loader
Foto

Сен туфайли нусрат кечикмоқда

Титраётган лабларимни қаттиқ қимтиб олар эканман, биронта хурсанд қилувчи хабар ҳам чиқиб қолар, деган умид билан суяниб ўтирган жойимдан қаддимни ростлаб олдим-да, телевизорга қадалиб ўтирдим. Кўзларим бамисоли экранга михланиб қолгандек эди. Бироқ, қайғули манзараларнинг кети узилмасди. Бир томонда бомба вайрон қилган уйининг харобалари узра юриб, нобуд бўлган дилбандининг жасадини ахтараётган мазлума, макруба онаизорнинг кўкка ўрлаётган фарёди, иккинчи томонда ҳижоб ўрагани учун олийгоҳдан қувилган муслима қизлар ҳақидаги лавҳалар, учинчи томонда эса Оврўпонинг кўз илғамас бир давлатидаги бир-иккита олчоқ ножинсларнинг шол бўлгур қўллари чизган: икки жаҳон сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни мазах этувчи машъум расмлар можароси... ва ҳоказолар дилимни сиёҳ этди. Ҳафсалам пир бўлиб, телевизорни ўчирар эканман, ўйга толдим. Қачон бу умматга нусрат келаркин?.. Қачон мусулмонлар бой берилган иззатни қайтариб оларкинлар?.. Қачон, дуч келган итга таланишдан халос бўларкинмиз?..

Ушбу адоқсиз хаёллар оғушида мустағриқ бўлиб ўтирар эканман, баногоҳ нафсим менга сўз қотди:

 - Эй, сен!.. – деди у аллақандай ғазаб ифодасига чўмилган хитоб билан - аслида сен туфайли бу умматдан нусрат кечикаяпти(!), шунинг фарқидамисан?.. Яна ҳам тўғрироғи, биз ичида бўлганимиз ҳамма балоларнинг асосий сабабчиси сенсан!

 - Эй, нафсим, - дедим қўрқув аралаш ҳаяжон ва ҳайрат билан унга ўгирилиб - бу қанақаси бўлди?.. Ахир, мен ожизу нотавон бир бандаи бечора бўлсам, на давлатим, на савлатим бўлмаса, буйруқ берай десам хеч ким менга итоат қилмаса, насиҳат қилай десам хеч ким қулоқ солмаса, қўлимда қуввату сўзимда ҳайбат бўлмаса... Мен... мен... – сўзларим оғзимда қолиб кетди…

 - Бунга сабаб сенинг гуноҳларинг, маъсиятларинг, билдинг... - сўзларимни шартта  кесди у – кечаю кундуз Раббингнинг Ўз ерида улар-ла Раббингга қарши муборазага чиқаётган исёнларинг, фарзлардан юз ўгиришинг, харом ишларга бўлган ҳирсинг!..

 - Лекин, мен нима қилибманки, нусратнинг кечикишида мени айбласанг?..

- Эй, Аллоҳнинг қули, - овозини бир парда кўтарди у - Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, агар ҳозир қилаётган ҳамма ишларингни бирма-бир санайдиган бўлсам жуда узоқ вақт сарф бўлади. Хўш, қани айтчи менга, сен бомдод намозини жамоат билан ўқийдиганларданмисан?..

- ... Ҳа-а… - дедим, қоронғулик қаърида ғойиб бўлаётган учқун мисоли нафасларим тобора ичимга тушиб, - аҳён аҳёнда... лекин кўпинча бомдодга туролмайман ҳам...

- Ана кўрдингми? – деди у сўзимни бўларкан, - мана шунинг ўзи бориб турган зиддият эмасми?! Қандай қилиб душманингга қарши жиҳод қилишга қодирлигингни иддао қиласан, қачонки, жон ҳам мол ҳам талаб қилмайдиган, бор-йўғи саноқли дақиқалардан нарига ўтмайдиган - икки ракъатлик фарз намозида, нафсингга қарши жиҳоднинг биринчи жабҳасидаёқ енгилиб ўтирсанг?! Қанақасига жиҳодни талаб қиласан, ваҳоланки, фарз намозларини ўлда-жўлда адо қилсанг, ротиба[1] суннатларни зое қилсанг, Қуръондан кундалик вирдингни[2] ўқимасанг, тонг ва оқшом зикрларини унутсанг, кўзингни номаҳрамлардан олиб қочмасанг, ота-онангга хушмуомала бўлмасанг ва қавм-қариндошлик ришталарини боғламасанг?..

Унга жавоб қайтармоқчи бўлиб, энди оғзимни жуфтлаётган ҳам эдимки, у яна  сўзимни бўлиб, маломат тошларини устимга ёғдиришда давом этди:

 - Қандай қилиб сен Аллоҳнинг шариатини - ҳали ўзингда ва оилангда татбиқ қилмасдан туриб - юртингда ҳоким қилмоқчи бўляпсан?! Ахир сен аҳли оиланг борасида Аллоҳдан қўрқмадинг-ку, уларни ҳидоятга чорламадинг-ку, болаларингни ҳалол ризқ билан боқишга ҳарис бўлмадинг-ку! Ва Аллоҳнинг: "Мол дунёни эса қаттиқ севишлик билан севасиз![3]" оятида тилга олинган кимсалар жумласидан бўлдинг-ку! Бас, ёлғон сўзладинг, хиёнат қилдинг, ваъдангга бевафо бўлдинг ва оқибат жазога мустаҳиқ бўлдинг...

- Тўғрику-я, - дея садо бердим ниҳоят, ўзимни оқлаш учун хаёлимга келиб қолган мана бу фикрдан юзларим ёришиб кетиб, - лекин, бу нарсаларнинг нусрат кечикишига нима алоқаси бор? Қандай қилиб, миллиарддан битта одам туфайли бутунбошли умматга нусрат кечикиши мумкин?..

- О-о-оҳҳҳ, - дея чуқур хўрсиниб юборди нафсим шу ерда. Бу хўрсиниш замирида минг йиллик дард ва алам яширингандек эди гўё, – ҳамма бало шундаки, - сўзлашда давом этти нафсим, - бу дунёйи дун сендан юз миллионлаб нусха кўчирган. Аллоҳ раҳм қилган оз сонли кишилардан бўлак ҳаммалари тоатга бепарволигу маъсиятдан қўрқмасликда сенинг йўлингдан юриб, сенинг изингни босаяптилар. Яна ҳаммалари нусратни ҳоҳлашликлари билан зиммаларидаги масъулиятни соқит қилмоқчи бўладилар гўё ва умматда улардан афзалроқ одамлар ҳам борлиги билан ўзларини овутадилар. Лекин, аччиқ ҳақиқат шуки, Аллоҳ тавфиқ берган айрим кишилардан бўлак ҳеч истисносиз бу соҳада ҳамма бир хилдир...

Эй Аллоҳнинг қули, билмадингми, саҳобалар бирор жангда нусрат келиши ҳаяллаб қолса, қўшин ичида гуноҳкор одам бор деб билардилар. Нусратнинг кечикишини шундан деб билардилар. Энди, ўзинг ўйлаб кўр: Каттасидан тортиб кичигигача, ҳақиридан азимигача, камбағалидан тортиб бойигача гуноҳлар ботқоғига ғарқ бўлган уммат ҳақида не ўйдасан?! Шулар сабаб, машриқу мағрибдаги мусулмонларнинг бошига тушаётган кўргуликларни кўрмаяпсанми?..

Аста-секин кўзларимда ёш ҳалқаланиб, ёноғим узра оқиб туша бошлади. Ахир, бирор дафъа бўлсин - Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган, Ислом ва унинг аҳлини севадиган - мендек одам мусулмонлар мағлубиятининг сабабларидан бири бўлишим мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Ер юзи бўйлаб дарё-дарё оқаётган мусулмонларнинг бегуноҳ қонларида менинг ҳам ҳиссам бўлиши мумкинлиги хаёлимнинг кўчасига ҳам келмаган эди.

Маломатни ҳоким ёки амирга ёғдириш, барча айбни жавобгар шахс ёхуд вазирга ағдаришдан осони йўқ эди мен учун. Бироқ, мен ҳеч қачон ўзим ҳақимда, ўзимнинг айбим ва хатоим ҳақида ўйламаган эканман. Аллоҳ таолонинг: "Албатта Аллоҳ, бирор қавм то ўзларидаги нарсани ўзгартирмас эканлар, улардаги нарсани ўзгартирмас"[4] , - деган сўзини тадаббур қилмаган эканман.

Нафсимга дедим:

- Менга маломатчи нафс ато этган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! – Дарвоқе, Аллоҳ жалла ва ало Қуръонда маломатчи нафс билан қасамёд қилади – Менга нимани насиҳат қиласан эй нафсим?..

- Ҳамма ишни аввал ўзингдан бошла, - дея насиҳатини бошлади нафсим. Фарзларни бажаришда сабот ва матонат кўрсат. Беш вақт намозингни қунт билан ўз вақтларида адо қилишга одатлан. Молингнинг закотини ўта. Ота-онанг билан чиройли муносабатда умргузаронлик қил, уларни ранжитишдан ҳазир бўл. Суннат ва мустаҳаб амалларни бажаришлик билан Раббингга маҳбуб бўлишга интил. Унинг-ла Аллоҳга қурбат ҳосил қилишинг мумкин бўлган биронта фурсатни - гарчи у кичик бир амал бўлса ҳам – қўлдан чиқарма. Шуни унутмагинки, биродарингнинг юзига табассум-ла боқишинг ҳам садақадир[5]... Ҳеч қачон бирон маъруф ишга чақира туриб, ўзинг ўша ишнинг тескарисини қилмагин. Уйингда ва амалларингда Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилишда жонли намуна бўлганингдан кейингина шариатни татбиқ қилишни талаб қил. Ўз нафсингга қарши жиҳодда муваффақиятсизликка юз тутган ҳолда жиҳод туғини кўтаришни мутолаба қилма... Масъулиятдан қочиш мақсадида айб ва маломатни бошқаларга ағдарма. Балки аввал ўзингни ислоҳ қилгин, ана ўшанда бошқаларнинг ҳам аҳволи ўнгланади иншоАллоҳ. Қаерга борсанг ҳам ўз тақвоинг билан бошқаларга ўрнак бўл... Агар вақтингни одамларнинг хатою камчиликларини таҳлил қилиш билан ўтказаётган бўлсанг, Худо хайрингни берсин тўхта (!), зеро, танқидчилар шундоқ ҳам кўп бу дунёда. Балки, ўзингни ислоҳ қилишдан бошлагин ҳамма нарсани... Ана ундан сўнг, Аллоҳдан сидқ ва ихлос билан ўзингга ва сен билан бирга бўлганларга ва сенинг йўлингдан юрганларга нусрат беришини сўрагин. Ана шунда: "Эй, иймон келтирган зотлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (дини Ислом равнақи учун ҳаракат қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам беражак ва қадамларингизни (Исломда) собит қилажак!", -  ояти каримасида зикр этилиб, нусрат муждаси берилган зотлар сирасига дохил бўласан...

Ва ниҳоят унутма, қўл ураётганинг ҳар бир маъсият, бепарво бўлаётганинг ҳар бир тоат – бегуноҳ мусулмонлар қони маҳкамасида ҳозир бўлган ҳар бир мазлумга қарши ашёвий далил бўлиб хизмат қилади!..

Ўтган хатоларимга Аллоҳимдан мағфират тилаган ҳолда бошимни кўтардим. Юзларим устида қотиб қолган кўз ёшларимни артдим. Ва Раббимга юзландим:

- Эй, Аллоҳим, бу қулингнинг тавбасидир... Сенга қайтдим... Сенга тавба қилдим Парвардигорим...

Шундай қилиб, ҳаётимнинг янги саҳифасини очдим. Бу покиза саҳифани  сукунатли тун оғушида ўқилган, хушуъ ва хузуъга бой икки ракъатлик гўзал ибодат-ла безадим...

Раббимдан менга инъом этган басират неъматини доимий қилишини тиладим...

-----------------------



[1] Ротиба ёки равотиб суннатлар – беш вақт намознинг суннатлари. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу суннатларни мунтазам равишда адо этганлар. Шу боис ҳам бу суннатлар - равотиб яъни белгиланган, муқаррар суннатлар деб аталади.

[2] Вирд: кундалик ўқиладиган оят ва зикрлар

[3] Вал-Фажр: 20

[4] Раъд: 11

[5] Яъни савобдир дейилмоқчи, зеро садақа - савобли, ажрли иш маъносида ҳам келади