Кейинчалик, хусусан, бизнинг асримизда Ислом душманлари унга илм номидан ҳужум бошладилар ва таъна тошларини отдилар. Улар томонидан Ислом дини илм душмани деб аталди, исломий ибодатлар илмий асосга эга эмаслиги, инсонлар учун зарарли экани кенг баён этилди. Жумладан, рўза соғлиқнинг кушандаси, инсон шахсиятини тамомила бузиб ташлайдиган омил сифатида васф этилди. Лекин охир-оқибатда рўза кони фойда экани, усиз соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб касалликларнинг давоси экани исбот қилинди. Энг қизиғи шуки, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан қилинди ва қилинмоқда. Мазкур илмий тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан 15 аср илгари рўза тутишнинг фарз қилиниши илмий мўъжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг «Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшиликдир» деган ояти ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Рўза тутинглар, саломат бўласизлар» деган ҳадислари мўъжизаси исбот бўлмоқда.
Келинг, тиб олимлари рўза борасида эришган баъзи бир натижалар билан қисман танишиб чиқайлик. Тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди.
Баъзи мисоллар келтирамиз:
1. Рўза инсондаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайраларнинг ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Чунки одатда семизлик овқатни ҳазм қилишдаги нуқсон, атроф-муҳитдаги, нафсоний ва ижтимоий таъсирлар натижасида келиб чиқади.
Гоҳида руҳий изтироб ҳам овқатнинг инсон жисмига нотўғри таъсир қилишига олиб бориши мумкин. Ана ўша омиллардан рўза тутиш орқали сақланиш мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам иймоний муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловат қилиб вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.
3. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор пешоби таркибида пешоб йўлларида тўпланиб қолган тузларни йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.
4. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган турли заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб заҳарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.
5. Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу эса айниқса ёшлар учун жуда ҳам фойдали бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Ушбу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган.
Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда:
1. Семизликдан келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи юрак хасталикларини даволашда.
2. Қон айланишига оид касалликларни даволашда.
3. Бўғинларнинг сурункали шишини даволашда ва ҳоказо.
“Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан