Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан ва уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар», дейилган.
Шарҳ: Имом Шофеъий қабрни лой билан суваб қўйишга рухсат берганлар, холос.
Бошқа ҳар қандай нарсани қабр устига қилиш мумкин эмас. Албатта, олдин ўтган белги учун тош қўйиш бундан мустасно.
Қабрлар инсон хотирасидаги ҳассос нарсалардан бўлгани учун ва ўтган умматларнинг залолатга кетиши сабабларидан бири айнан қабрлар бўлгани сабабли Исломда бу масалага алоҳида эътибор билан қаралган. Биз ўрганаётган ҳадиси шарифларда мазкур эътибор қисман ўз аксини топган.
Ушбу ҳадисда қабрларга нисбатан наҳий қилинган ишлар санаб ўтилмоқда:
1. «Қабрни бўр билан суваш».
Бўрсувоқ лойсувоқдан бироз зийнатли чиқиши, оқ бўлиши маълум. Шунинг эътиборидан қабр¬га нисбатан бу иш ман қилинган. Чунки бу ишда тириклар учун керак молни зое қилиш бор. Исломда эса, ҳар қандай молни зое қилиш ҳаромдир. Бир оз ақл юритилса, бўрсувоқ ман бўлгандан кейин ундан кўра кўп маблағ кетадиган нарсаларни қабр устига қилиш умуман мумкин бўлмайди. Бинобарин, турли бошқача сувоқлар қилиш, тошлар ётқизиш, занжир, панжара тортиш ва ҳокозолар мутлақо мумкин бўлмайди.
Иккинчидан, қабрнинг устига олтин суви юритилганда ҳам қабрнинг ичидаги ўликка ёки у ишни қилган тирикка, ёки бошқа бирор жонзотга ҳеч бир фойда бўлмайди. Бефойда ишни қилиш эса, мусулмон инсон учун ҳаром.
Учинчидан, қабр оддий, табиий ҳолида турса ёққан қор-ёмғирдан, ўсган ўт-ўланлардан қабр ичидаги маййитга фойда тегади. Қабр устини турли нарсалар билан ёпганлар эса, маййитни бу хайрдан маҳрум қиладилар.
2. «Қабр устига ўтириш».
Шунингдек, тик туриш ёки ётиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу тасарруфда қабр ичидаги мусулмон бандага ва унинг яқин кишиларига нисбатан ҳурматсизлик бор.
3. «Қабр устига бино қуриш».
Бунда ҳам бўр билан сувашдаги ҳикматлар каттароқ ҳажмда айтилади.
Имом Моликнинг шогирдлари Ибн Абдулҳакам қабри устига бино қуришни васият қилган одамнинг васиятига амал қилинмайди, шунга биноан, қабрлар устига қурилган нарсалар бузиб ташланиши керак, деган.
4. «Қабрнинг устига ёзиш».
Жумҳур уламолар қабр устига унинг эгасининг исми ҳам, бошқа бирор нарсани ҳам ёзиш мумкин эмас, деганлар.
ҳанафий мазҳаби уламолари қабрнинг йўқолиб кетиши ёки хорланиши туфайли белги учун ҳожат тушса, белги бўладиган нарсани ёзса бўлади, деганлар.
Ушбу нарсани яхшилаб ўрганиб, шариат бўйича иш кўришга ҳозирги кунда жуда катта эҳтиёж бор. Баъзи жойларда ушбу таълимотларга амал қилинмай қўйган.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, бирингизнинг чўғ устига ўтириши, у кийимини куйдириб, баданига ўтиши, унинг учун қабр устига ўтирганидан кўра яхшироқдир», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан қабр устига эътиборсизлик билан ўтириш қанчалар ёмон иш эканини билиб оламиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ