loader
Foto

Бугунги кун диндорлари бирламчи вазифаларини англай олмаётганлари

Лекин кўп диндорларни қанчалик ихлосли бўлмасинлар, афзал амаллар қолиб, зарурмаслари билан машғул бўлаётганларини кўришимиз мумкин.

Кўпгина биродарларимиз шаҳарларга катта масжидларни бино қиладилар ва бунга миллионлаган пулларни сарфлайдилар. Аммо ўша маблағларининг ярмини бўлса ҳам қийналган фақир, мискинларга, бошпанасизларга Аллоҳнинг йўлида ишлатмайдилар.

Ана ўша қўштирноқ ичидаги диндорлар дин борасидаги ғамлари булардир: Соатни қайси қўлга тақиш афзал ўнг қўлгами, чап қўлгами?

Шим, кўйлак ўрнига оқ кўйлак кийишлик вожибми, суннатми?

Аёл киши масжидга кириши ҳалолми, ҳаромми?

Курсида ўтириб овқатланиш ёки қошиқ, санчқиларни ишлатиш билан кофирларга ўхшаб қолинмайдими? Ва ҳоказо... Бундай арзимас масалалар вақтни олади, жамоатда тафриқа пайдо қилади, адоватни келтириб чиқаради. Чунки бу мақсадсиз ҳаракатдир.

Баъзи бир художўй йигитларнинг ота-оналарига, ака-укаларига, опа-сингилларига қўпол муносабатда бўлаётганларини кўрамиз. Улар бизнинг нега деган саволларимизга уларнинг яъни, ота-оналарининг гуноҳкорликлари, диндан узоқ эканликларини рўкач қиладилар. Лекин улар наҳот унутган бўлсалар, ахир Аллоҳ таоло фарзандларга ота-оналарига яхшилик қилишни буюрган эди-ку. Гарчи у ота-оналар мушрик бўлиб, фарзандларини мушрик бўлишга ундасалар, уларни Исломдан чиқариш ҳаракатида бўлсалар ҳам.

Аллоҳ таоло айтади:

“Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунё-да яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни, Қиёмат Кунида) Ўзимга қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман”. (Луқмон сураси, 15-оят)

Яъни, Қуръон фарзандларга гарчи ота-оналар ана шундай мушрик бўлсалар ҳам улар билан яхши ҳамсуҳбат бўлишга буюрмоқда. Зеро, ота-онанинг фарзандлар устидаги ҳаққи Аллоҳнинг ҳаққидан кейинги ўринда туради.

Аллоҳ таоло айтади:

“(Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин!”. (Луқмон сураси, 14-оят)

Аммо уларнинг ширкка қилган даъватларига итоат қилишдан қайтарилгандир. Зеро, Холиқнинг маъсиятида махлуқга итоат қилинмас. Лекин яхшилик билан ҳамсуҳбат бўлишликдан қочиб қутулиб ҳам бўлмас, бунда унинг учун узр ҳам йўқдир.

Яна Аллоҳ таоло қариндош-уруғлар билан алоқа боғлашни тавсия қилади:

“...Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда Кузатувчи бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 1-оят).

Кўпчилик мусулмонлар баъзи бир фарзи айнларга, уларга ўз қийматини беришга бепарво бўладилар. Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтаришнинг фарзлиги бунга мисолдирки, Қуръони Карим ўз оятларида иймон сифатларини зикр қилар экан, буларни намоз, закотдан муқаддам қилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир”. (Тавба сураси, 71-оят)

Ва бу фарзларни умматнинг хайрият топишига сабаб қилган:

“(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сизлар яхши амалга буюрасиз, исён - гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз..”. (Оли-Имрон сураси, 110-оят)

Бани Исроилнинг бу фарзларга эътиборсиз бўлишлари пайғамбарларининг тилида лаънатланганларининг хабарини ҳам берган:

“Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо бинни Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб, уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!”. (Моида сураси,78-79-оятлар)

Яна улар рукнларнинг баъзисига баъзиларидан кўра кўпроқ эътибор қаратадилар. Улар намоздан кўра рўза тутишга кўпроқ аҳамият берадилар. Кўп қишлоқ жойларда рамазон кунларида бирор мусулмон ёки муслиманинг оғзи очиқлигини кўриш амри маҳол, лекин улар намозга дангасадирлар. Уларнинг ичида Аллоҳга рукуъ, сажда қилмай умрлари ўтаётганлари бор. Яна баъзилари закотдан кўра намозга кўпроқ эътибор қаратадилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда 28 ўринда намоз билан закотни бирга зикр қилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтади: Аллоҳ номига қасамки, мен намоз билан закотнинг орасини ажратганлар билан жанг қиламан. Саҳобалар закот бермайдиганларга қарши жанг қилишга келишганлар. Худди пайғамбарлар ва уларга эргашганлар муртадларга қарши жанг қилганларидек. Бундан келиб чиқадики, тарихда мусулмон давлати камбағалларнинг ҳақлари учун жанг қилган биринчи давлат экан.

Яна улар фарз, вожиблардан кўра нафлларга купроқ эътибор берадилар. Баъзи диндорлар зикр, тасбеҳларни кўп айтадилар лекин кўп фарзларга хусусан ижтимоий фарзларга эътибор қаратмайдилар. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа боғлаш, қўшнига яхшилик қилиш, заифларга меҳр кўрсатиш, етим, мискинларга ёрдам қўлини чўзиш, ёмон ишни ёмон кўриш, зулмга қарши курашиш шулар жумласидандир.

Шундай қилиб, бугунги кундаги умматнинг бирламчи - энг зарур амаллар қайси амаллар эканини англашдаги хатолари натижасида бу уммат катта нарсаларни кичик, кичикларини катта санайдиган, арзимасни буюк, хатарлиларини эса арзимас биладиган бўлди. Фарзга бепарво бўлиб, нафлга ҳарислиги ошди. Кичик гуноҳларга эътибор қаратиб, катта гуноҳларни менсимай қўя бошлади. Мана буларнинг ҳаммаси бу уммат амалларнинг мартабаларини англашга нақадар муҳтож эканини билдиради.

Юсуф Қарзовий, ҳафизаҳуллоҳ

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

(Зиёуддин Мансур таржимаси)