцияларини тайёрлаётгани ҳақида хабарлар бор).
Мадина Конституцияси қоидаларини диққат билан ўрганиб чиқиб, ўша пайтда маккаликлар (муҳожирлар) кўчиб келганидан кейин Мадинанинг асосий аҳолисини ташкил этган мусулмонлар (ансорлар), яҳудийлар ва араб мушриклари ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиб, шуни таъкидлаш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун Мадина жамиятининг хавфсизлиги ҳақида қайғурган.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Исломий Давлат - Мадина Конституцияси туфайли вужудга келди. Шундай қилиб, Мадина Конституцияси ижтимоий шартнома назарияси, айниқса Ғарбда кенг қабул қилинишидан юзлаб йиллар олдин ҳақиқий келишув орқали ҳақиқий одамларга реал вақтда, реал маконда ижтимоий шартнома таклиф қилди. Ижтимоий шартнома Мадинада яшовчи халқлар қабилалари раҳбарларининг Конституциявий Кенгаши томонидан имзоланган.
Мадина Конституциясининг бебаҳо ҳиссаси, шунингдек, плюралистик жамият учун стандартларни юзага келтирган.
Конституциянинг биринчи қисмида Макка мусулмонлари – муҳожирлар ва анчорийлар Ясриб (Мадина) мусулмонлари ягона жамият эканлиги таъкидланган. Мўминлар жамияти келиб чиқиши ва миллатидан қатъи назар, барча мусулмонларни тенг ҳуқуқ, адолат, ҳурмат ва қадр-қиммат билан таъминлайди. Шуниси эътиборга лойиқки, агар биз баъзи мусулмон давлатлари томонидан қўлланиладиган ва мусулмон муҳожирларни доимий равишда фуқаролик ҳуқуқидан четлаштирадиган замонавий фуқаролик тушунчасига қарасак, Мадина Конституцияси руҳига мос келмайди.
Конституциянинг иккинчи қисмига келсак, у яҳудий қабилаларига "мусулмонлар билан битта жамият" бўлишига имкон берадиган жамият кўламини кенгайтиради. "Жамиятнинг бундай кенгайтирилган концепцияси энг аҳамиятлидир, чунки Исломий Давлат энди фақат мусулмон сифатида қабул қилинмасди. Замонавий маънода Исломий Давлат диний плюралистик давлатга айланди. Ва Исломий давлатни бошқа дин халқларидан тозалашга бўлган ҳар қандай уринишлар Мадина Конституциясининг кўрсатмаларига мос келмайди. Шундай қилиб, Конституциядаги ҳар бир яҳудий қабиласи бир-бири билан, шунингдек, мўминлар яъни мусулмонлар жамияти билан бир хил даражада жойлаштирилган. Аслида, бу ҳар бир миллат ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга эканлигини англатарди.
Ислом динига қарама-қарши бўлса ҳам, эътиқод қилинадиган динга эътиқод қилишнинг ушбу меъёрий эркинлиги юқори даражадаги бағрикенгликни намойиш этади. Шундай қилиб, Мадина Конституцияси фақат дунёвийлик диний эркинликни ҳимоя қилиши мумкин деган назарияларни рад етади. Бир сўз билан айтганда, ишонч билан айтишимиз мумкинки, Мадина Конституцияси турли дин ва миллат вакиллари ўртасидаги келишувдир.
Маълумки, замонавий маънода давлат сиёсатига зид бўлган шартномалар қонуний кучга эга эмас. Халқаро ҳуқуқий тизимда мажбурий нормаларга зид бўлган шартномалар ҳам кучга эга эмас. Мадина Конституцияси ҳаддан ташқари чекловларни тан олган ҳолда, айни пайтда қонун устуворлиги тамойилига амал қилади. Масалан, унинг 47-моддасида Конституция «адолатсизлик ва гуноҳкорларни ҳимоя қилмайди». Яъни, Мадина Конституцияси нафақат "сиёсий ҳақиқат" ёки "мажбурий муросалар"ни акс эттирувчи келишув эди. Унинг қиймати унинг ахлоқий ҳақиқийлиги ва турли одамлар ўртасидаги ижтимоий шартнома эркин билдирилган розилик асосида тузилиши мумкин деган позицияда ётади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мусулмонлар учун дунёвий ишларда бошқа дин вакиллари билан ҳамкорликни ривожлантиришга нафақат рухсат берилишини, балки рағбатлантирилишини аниқлайдиган қоидаларни ўрнатди. Ва бу ҳамкорлик мусулмонларга фойда келтирадиган ва адолатни ўрнатишга ёки тақводорликка қарши туришга ёрдам берадиган даражада рағбатлантирилади.
Мусулмонларга ўзларининг яшаш мамлакатларида мавжуд бўлган қоидалар ва шартларга мувофиқ савдо-иқтисодий алоқалар, тинчлик музокаралари ва бошқа динларнинг издошлари билан шартномалар тузишга рухсат берилади.
Мадина Конституцияси қоидаларига мувофиқ Мадина аҳолиси адолат ўрнатиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тажовузни биргаликда қайтариш ва солиҳ ишларда ўзаро ёрдам беришда ҳамкорлик қилишлари керак эди.
Бир сўз билан айтганда, Ислом раҳм-шафқат, адолат ва яхшилик динидир. Шариатнинг асосий мақсадларидан бири ҳаётнинг барча соҳаларида ва барча даражаларда фойда олиш ва зарарни олдини олишдир. Қуръон бу ҳақида шундай дейди: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилман» (Моида, 2). Яхшиямки, замонавий суверен мамлакат ушбу постулатга аниқ амал қилади ва ўз фуқароларининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ташқи ва ички сиёсатини қуради. Ахир, бизнинг асосий Низомимиз қуйидаги сўзлар билан бошланиши бежиз эмас:
«...Давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига... Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда, ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз».
Абу Муслим (эркин таржима)