Ундан кейин бу давлатнинг соф исломийлиги бузилиб, оилавий мулкка, меросхўрликка айланган. Вақт ўтиши билан кўпроқ бузилиб бораверган. Ўз замонасининг одами сифатида Амир Темур ҳам ўзи қурган давлатда ўша замоннинг услубларидан фойдаланади. Шу билан бирга ўша давр таомули ва ўз илмига биноан исломий омиллардан ҳам фойдаланади. Унинг салтанатининг муваффақиятларида айнан ушбу исломий омиллар асосий рол ўйнаган бўлса ажаб эрмас.
Амир Темур Исломнинг ҳамма динлар ва тузумлардан устун эканлигига тўла ишонган мухлис инсон эди. У бу маънода, ҳамма мазҳаблар-динлар ҳам бир, деган Жалолиддин Румийни танқид қилади. Таассуб жиҳатидан эмас, илмга ва тажрибага суянган ҳолда Исломнинг устун эканлигини таъкидлайди. Соҳибқироннинг фикрича, Ийсовий мазҳаб-яъни хиристиан дини фақат охиратга эътибор беради. Мусовий мазҳаб-яъни яҳудий дини, эса фақат бу дунёга эътибор беради. Ислом эса, ҳам бу дунёни, ҳам у дунёни ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам у киши Исломга қўлидан келганича амал қилишга ҳаракат қилади.
Аввало, Амир Темур эътиқод масаласида маҳкам туради. Аҳли суннат ва жамоат ақийдасини маҳкам тутар, турли бузғунчи фикрларни қаттиқ қоралар эди. Соҳибқирон ўз юришлари давомида дуч келган турли динларга эътимод қилувчилар билан гаплашар, уларнинг эътиқодлари ҳақида сўрар ва хатоларини баён қилар эди. Турли бузуқ мазҳабларга нисбатан ҳам шундай йўл тутар эди. У киши эътиқодни соф бўлиши, турли бидат-хурофотлар бўлмаслиги тарафдори эди. Бунга бир мисол келтиришимиз яхшидир.
Амир Темур Шерозга юриш қилганда у ернинг амри Султон Шоҳ Мансур Музаффарий, шаҳардаги эски масжидга кириб олиб Амир Темур устидан ғолиб бўлишини тилаб ўтираверади. Соҳибқирон эса унинг юртини эгаллаб олади ва бу тасарруфини танқид қилади. Амир Темурнинг фикрича фақат дуо билан иш битмайди. Агар фақат дуо билан иш битадиган бўлса, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо билан иш битирар эдилар. Аммо, У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиш билан бирга аскар тўплаб, совут кийиб, қилич қалқон олиб жангга кирганлар.
Амир Темур ўз тасарруфларини Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўғри келган жойларини эслатиш билан Қуръон ва суннатга мувофиқ иш кўришга ҳаракат қилганини баён қилади. Амир Темур урушлардан бирида, ким шайх Ҳисомиддин Сабзаворийнинг уйига кириб олса, омон қолади, деган амрни чиқарди. Мазкур шайх Ҳисомиддин Сазаворий шийа бўлган. Соҳибқироннинг унинг уйига кирганлар омон бўлади, дейиши эса Шайх учун катта обрў эди. Табиийки, ўша давр ўлчовига кўра, бир шийа одамга нима учун шунчалик ҳурмат, деган савол пайдо бўлади. Амир Темур буни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишларига мослаб қилганлигини баён қилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунлари, ким Абу Суфённинг уйига кирса омон қолади, деб эълон қиладилар. Абу Суфён ўша пайтда мушрик-кофир эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг уйини омонлик жойи деб эълон қилдилар. Мен, бир шийа одамнинг уйини омонлик жойи десам нима бўлибди, дейди.
Шунингдек, Амир Темур Ислом ҳукмига амал қилувчиларни кўрса ҳам жуда мамнун бўлар эди. Бу нарса айниқса Хуросон жанубидаги Бишравейҳ шаҳрига бўлган муносабатида яққол кўринади. Соҳибқирон у шаҳарга яқинлашганда уни йўл четида содда кийинган бир неча одам кутиб олади. Амир Темур улардан “Шаҳарнинг амири ким?”, деб сўрайди. Улар, амиримиз йўқ, ўзимиз қўлимиздан келганича Қуръону суннатга амал қилиб яшамоқдамиз, дейишади. Бу гап Соҳибқиронни қизиқтириб қолади-да, шаҳар билан яқиндан танишишга қарор қилади. У ернинг Имоми Ҳусайн ибн Исҳоқ билан биргаликда ҳамма нарса билан яқиндан танишиб чиқади. Аҳолининг барчаси ёшу қари, эркагу аёл илми бўлиб, ўқиш ёзишни биладиган, бўш вақтини илмга сарфлайдиган бўлади. Ҳамма ҳалол меҳнат билан машғул бўлади. Амир Темур уларга олтин берса, ҳурмат қилганинггиз учун раҳмат, аммо бу тиллоларга ҳожатимиз йўқ, ўзимиз ишлаб топганимиз етади, дейишади. Аҳолининг раҳбари, имом Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳам қўлига кетмон олиб деҳқончилик қиладиган бўлади. Унга Амир Темур бир от совға қилса узр айтиб олмайди, от мина олмайман, эшак миниб ўтганиб қолганман дейди. Бу нарсалардан хурсанд бўлган Амир Темур шароит билан янада яқинроқ танишади. Соҳибқирон бир дўкондорнинг аёл харидорга нарса тортиб бераётиб “Вой луллил мутаффифин”-“Торозудан уриб қолувчиларга вой бўлсин” оятини ўқиганини эшитади. Аёл кетганидан кейин бориб дўкондордан,” ўзинг ўқиган оятнинг маъносини биласанми?”, деб сўрайди. У, биламан, деб, оят маъносини айтиб беради. Бир оз савол-жавобдан сўнг, дўкондор, торозу тортишда хиёнат қилиб қўймай, деб ҳар кимга бир нарса тортганимда шу оятни ўқиб тураман, дейди. Шунингдек, Амир Темур бир атторнинг олдидан ўтиб кетаётиб унинг “Вазинуу бил қистосил мустақийм” яъни, “Ва адолат тарозуси ила вазн ўлчанглар” оятини ўқиганини эшитиб қолади ва ўша аттор билан ҳам юқоридаги ўхшаш суҳбат ва савол-жавоблардан сўнг Амир Темурга кўпгина ўзини хурсанд қиладиган нарсалар аён бўлади.
Бишравейҳда қулф ва қаровул йўқ экан. Одамларни Исломга амал қилиб яшаганлари учун бунга эҳтиёж йўқ экан. Шунингдек, қози ҳам йўқ экан. Ёши улуғ бўлиб қолган Ҳусайн ибн Исҳоқ бировнинг сўкишганини ёки уришганини эслай олмаслигини айтади. Бу ерда оила бузилиши-талоқ ҳам, бировнинг ҳаққини тортиб олиш ҳам йўқ экан. Бу ҳақиқатларни билиб Амир Темур ниҳоятда хурсанд бўлади. Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаётган бу мухлис мусулмон аҳолини тақдирлашга қарор қилади. Амалдорларини тўплаб мажлис ўтказади.
Бишравейҳни “Дорул илми вал омон” деб элон қилади. Мадомики, Темур хонадонига мансуб ҳокимлар бор экан бу шаҳардан хирож олинмайди, ҳеч ким, ҳеч қандай баҳона билан бу ерга ҳужум қилмайди, деб фармон чиқаради.
Мана шунинг ўзи ҳам Амир Темурнинг Исломга, Қуръон ва суннатга амал қилиб яшашни қанчалик улуғлашини кўрсатиб туради. Амир Темурнинг мазкур фармони ўша шаҳар аҳолисининг Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаётганларини муносиб тақдирлаш бўлиши билан бирга, бошқа шаҳар ва қишлоқлар аҳолисини ҳам шундай яшашга тарғиб қилиш ҳамдир.
Мазкур таҳлиллардан кўриниб турибдики, буюк ватандошимиз, улуғ Мовароуннаҳр салтанатининг қурувчиси, Соҳибқирон Амир Темурни ўзи раҳматига олган бўлсин, Қолганларни ҳидоят қилсин. Омийн!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Тарих омонатдир" китобидан