Учлик тушунчасини насронийликка биринчи бўлиб Тертуллиан киритган. Бу 200-йил атрофида содир бўлган. Кононлаштирилган Муқаддас китобда айтиб ўтилганидек, кўплаб черков оталари, шу жумладан, Савеллий ўшанда унга қарши чиққан. Бироқ, 4-асрда император Константин насронийликни қабул қилгач, Учлик Тавҳид устидан ғалаба қозонди. Тертуллиангача Учлик ҳақида гап ҳам йўқ эди.
Учлик ҳақида ақида дунё насронийларининг икки йиғинидан сўнг насронийлик таълимотининг расман тан олинган негизи ва асосий таркибий қисмига айланди. Биринчи йиғинда Исонинг илоҳийлиги тан олинди ва белгилаб қўйилди, иккинчи йиғинда - Муқаддас Руҳнинг илоҳийлиги.
Никей собори (йиғини)
Никей собори 325 йил бутпараст император Константиннинг буйруғи билан ўтказилди, бундан бир неча йил олдин у империя ҳудудида диний бағрикенглик жорий этилиши ҳақида эълон қилган эди.
Насроний черковлари ўртасидаги зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар халққа салбий таъсир кўрсатиши, давлат таянчларининг тинчини бузишидан кўриб, Константин турли насроний черковларининг вакиллари тўпланадиган Собор ташкил этишга қарор қилди. Собор Константиннинг шахсий раҳбарлигида ўтказилди. Уни шахсан ўзи очди. Соборда 2048 насроний руҳонийлари иштирок этган. Баҳс ва мунозаралар уч ой давом этди, аммо келишувга эришилмади. Иштирокчилар насроний таълимоти асослари бўйича бир ечимга кела олмадилар.
Собор қатнашчиларини шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1) Исонинг илоҳийлигини инкор қиладиган Тавҳид тарафдорлари. Уларга Арий Александрийский ва Евсевий Никомедийский бошчилик қилган. Уларнинг қарашлари тарафдорлари мингга яқин руҳонийлар бўлган.
2) Исо азалдан Ота билан биргаликда мавжуд эди ва улар биргаликда умумий моҳиятни ташкил қилади, гарчи Исо алоҳида шахсни ифодаласада, деб таъкидлаганлар. Уларнинг айтишича, агар Исо шундай бўлмаганида эди, уни Халоскор деб бўлмасди. Бу гуруҳга Рим Папаси Александр ва насронийликни яқинда қабул қилгани ҳақида эълон қилган, Афанасий исмли ёш бутпараст кирарди.
«Насронийлар диний тарбияси» китобида Афанасий ҳақида қуйидагича ёзилган: «Биз ҳаммамиз авлиё Афанасий асрлар давомида черковда қандай ўрин тутганлигини биламиз. У Папа Александр билан Никей соборида қатнашган. Авлиё Афанасий Исо Масиҳнинг солиҳ ва содиқ жангчиларидан бири эди. Насронийлик ақидаларини ишлаб чиқиш унинг фазилатли хизматларига киради. 329 йил у патриарх ва Папа Александрнинг вориси бўлди».
3) айтиб ўтилган икки фикрни мувофиқлаштириш ва бирлаштириш истагида бўлганлар. Улар қаторига епископ Евсевий Кесарийский ҳам киради. Унинг айтишича, Исо йўқ нарсадан яратилган эмас, балки абадиятда Отадан туғилган, шу сабабли унда Отанинг табиатига ўхшаш элементлар бор.
Кўриниб турибдики, аввалги икки фикрни мувофиқлаштириш керак бўлган бу фикр Афанасий фикридан кучли фарқ қилмайди. Константин 318 та руҳоний тарафдори бўлган бу фикрга мойил эди. Қолганлар, жумладан, Арий тарафдорлари ва Марямнинг илоҳийлиги ҳақидаги баёнотлар каби бошқа камроқ тарқалган фикрларнинг бир неча тарафдорлари бу қарорга қарши эдилар.
Айтиб ўтилган 318 руҳоний Никей Соборининг қарорларини чиқардилар, улардан асосийси Исонинг илоҳийлиги тўғрисидаги ақида эди. Шу билан бирга, ушбу фармонга зид бўлган барча китоб ва Инжилларни ёқиш тўғрисида буйруқ берилди.
Арий ва унинг тарафдорлари черковдан четлатилди. Бутларни йўқ қилиш ва барча мушрикларни қатл этиш ҳақида ҳамда девонхонада фақат насронийлар бўлиши ҳақида фармон ҳам берилган.
Арий ва унинг тарафдорлари бошига Исо башорат қилган кунлар тушди: «Сизларни синагогалардан ҳайдашади; ҳатто шундай вақт келадики, сизни ўлдираётган ҳар бир киши шу тариқа Худога хизмат киляпман, деб ўйлайди. Шундай йўл тутишади, чунки на Отани, на Мени билишмаган» (Иоанндан, 16:2-3).
Агар улар Худонинг қудрати ва буюклигини тўғри баҳолаганларида эди, ҳеч қачон Уни ўғил туғдирган деб айтишга, аёлдан туғилган ва хочга михланган эркакни Худо деб эълон қилишга журъат этолмасдилар.
Никей соборида Муқаддас Руҳнинг илоҳийлиги масаласи муҳокама қилинмади ва унинг моҳияти ҳақидаги низолар бу масалага нуқта қўйган Константинопол соборига қадар давом этди.
Константинопол собори
381 йил Феодосия императори арианлик тарафдори бўлган Константинопол епископи Македонийнинг сўзларини муҳокама қилиш учун Константинопол соборини чақирди. У Муқаддас Руҳнинг илоҳийлигини инкор қиларди ва у ҳақида Библияда айтилган гапларни айтди: «Муқаддас Руҳ бутун коинотда тарқалган илоҳий ҳаракатдир. Ота ва Ўғилдан фарқли ипостась эмас». у Муқаддас Руҳ ҳақида шундай деган: «У Худонинг бошқа яратганларига ўхшайди ва фаришталар хизмат қилгани каби Ўғилга хизмат қилган».
Соборга 150 епископ ташриф буюрди. Улар Македонийни черковдан четлатиш, барча черков унвонларидан маҳрум этиш, унинг издошларини эса қаттиқ жазолаш ҳақида қарор қабул қилдилар.
Шу билан бирга улар Муқаддас Руҳнинг илоҳийлиги тўғрисидаги ақидани қабул қилиб, уни Учликдаги Ота ва Ўғилни тўлдириб турадиган учини ипостась деб эълон қилдилар ва черков соборларининг энг муҳим қарорларидан бирини қабул қилдилар. Улар дедилар: «Биз Муқаддас Руҳ Худонинг руҳидан бошқа нарса эмас, Худо эса – Унинг ҳаётидан бошқа нарса эмас, агар биз Муқаддас Руҳ яратилган деб айтадиган бўлсак, бу Худони яратилган деб айтиш билан биробардир, деб ҳисоблаймиз».
Шунингдек, черков ва унинг сиёсати ҳақида айрим қарор қабул қилинди.
Насронийлик тарихида тавҳид
Аввалроқ биз Тавҳид Худонинг барча элчилари, шу жумладан Исо ҳам асрлар давомида даъват этиб келган Худонинг дини эканлигини тасдиқловчи Таврот ва Инжил матнларни келтирдик.
Агар Исо динининг асоси Тавҳид бўлса, унда Исонинг издошлари қани? Тавҳид насронийлар ҳаётидан қачон чиқиб кетди? Тавҳиднинг бу барча далиллари асрлар давомида насронийликка ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги мумкинми?
Бу саволларга жавоб топиш мақсадида тадқиқотчилар қадимги, ўрта аср ва замонавий тарих саҳифаларини узоқ вақт давомида кезиб чиқдилар. Улар Павелнинг бутпарастлигига қарши йигирма аср давомида Тавҳид билан нима содир бўлганини аниқлашни мақсад қилдилар. Хўш, улар нимани аниқладилар?
Никей соборидан олдинги тавҳид
Биринчи авлод насронийлар Исонинг осмонга кўтарилиб кетишидан кейин Худонинг Бирлигига ва Исонинг ўзи унинг қули ва шунга кўра, инсон эканига ишонишди. Улар Исо Худонинг элчиси ва унинг пайғамбари эканлигига ишонишди. Буни биз аввалроқ Тавҳид далили сифатида келтирган Библия матнлари ҳам тасдиқлайди.
Бизда, шунингдек, насронийлар биринчи авлод соф Тавҳидга эътиқод килгани ҳақида тарихий далиллар бор.
"Солиҳларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоялар ўтлоқлари" китобининг муаллифи Петр ва Марк ҳақида шундай ёзади: "Улар Исонинг илоҳийлигини рад этардилар". Исонинг энг яқин шогирдлари эътиқодлари шундай эди.
«Америка энциклопедияси»да айтилишича: «Динлар тарихида Тавҳид ҳаракати жуда эрта бошланди ва аслида Учликдан ўн йилликлар олдин пайдо бўлди». Гап шундаки, Тавҳид пайғамбарлар пайдо бўлиши билан пайдо бўлган ва, ўзидан олдингилар каби, дунёга Тавҳид ҳақида таълимотни келтирган Исо алайҳиссаломнинг пайғамбарлик мисияси даврида ярқ этиб порлаган.
Ларусса француз энциклопедиясида айтилишича: «Учлик ҳақида ақида Таврот китобларида бўлмаган, у илк черков раҳнамолари ва Масиҳнинг энг яқин шогирдлари ҳаракатларида бўлмаган, бироқ католиклар ва протестант черковлари насронийларда Учликка эътиқод доим мавжуд бўлган, деб таъкидлайди... Исога эргашган яҳудийлардан иборат бўлган биринчи насронийлик черкови мавжудлик даврида Исо – одам деган фикр ҳукмрон бўлган. Назарет аҳолиси ва собиқ яҳудийлардан ташкил топган барча насронийлар гуруҳлари Исо – Муқаддас Руҳ билан қўллаб-қувватланадиган одам эканигига ишончи комил эди. Бу вақт давомида ҳеч ким уларни бидъат, имонсизлик ва худосизликда айбламаган. Насронийлар даврининг иккинчи асрида янгилик тарафдорлари ва худосизлар мавжуд эди. Мана шу иккинчи асрда Исони Мессия ва оддий одам деб ҳисоблаганлар бўлган. Насронийликни қабул қилган бутпарастлар сонининг ўсиши билан илгари бўлмаган ақидалар пайдо бўлди».
Ауд Саман Исонинг кўп худолилик ва бутпарастлик билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб, айтади: «Шогирдлар ва Исо ўртасидаги муносабатларни диққат билан ўрганиб, биз уни фақат инсон сифатида қабул қилганларини кўрамиз, чунки улар яҳудийлар каби Худо инсон қиёфасида пайдо бўлмайди деб ҳисоблашган. Ҳа, улар Мессия келишини кутишди, лекин ота ва боболаридан мерос қолган ғояларига кўра, Мессия Худонинг элчиси эди, лекин Худонинг ўзи эмас».
«Америка энциклопедияси»да шунингдек, таъкидланадики, Исонинг шогирдлари томонидан чақирилган биринчи Қуддус соборидан Никей соборига йўл тўғри эмасди ва Тавҳид Павел воизлик қилган жойларда, яъни Антиохияда ва галатияликлар орасида ҳам кенг тарқалди ва Павел кескин қаршиликка учради.
1966 йил 15 июла «Таймс» газетасида насронийларнинг қадимий ҳужжати чоп этилди, ундан келиб чиқадики, Исонинг ўлимидан кейинги биринчи даврда унинг издошлари у атиги Исроил фарзандларига юборилган галдаги пайғамбар эканлигига ишонишарди.
Инглиз файлсуфи Бертранд Расселнинг айтишича: «Агар сиз нима сабабдан Бертранд Рассел насроний эмас, деб савол берадиган бўлсангиз, қуйидагича жавоб бераман: чунки мен биринчи ва охирги насроний бундан ўн тўққиз аср олдин ўлган ва ушбу буюк пайғамбар одамларга олиб келган асли насронийлик ҳам у билан бирга ўлган, деб ҳисоблайман».
Бироқ, насронийларнинг илк авлоди ҳаётлигида ҳукмрон бўлган тавҳид азалийлиги ва унинг кучи собиқ бутпарастлар қаторидан динни янги қабул қилган насронийлар орасида Павелнинг бутпарастлик даъвати тарқалшига халал бера олмади. Унинг даъватида улар Рим ва юнон бутпарастлигига етишмаган идеаллар ва маънавий-ахлоқий нормалар қўшилиши билан, уларга таниш бутпарастлик асосларини топдилар.
Исонинг шогирдларига келсак, улар Павелнинг даъватини кескин рад этишди ва қоралашди, унинг тарқалишини олдини олишга ҳаракат қилишди. Уларнинг ўлимидан сўнг, уларнинг ишлари давомчилари бўлган Тавҳид тарафдорлари Павелнинг издошлари билан курашни давом эттирдилар. Черков ўз тарихида уларни бидъатчиларни деб атайдиган гуруҳлар пайдо бўлди. Булар жамоатнинг диний фикрларини (аҳкомларини) рад этган одамлар, жумладан Исонинг илоҳийлигини рад этган гуруҳлардир.
Уларнинг орасида эбионитлар ҳам бор. Бу ном «эйвоним», яъни «қашшоқлар» сўзига бориб тақалади.
Бу гуруҳлар ва одамлар биринчи асрда пайдо бўлган. Улар яҳудийлар томонидан ташкил қилинган. Уларнинг фаолияти айниқса, 70-йилдан кейин кучайган.
Бу гуруҳларнинг эътиқод ва ақидалари ҳақида қадимги тарихчилар хабар беради. Александрия патриархи 326 йил арианлик ҳақида қуйидаги сўзларни айтган: «Бу черковнинг художўйлигига қарши исён қилганларнинг таълимоти, эбионитлар таълимоти ва у Павел Самосатнинг таълимотига жуда ўхшайди».
Кирилл Иерусалимский эса 388 йилда бидъатчиар ҳақида қуйидагича деган: «Керинф черковни вайрон қилди ва Менандр, Карпократ ва эбионитлар ҳам шундай қилди».
«Бидъатчиларга қарши» китобида Ириней ёзадики: «Эбионитлар Худо дунёни яратгани деган фикрга қўшилади, лекин уларнинг Раббий ҳақидаги ғоялари Керинф ва Карпократникига ўхшайди. Улар фақат Матто Инжилидан фойдаланадилар ва Павелни тан олмайдилар. Ундан қонундан воз кечганини айтишади. Улар хатна қилинган ва қонунда кўрсатилган барча урф-одатларга риоя қилган».
Евсевий Кесарийский (240 йил вафот этган) ўзининг «Тарих»ида ёзадики: «Қадимги аждодларимиз уларни қашшоқлар деб атаганда ҳақ эдилар, чунки уларнинг Исо ҳақидаги ақидалари ҳақиқатдан ҳам "қашшоқ" ва тубан эди. Уни фақат ахлоқий фазилатлари туфайли солиҳ, муносиб ва ҳурматга сазовор бўлган оддий одам деб ҳисоблаганлар». Эбионитлар Павелни диндан қайтган деб ҳисоблашган ва динни бузиб кўрсатишда айблашган».
Турли манбаларда ёдга олинишича, улар фақат Матто Инжили ёки яҳудийлар Инжилидан фойдаланишган. Афтидан, бу иккаласи битта Инжилнинг номи бўлса керак. Эҳтимол, улар Матто Инжилининг яҳудий нусхасидан фойдаланган ва бошқаларни эътиборсиз қолдирган. Айрим манбаларга кўра, айнан шу жамоа туфайли Юҳанно Исонинг илоҳийлигини тасдиқлаш учун унинг Инжилини ёзишга ундалган эди.
Бу жамоа нуфузга эга бўлди ва мустаҳкамланди. Унинг Фаластин, Сурия ва Кичик Осиёда, ҳатто Римда ҳам кўплаб тарафдорлари ва издошлари бор эди. У 4-асргача давом этди. Авлиё Жеромнинг сўзларидан келиб чиқадики, 4-асрда у заифлашиб, қувғин ва таъқибларга дучор бўлган. Унинг аъзолари Никей соборининг фармонлари ва Константиннинг фармонларига бўйсунишдан бош тортганларидан кейин у шундай вазиятга тушиб қолди.
Айрим мусулмон тадқиқотчиларининг фикрига кўра, Қуръоннинг қуйидаги оятида айнан шу жамоат ҳақида сўз боради: «Биз иймон келтирганларни душманларига қарши қўллаб-қувватладик. Ва улар ғолиб бўлдилар» (Софф, 14). Исо ҳам қуйидаги сўзларни айтганда айнан уларни назарда тутаган: «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир,чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Йиғлаётганлар бахтлидир, чунки улар тасалли топадилар. Камтарин бўлганлар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўладилар. Адолатга ташна бўлганлар бахтлидир, чунки Худо уларни қондиради. Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар раҳм–шафқат топадилар. Покдил бўлганлар бахтлидир, Чунки улар Худони кўрадилар. Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худонинг фарзандлари деб аталадилар. Худонинг йўлидан юргани учун қувғин бўлганлар бахтлидир, Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар ҳақингизда ёлғон гапириб туҳмат қилганларида, бахтлисизлар! Севининглар, хурсанд бўлинглар. Сизларни осмонда буюк мукофот кутмоқда. Ахир сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам худди шундай қувғин бўлганлар.» (Матто, 5:3-12).
Бу жамоатнинг пайдо бўлиши билан деярли бир пайтда, 73-йилда тарихчи Евсевий уни бидъатчилар йўлбошчиси деб атаган Коринф исмли воиз пайдо бўлди. Унинг фикрига кўра, Исо ажойиб одам бўлган, бундан ортиғи эмас. У Маттонинг Инжилидан, аниқроғи, ҳозирда йўқолиб кетган бу инжилнинг яҳудий матнларидан бошқа барча инжилларни рад этган.
2-аср охирида Аммоний Саккас пайдо бўлди. Унинг таъкидлашича, Исо – супер-одам, Худонинг арзандаси, унинг шогирдлари эса, унинг даъватини бузишган. Шунга ўхшаш фикрни Карпократ ҳам билдирган. Унинг издошлари карпократианлар деб аталган. Бироқ Исонинг инсон табиатини иддао, улар бўрттириб юбордилар ва Исо доно одамларга ўхшайди, шунинг учун исталган киши унинг ишларини такрорлаш ва унга ўхшаш муомала қилишга қодир, деб айтдилар. Уларнинг гапларига жавобан, улардан норози бўлганлар бунга ҳеч қандай сабаб бўлмаса-да, Исонинг илоҳийлигини тасдиқлай бошладилар.
Исо алайҳиссаломни илоҳийлаштирганлар билан бўлган тўқнашувида бу одамлар уни Парвардигор берган жойдан анча пастга туширдилар.
3-аср ўрталарида яна бир жамоа - 260-йилда Антиохия епископи бўлган Павел Самосатнинг издошлари - павлианлар пайдо бўлди. У Тадмор қироллигида ҳам юксак мавқега эга бўлган.
Руҳоний Кирд ўзининг «Хизматни тушунтиришда зулматдаги нур» китобида павлианларнинг асосий ақидаларини баён қилади: "жамоа павлианлар деб аталган. Антиохия епископи Павел Самосатнинг издошлари. Улар Худо бир ва ёлғиз эканига, Унинг бир моҳияти ва бир ипостаси борлигига ишонади. Уни учта исм билан чақиришмайди, Сўз Халоскор эканлигига ишонишмайди ва улар ҳаёт берадиган Муқаддас Руҳга ишонишмайди. Улар Исо ҳам Одам Ато каби Худо томонидан яратилган бир одам, ва моҳиятан у ҳар биримизга ўхшайди, ва унинг бошланиши Марям эди... дейдилар".
Беш йил ичида черков уни ўз қарашларидан воз кечишга ишонтириш мақсадида уч марта Собор йиғди. Бу соборларнинг охиргиси 268 йил чақирилди. Павел унда иштирок этди ва ўз эътиқодларини ҳимоя қилди. Собордан кейин у ҳайдалди ва барча лавозим ва имтиёзлардан маҳрум бўлди, аммо унинг издошлари 7-асрга қадар мавжуд бўлган.
4-аср бошларида олим-роҳиб Лукиан пайдо бўлди. У Исо самовий мавжудот эканлигига, Худо уни йўқликдан олиб чиққанига ва у мавжуд бўла бошлаганига ишонарди. Илоҳий ақл унинг шахсиятида намоён бўлди. Унинг руҳи ғайриинсоний эди, лекин у мутлақо Худо эмасди.
Бу жамоанинг ақидаларига ўша даврда ҳукм сураётган дунё, Худо ва дин ҳақида бузуқ ғоялари таъсир қилган, шу сабабли улар Исони "супер-одам"деб эълон қилишган.
“Бог Единый или Троица” китобидан
Мункыз ибн Махмуд ас-Саккар
Абу Муслим таржимаси