loader
Foto

Nusr-Et: қуйидан юқорига

Нусрат Туркиянинг Эрзурум шаҳрида кўп болали кончи оиласида туғилган. Моддий қийинчиликлар туфайли, 6-синф ўқувчиси бўлган пайтларида, бола мактабни ташлашга ва оиласига ёрдам бериш учун ишлашга мажбур бўлди. Кўкча маҳаллий гўшт дўконида қассоб ёрдамчиси бўлиб ишга кирди, дам олишсиз кунига 18-20 соатлаб ишларди ва бор пулини чақасигача отасига келтириб берарди. 2007 йил уларнинг ёнида ресторан-гўшт дўкони (стейк-хаус) очилиши Нусратнинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Бу ёш ошпазни илҳомлантирган умуман янгича концепт эди.

Дўкон билан ҳисоб-китоб қилиб олгач, жамғариб қўйган озгина маблағини олган Кўкча, чет тилларини билмаган ҳолда, ўша пайтдаёқ юқори даражада бўлган таом тайёрлаш сифатини такомиллаштириш учун чет элга йўл олади. У дастлаб Аргентинага ташриф буюради. Дастлабки паллаларда бир таниши унга таржимонликда ёрдам бериб туради, қолган нарсаларни эса Нусрат амалиётда ўрганади: турли ресторанлар, гўшт дўконлари, фермаларга ташриф буюради. Уч ойлик саёҳатлардан сўнг турк йигити уйига қайтади ва олган янги кўникмаларини ошхонада қўллай бошлайди: таомлар структураси ва таъми таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади. Кўкча муомалага киритган янгича рецептларни Туркиянинг бошқа ошпазлари ўзлаштириб ола бошлади. У ҳақида маҳаллий ОАВ гапира бошлади.

Нусрат Америкага боришни орзу қиларди, лекин унга тўрт марта виза бериш рад этилади - Кўкча етарли миқдорда пул маблағига эга эмасди ва ҳеч қандай мулки ҳам йўқ эди. Бироқ Нусрат умидсизликка тушмади ва ўз мақсадига эришди: консулхонага у ҳақида мақолалар ёзилган газета ва журналларни олиб келди. Ва бу иш берди – турк йигитига 3 ойга америка визаси берилди.

Нафсонияти кучли ошпаз Нью-Йоркнинг тўртта энг яхши ресторанида яширин равишда ва бепул ишлайди. Боз устига, унинг муаллифлик таомномаси мегаполиснинг энг оммавий газеталаридан бирида чоп этилади. Ватанига қайтгач, Кўкча эски қадрдони билан бирга ўзининг стейк-хаусини очади. Дўсти моддий базани тайёрлайди, Нусрат эса қолган ишлар билан шуғулланади. Барча харажатлар ярим йилда қопланади. Айтмоқчи, номни ҳам ошпазнинг ўзи ўйлаб топди: бир варақ қоғозга ўз исмини ёзди ва «еt» ни (турк тилида «гўшт» дегани) чизиқча билан ажратиб қўйди. Бундан эса «Nusr-Еt» номи келиб чиқди.

Муассаса тезда оммалаша бошлади. Фирма стейклари айрим ишқибозлари  уни айнан «Nusr-Еt»да татиб кўриш учун Истанбулга учиб келарди. Ватанида муваффақиятга эришгач, бир йил давомида Нусратнинг машҳур гўштли таомлари Дубай, Абу-Даби, Доха, Майами ва Нью-Йоркда пайдо бўлди. Машҳур ошпаз бутун дунё бўйлаб ўз муассасаларини очишни режалаштирган.

Хорижий ОАВ Кўкчани унинг стейкларга туз сепиш борасида ўзига хос услуби туфайли «шўртак гўзалл йигитча» деб аташади. Айнан шу, шунингдек, гўшт билан моҳирона муомала қилиш Нусратни бутун дунёга машҳур қилди. 2017 йил моҳир ошпаз ўзининг фирма услубида стейк тайёрлаётгани ҳақида официантлар суратга олган видео интернетга тушиб қолди. Тармоқ фойдаланувчилари қойил қолдилар: Кўкча дарҳол интернет-мемлар қаҳрамонига айланди. Ҳатто машҳур кишилар ҳам четда қолмади – фақат ялқов кишигина Нусратнинг фирма услубидан нусха кўчиришга уриниб кўрмади.

Ҳозир Нусрат Кўкча 34 ёшда. У бутун дунёга машҳур, Instagram да 11 миллион обуначиси бор, Туркия ва унинг ҳудудидан ташқарида стейк-хауслар тармоғига эга. Шунингдек, у намунали ота ҳам – Нусратнинг тўққизта фарзанди бор. Пазандалик маҳоратидан ташқари, у соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, ижтимоий тармоқларда ўзининг идеал жисмоний ҳолатда эканлигини намойиш этиб, машғулотлардан видео жойлади ва ошпазлар албатта бақалоқ бўлади деган нотўғри фикрни йўққа чиқаради.

Абу Муслим таржимаси