loader
Foto

Cиёсий фиқҳ (1)

Фиқҳ – қонун чиқарувчи олдида жавоб берадиган ижрочиларнинг ҳаракатларини тартибга соладиган шариат амалий меъёрларини билишдир. Бу фиқҳга бериладиган классик таъриф ҳисобланади. Фиқҳ бир неча қисмга бўлинади ва унинг бўлимлари диний маросимлар ва ибодат, оилавий муносабатлар ва хайр-эҳсон, савдо ва битимлар, қонунбузарликлар учун жазоларни ўз ичига олади. Сиёсий фиқҳ мавжуд эканлигининг ҳам ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Афсуски, сўнгги асрлар давомида фиқҳ Ислом дунёсидаги бошқа ҳар қандай фан каби турғунлик ҳолатига тушиб қолди. Бу соҳада нотўғри стереотиплар ва салбий тенденциялар шаклланишига кўплаб омиллар таъсир кўрсатди: ўта чуқур консерватизм, кўр-кўрона тақлид қилиш, янгиланиш ва ривожланиш учун ҳар қандай ташаббусдан қўрқиш ва ишончсизлик – бу муаммоларнинг барчаси сиёсий фиқҳ бўлимини ҳам четлаб ўтмади.

Шайх Юсуф Қаразовий бу аломатларга эга бўлган сиёсий фиқҳ мактаблари пайдо бўлишига олиб келган бир нечта салбий ҳодисаларни қайд этади. Масалан, қатағонлар фиқҳи, ёки, Қаразовий айтганидек, “синовлар фиқҳи” – қатағонлар, қонунсизлик ва золимона ҳукмронлик шароитларида шаклланган фикрлаш, тушуниш, таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш тарзи.

Исломий тикланиш ҳаракати ташқи душманлар томонидан ҳам, мусулмон давлатлар ичида ҳам шафқатсиз қувғинларга учради. Исломий ташкилотлар муҳитида фикрлашнинг негизи сифатида синовлар ғояси золимона ҳукмронлик (тирания) зарбалари остида вужудга келган. Бу айниқса, XX асрнинг 50-60 йилларида яққол ўз ифодасини топган. Ушбу фиқҳ – жонли, фаол, долзарб, эҳтиёткор, нисбатан шижоаткор ва таҳликалидир. У кўпинча бутун жамиятни диндан қайтиш, муртадлик ва сотқинликда айблашга олиб келади. Бу фиқҳ дунёга ошкора ва билвосита душман сифатида қарайди, кўпинча ўз тарғиботчиларини иҳоталаб қўяди, уларга бу “бузуқ” дунёга соф ақида ва соф ниятлар юксаклигидан назар ташлаш лозимлигини уқтиради.

Синовлар фиқҳи ғайришуурий интиқом ва ўзини хафа қилганларнинг тавбасини қабул қилмаслик даражасига олиб келади. Бундай фиқҳ маълум бир вазиятларда тарғиботчи ва ислоҳотчини ўтмиш оғриқларига маҳкам боғлаб қўйган ҳолда олға ҳаракатланишга халал беради. Синовлар фиқҳи кўплаб замонавий диний арбоблар ва муаллифларга жиддий таъсир кўрсатади. У ҳалигача у ёки бу тарзда тарғиботчи, устоз, олим ва Ислом йўлида курашчи образини шакллантиради. Ва албатта, сиёсий фиқҳ ҳам четда қолиб кетмайди.

Биз “Синовлар фиқҳи – янглишиш” деб айта олмаймиз. Объектив сабабларга кўра одам ўзининг атрофида кўрадиган нарсаларни идрок қилиши, фикрлаши ва нуқтаи-назар омиллари сифатида доимо юқори келади. Юсуф Қаразовий Ислом ҳаракатини бу фиқҳдан воз кечишга ундайди, чунки унинг вақти ўтиб кетмоқда. Бугунги кунда етакчилик қилиши лозим бўлган янги фиқҳ бу – “соғайиб кетиш ва кечириш фиқҳи”дир.

Сиёсий фиқҳнинг яна бир салбий кўриниши бу – сўзма-сўз қабул қилишдир (буквализм). Бу ерда фиқҳ юзага келган даврдан бошлаб мавжуд бўлиб келган зоҳирийлар мазҳабини эсга олиш ўринли бўлади. Зоҳирийларнинг ҳозирги издошлари худди ўша пайтлардагидек, муқаддас матнларни юзаки тушуниш, шариат меъёрларининг мақсад ва ҳикматларини писанд қилмаслик, шариатнинг одамлар манфаатларига муносабати билан ажралиб туради. Фиқҳ мактаблари тадқиқотчилари амалда шариат инсон ва жамият манфаатларига хизмат қилиши борасида якдил фикр билдирадилар. Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ ёзади: “Ҳар қандай қарор фойдадан зарарга, адолатдан мустабидликка, раҳмдилликдан шафқатсизликка олиб борар экан у шариат бўла олмайди, ҳатто муқаддас матнларга сўзма-сўз эргашилса ҳам. Шариат бўла олмайди, ҳатто кимдир хато таъвили учун шундай деб ҳисобласа ҳам”.

Агар гап алоҳида маросимлар ёки шахсий масалалар ҳақида борганида сўзма-сўз олиш, фикрлаш тарзи сифатида қабул қилиниши мумкин бўлса ҳам, жамоатчилик ишларида ёки шариат сиёсатида бу асло қабул қилинмайди. Сиёсий фиқҳда максимализм ёки идеализмга йўл қўйиш мумкин эмас: у намоз ўқиш қоидалари билан шуғулланмайди, балки мустабид ҳукмронлик, уруш, истило ва сиёсий “илиқлик” даврларида тақводорлар ва гуноҳкорлар, мўминлар ва ғайридинлар ўртасидаги муносабатлар реал шарт-шароитларини кўриб чиқади.

Сиёсий фиқҳ турли сиёсий кучлар, давлатлар ва тамаддунлар ўртасидаги муносабатлар билан шуғулланади. Бу ерда иккита ёвузлик таққосланади ва уларнинг орасида кичикроғи танланади, илгари қабул қилинган қарорлар замон ва маконнинг ўзгариши сабабли ўзгартирилади.

Инқилобий фиқҳ, ёки “хаворижлар фиқҳи” – илк хаворижлар анъаналарида кузатиладиган исён ва инқилоблар фикрлаш тарзидир. Улар халифалар ҳукуматига қарши қўлда қурол билан курашишдан бошқа нарсани билмаган. Бу фиқҳ издошлари, қоидага кўра, жасур ва самимий бўлгани ҳолда, дунёқараши чекланганлиги, нафақат дин, балки кундалик турмуш масаласида ҳам нодонлиги билан ажралиб туради. Улар ҳатто имкони бўлган ҳолларда ҳам мухолифлар билан муросага тайёр бўлмайди, сўзнинг том маъносида бошқача фикрлашга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлади.

Хаворижлар фиқҳининг асоси – инкор қилиш ва шубҳаланиш (бошқаларнинг сўз ва амалларини салбий шарҳлаш), ҳаттоки исломий гуруҳларга нисбатан ҳам шундай. Бу фиқҳ кўп жиҳатдан хом хаёлларга берилиш ва ҳаддан ташқари ўзига ишониб юборишга асосланади, чуқур билимлар ва зарур ақлий қобилиятлар йўқлиги билан боғлиқ – бу жуда хавфли ва ҳалокатга олиб келадиган ҳолатдир.

Ўтмишда қолдириш лозим бўлган навбатдаги фиқҳ тури бу тақлид қилиш фиқҳидир. Ушбу ғоя тарафдорлари ҳар қандай масала, муаммо ёки қийин ҳолатнинг ечимини авваллари яшаб ўтган уламо ва олимларнинг асарларига таянган ҳолда топишга ҳаракат қилади. Улар бу китобларнинг бошқа шароитларда ва бошқа даврда ёзилгани, агарда бундай фиқҳ ўзгаришларга кам учрайдиган айрим диний қоидалар ёки маросимлар масалаларига нисбатан қисман қўлланиши мумкин бўлса, уларни мутлақ ҳамма нарсада қўллаш зарарли бўлишини тушунмайдилар. Ушбу фиқҳ издошлари ўз мазҳаблари доирасидан ёки ҳатто асрлар муқаддам яшаб ўтган уламоларининг фикрлари доирасидан четга чиқмайди ва шариат анча кенгроқ эканлиги, ҳуқуқий мактаблар, фикрлар ва ёндашувлар жуда кўплиги, гап энг тўғри ва далиллар билан асосланган жавоб топиш ҳақида борганда уларнинг ҳаммаси тенг ҳуқуқли эканлигини эсидан чиқариб қўяди.

Замонавий Ислом тикланиши токи бу салбий ҳодисалар ва уларнинг таъсирини бартараф қилмас экан, етук ва ривожланган сиёсий фиқҳга эга бўлолмайди. Сиёсий фиқҳ етукликка бир нечта фан: устуворликлар фиқҳи, шариат мақсадларига мувофиқлиги (мақасид) фиқҳи, пухта ўйланганлик фиқҳи, коинот қонунлари фиқҳи ва мунозарали масалалар фиқҳига асосланган ҳолдагина эриша олади.

Биз уларнинг далил-исботлари ўзларидан ҳам ғалати бўлган ғалати фикр ва тушунчалари ҳақида ўқиган ва эшитган пайтимизда уларни тузатиш устида ишлашимиз керак. Хатоларга айнан сиёсий фиқҳ дуч келишининг асосий сабабларидан бири шундаки, у масалан, маросимлар фиқҳи, ўзаро муносабатлар фиқҳи ёки оила ҳуқуқи каби чуқур ўрганилмаган ва ва етарли даражада ривож топмаган.

Ҳозирги кунда кенгаш (шўро) қарорлари ҳукумат учун мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга, ёки масалан, давлат раҳбари ўз халқининг сайланган вакиллари билан муҳокама қилмасдан туриб уруш эълон қилиши ёки сулҳ тузиши мумкин деб ҳисоблайдиганлар фикрига эргашиш жуда зарарли ва ғалатидир. Тажрибалар шуни кўрсатадики, бу масалалар мустабид ҳукмронлик, диктатура ва қонунсизликнинг олдини олиш мақсадида узил-кесил ёпилиши лозим.

Демократик воситалар ва механизмлардан фойдаланиш диндан чекиниш билан тенг ёки диндан қайтиш ва муртадлик сари йўл ҳисобланади деган фикрларни эшитиш бундан ҳам ғалати. Ислом бу нарсалар ҳаттоки ғайридинлар томонидан ихтиро қилинган бўлсада, мусулмонлар учун фойдали бўлган ҳар нарсадан фойдаланишга даъват этади, бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва илк рошид халифалар амалиётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Демократияни Аллоҳнинг қонунлари эмас, одамлар ўйлаб топган қонунларга риоя қилиш деб ибтидоий талқин қилиш – низода иштирок этган томонларнинг икки вакилини суд қилишга рози бўлган халифа Али ва барча саҳобаларни муртадликда айблаган хаворижлар йўл қўйган хатога тенгдир.

Бошқаларнинг таъкидлашича, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли аёл киши сиёсатда иштирок этиши мумкин эмас, у ҳаттоки маҳаллий ҳокимият органларига ҳам номзод бўла олмайди – бундай фикрлар шонли умматимизнинг ярмини  ҳайратда қолдиради. Улар умматнинг битта ўпка билан нафас олиши, битта қанот билан парвоз қилишини истайдилар. Афсуски, нуфузли мусулмон уламоларининг учрашувлари Афғонистон уламолари позицияларида жиддий ўзгаришларга олиб кела олмади – бу самимий ва Худодан қўрқувчи қаҳрамонлар Исломни ҳимоя қилган ҳолда кўп йиллар давомида ташқи агрессорларга қарши тенг бўлмаган кучлар билан кураш олиб борган, лекин Исломга алоқаси бўлмаган айрим масалаларда нотўғри позиция эгаллаган, масалан, аёлларнинг таълим олишини тақиқлайди.

Яна бир бемаъни фикр мавжуд – кўп партияли тизим бўлиши мумкинлигининг ўзини тақиқлаш. Бундан ташқари, парламентда иштирок этиш якка худоликка (тавҳидга) зид келармиш. Бунга ишончи комил бўлганлар эътиқод доктринаси ва амалий ишлар ўртасида фарқ кўрмаяпти: биринчи ҳолатда фикрларни эътиқод ва худосизлик соҳасида кўрадилар, иккинчи ҳолатда эса тўғри қарор ва хато ҳақида гапирилади. Сиёсий фиқҳда ижтиҳод хатоси мусулмонларга битта мукофот келтиради, лекин асло уни Исломдан чиқармайди.

Бундай хатоликка бир пайтлар илк хаворижлар, халифа Али розияллоҳу анҳуни куфрда айблаганда  ҳам йўл қўйганлар. Унинг низони ҳал қилиш учун ўз тарафдорлари ва Муавия розияллоҳу анҳу тарафдорларини ҳакамларга топшириш ҳақидаги қарори сиёсий фиқҳда ижтиҳод бўлган, лекин асло ақида доктринаси масаласи бўлмаган. Шунда хаворижлар айтдики: “У Аллоҳнинг ҳукми ўрнига одамлар ҳукмига мурожаат қилди”. Али розияллоҳу анҳу бунга машҳур сўзлар билан жавоб қайтарди: “Бу ҳақ сўз, аммо у билан ботил ирода қилинган”.

Бошқарув муддатини чеклашга доир бир мисол кўриб чиқамиз. Билимлар заифлиги ва етарли даражада тушунмаслик, қонуннинг мақсадини англамаслик, восита мақсадга тенг эмаслигини тушунмаслик, фиқҳ асослари ва исботлаш усулларини яхши билмаслик, талқин қилиш ва далиллар билан асослашда мантиқий хатолар – эҳтимол, мусулмонлар ва ислом ҳаракатининг асосий муаммолари саналади. Қуръоннинг аниқ бўлмаган, тушуниш қийин оятлари аниқ оятлар ўрнига афзал кўрилади, Қуръонни эътиборга олмаган ҳолда ҳадисларга илова қилинади, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари қолиб, саҳобаларнинг сўзлари келтирилади ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилмаган, деб айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қилиш мумкин эмас, деб қаерда айтилган? Тарихий ўрнак бўладиган воқеалар Суннат билан тенг қўйилади, мазҳаблардан бирининг фикри олинади ва бошқаси эътиборсиз қолдирилади... Бугунги кунда кўплаб мусулмонлар гуруҳлари амал қиладиган қўпол хатоларнинг сон-саноғи йўқ.

Шайх Юсуф  Қаразовий ёзади: “Мен бир биродардан «Нима учун давлат раҳбарининг хизмат муддатини чеклаш тақиқланган деб ўйласиз? Агар мусулмонлар бунда фойда бор деб ўйласа-чи?” – деб сўрадим. У менга: “Бу нарса биринчи халифа Абу Бакр давридан бери амал қилиб келинаётган мусулмонлар қоидасига зиддир” – деб жавоб берди. Яъни, у ўшандан бери халифа маълум муддатга сайланмаган, яъни барча раҳбарлар умрининг охиригача давлат раҳбари бўлиб қолаверган экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бизга рошид халифалар суннатига эргашишни буюриб, бидъатлардан қайтарганлар, демоқчи.

Мен унга шундай дедим: “Бизни рошид халифаларнинг суннатига эргашишга чақиришдан олдин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг суннатларига эргашишни буюрганлар. Бу суннат Исломда Аллоҳнинг Китобидан кейинги иккинчи энг муҳим манбадир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари эса у зотнинг сўзлари, ишлари ва тақрирларидир. У зотнинг амаллари ўз-ўзича вожиб бўлиб қолмайди. Худди шунингдек, бир амалнинг қилинмагани ҳам унинг тақиқланганини билдирмайди. Набий алайҳиссаломнинг амаллари фақат жоизлик, мубоҳликни билдиради, холос. Фақат қўшимча далилгина бу амални қилиш вожиблигини тасдиқлаши мумкин. Шунинг учун рошид халифалар мусулмонлар учун манфаатли иш бўлса, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига хилоф қилганларига мисолларни жуда кўп топишимиз мумкин. Улар бирор муайян суннатга хилоф қилган бўлишлари мумкин, лекин шариат қонунларининг умумий мақсадига – мусулмонларнинг умумий манфаатига қатъий риоя қилишган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар ўлжасини қандай тақсимлаганини ёдга олайлик. Кейинроқ халифа Умар розияллоҳу анҳунинг ҳисоблашича, Ироқда қўлга киртилган ўлжани ҳарбийларга эмас, келажак авлод ҳақида қайғурган ҳолда тарқатиш фойда бўларди. Айрим саҳобалар у билан баҳслашган ва ҳатто бу фикр “Анфол” сурасидаги оятга зид келишини айтдилар:

“Билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Расулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир...” (“Қуръон”, 8:41).

Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ келгуси авлодлар ҳақида қайғуриб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва ғамхўрлик қилиш лозимлигини кўрсатган оятни келтирадилар:

 “Улардан кейин келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дерлар”. (“Қуръон”, 59:10).

Буюк олим Ибн Қудоманинг ёзишича: “...Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз даврига фойда берадига нарсаларни қилди. Умар розияллоҳу анҳу эса, ўз даврига фойда берадиган нарсаларни...”

 Биз шуни тушунишимиз керакки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган иш – шариат белгилаган мақсадга эришиш воситаси, холос. Мусулмонлар янги давр вазиятлари билан белгиланадиган энг яхши воситалардан фойдаланиб бу мақсадларга эришиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, ўтган асрлар амалиёти вазиятнинг ўзгариши сабабли келгуси авлодлар учун мажбурий бўлиши мумкин эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисоли шариатнинг умумий тамойиллари ва мақсадлари доирасида замонамиз учун кўпроқ мос келадиган маблағлар, механизмлар, тизимлар, меъёрлардан фойдаланишдан иборат. Ҳа, у шариатнинг барча меъёрларини қамраб олмайди, фақат восита ҳисобланган меъёрларни қамраб олади, холос (ритуал амалиётни эмас).

Сейран Ориф

Абу Муслим таржимаси

давоми бор... (инша Аллоҳ)