loader
Foto

Баъзилар қабр атрофида айланиб, марҳумдан мадад сўрайди. Қабрни зиёрат қилиш одоби қандай?

Жавоб: Қабрларни зиёрат қилиш жоиздир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар! Чунки у охиратни эслатади», деганлар. Бу саҳиҳ ҳадисдир. Қабр зиёрати ўйин-кулги учун, одамларга қўшилиб бориб, кўриб келиш, томоша қилиш учун бўлмаслиги керак. Инсон қабрларда ётганлардан ибрат олиши, ўзининг ҳам у ерга келишини ўйлаши, охиратининг обод бўлишини, қабрдаги сўроқ-саволларни, унга берилиши керак бўлган жавобларни ўйлаши, ўзидан кейинда қолганлар уни нима деб, қандай одам деб эслашларини тасаввур қилиши даркор. Қабристонга келганда дунёда парҳезгар бўлишини, ҳалолдан ризқланишини, қилган гуноҳларига, ёмонликларига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфорлар қилиши лозим.

Қабрларнинг зиёратига борганда таҳоратли бўлиш мустаҳабдир. Аслида мўмин-мусулмон ҳамма вақт таҳоратли юриши афзал.

Қабристонга кириб келганда, умумий қилиб қабристонда ётган мусулмонларга салом берилади. Зиёрат қилмоқчи бўлган қабри олдига келганда, унинг қибла тарафига ўтиб, орқани қиблага, юзни эса қабр томонга қаратиб, Қабр аҳлига салом берилади. Бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган мўътабар одатдир. Жумладан, у зоти шариф қабристонга чиққанларида: «Ассалому алайкум, мўмин ва муслимлар диёри аҳли! Биз Аллоҳ хоҳласа, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз», деганлар. Кейин Қуръондан билган сура ёки оятларини ўқиб, қабристон аҳлига, ўзи зиёрат қилаётган қабрдаги кимса руҳониятига савобини бағишлайди.

Имом Байҳақий ва Дайламийлар Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир», деганлар.

Қабр аҳли тирикликларида қандай эҳтиромга сазовор бўлган бўлсалар, ўлганларидан сўнг ҳам эҳтиром этилишга лойиқдирлар. Авлиёлар қабрлари олдида эҳтиром билан юриш, одоб билан гаплашиш лозим. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳужрамга дафн қилинганларидан сўнг бирови хўжайиним, бирлари отам деб, уйда пайтимда тез-тез кириб зиёрат қилиб чиқаверар эдим. Аммо ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) уларнинг ёнларига дафн қилинганидан сўнг кам кирадиган, кирсам-да, ҳижобим ва пардам билан кирадиган бўлдим».

Ўликлар ёрдам беришга қодир эмас. Улардан мадад ва ҳожатларини раво этишни сўраш ширкдир.

Зиёрат вақтида қабрларни ўпиш, уларни қучоқлаш, юзга суртиш каби амаллар макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ амал ҳисобланади. Қабр атрофини айланиш эса мутлақо ҳаром. Қабрлар олдида чироқ ёки шамлар ёқиш, уларнинг ёнида қўйлар сўйиш, ҳар хил латталар боғлаш ҳам шаръан ҳаром ишлардир. Буни ҳалол санаш инсонни куфрга олиб боради.

Муфтий Усмонхон Алимов, "Сўраган эдингиз" китобидан