Даҳшатлиси шундаки, фарзандларимиз ўз эл-юртининг тарихини яхши билишмайди, чунки уни биз кўп замонлардан бери мактабда талаб қилинган даражада ўқитаётганимиз йўқ. Ҳанузгача «Ўзбекистон тарихи» дан мактаблар, ўрта ва олий ўқув юртларига мўлжалланган яхши дарслик ва қўлланмалар йўқ. Яқин йилларгача биз буни шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларига тўнкаб келдик. Бу маълум даражада тўғри, албатта. Ўша даврлар етказган зарар жуда катта бўлди. Лекин маълум даражада ўзимиз ҳам айбли эканлигимизни бўйнимизга олишимиз керак. Қайта қуриш шарофати билан катта-катта ишларга қўл урсанг эплай оладиган, тарихимизнинг ёзилмай қолган ва етарли ўрганилмаган саҳифаларини битсак бўладиган замонлар келганига ҳам тўрт-беш йил бўлди. Биз эса, тўғрисини айтсам, жуда ёмон ишлаётибмиз, ҳамон кимдандир, нимадандир ҳадиксираш балосидан қутулиб кетганимиз йўқ, ҳамон юқоридан кўрсатма кутиб турганга ўхшаймиз.
Шундай бўлса керак, биз тарихчилар, хусусан қадимги замон ва ўрта асрлар тарихидан мутахассис бўлган олимлар, кейинги пайтларда одамларнинг кўп эътирозларига дучор бўляпмиз. Улар биздан «нима сабабдан ҳанузгача ўзбек халқининг келиб чиқиши ҳақида бирон жиддий асар ёзилмади?», «юртимизнинг кўп бор ўзга мамлакатлар ва халқлар асоратига тушиб қолишининг асосий сабаби нимада?», «нега Амир Темур ва авлодининг тарихи ёзилмаган?» — деб сўрайдилар. Ва яна ота-боболардан қолган қўлёзма асарлар ва моддий-маданий ёдгорликларни ўрганиш, таъмирлаш ва авайлаб-асрашнинг умумий аҳволи, мактабларда, ўрта ва олий ўқув юртларида Ўзбекистон халқлари тарихининг ўқитилиши билан боғлиқ бўлган масалалар хусусида қизиқишадилар. Ҳа, бу — қонуний талаб ва қизиқиш, албатта. Биз тарихчиларнинг бу борада халқимиздаи қарзимиз катта. Менимча, уни узадиган вақт етди, шекилли.
Машҳур сайёҳ ва элчи Руи Гонеалес де Клавихонинг «Кундалик» лари, азиз ўқувчи, биз тарихчилар ва адиблар сизга етказиб беришимиз лозим бўлган қарз китоблардан бири. Бу китоб Темур ва темурийлар даври тарихидан баҳо юргизувчи муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Китоб 1404 йили Самарқандда Темур саройида турган Кастилия (Испания) қироли Генрих III (1390—1406) нннг элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг йўл хотираларидан иборат, яъни унинг 1403—1404 йиллари Туркия, Эрон ва Мовароуннаҳрда, хусусан Амир Темур саройида кўрган-билганларини ўз ичига олган муҳим бир асардир.
«Кундалик» муаллифи Руи Гонсалес де Клавихо бадавлат ва нуфузли оқсуяк оиладан чиққан. Отаси ҳам, ўзи ҳам қирол саройида йирик мансабда туришган. У қирол. Генрих III нинг вафотидан (1406) кейин она шаҳри Мадридга кетиб қолади ва, умрининг охиригача ўша ерда истиқомат қилади. Руи Гонсалес де Клавихо 1412 йилда вафот этади ва авлиё Франциско черковидаги ота-боболарининг хилхонасига дафн этилади.
Клавихонинг Амир Темур юртига қилган элчилик саёҳати 1403 йилнинг 22 майида бошланиб, ўн беш ой деганда у Самарқандга етиб келди. Бу саёҳатда Клавихога илоҳиёт илмининг номзоди (магистри) Альфонсо Паэс де Санта Мария, қиролнинг махсус соқчиси Гомес де Салазар ҳамроҳ бўлдилар. Клавихонинг сафари Амир Темурнинг 1402 йилда Испанияга хожа Муҳаммад қози бошчилигида йўллаган элчилигига жавобан қилинган эди. Тарихий манбаларда келтирилган маълумотларга қараганда, XIV асрнинг 80—90-йилларида Темур давлатининг шон-шуҳрати Оврўпо мамлакатларитача бориб етди. Англия, Франция, Испания, Генуя ва Византия сингари давлатларининг ҳукмдорлари Амир Темур билан сиёсий ва иқтисодий (савдо) муносабатлар ўрнатишга интилиб, улуғ жаҳонгир ҳузурига мунтазам равишда ўз элчиларини юбориб турдилар. Масалан, юқорида тилга олинган Кастилия қироли Генрих III нинг элчиси дон Пелагия де Сатоматир ва дон Фердинанд де Паласуное 1402 йили Темур Қорабоғда турганда унинг ҳузурига келишган ва ўша йилнинг 20 июлида Амир Темур билан Боязид I Йилдирим (1389—1402) қўшинлари ўртасида бўлган энг катта қирғин-барот урушни томоша қилишган эдилар. Жангдан кейин уюштирилган катта қабул маросимида булардан бошқа яна бирталай мамлакатларнииг элчилари: ҳам қатнашдилар. Хуллас, ўша йиллари Темур билан Оврўпо давлатлари ўртасидаги савдо ва сиёсий муносабатлар қандай бўлганлигинн жуда кўп расмий ҳужжатлардан ҳам билиб олиш мумкин. Булар Темур ва унинг учинчи ўғли Ғарбий Эрон, Ироқ на Озарбайжои ҳокими мирзо Мироншоҳ (1393—1408) билан Франция, Аиглия ва бошқа мамлакатлар подшоҳлари ўртасидаги мактублардир. Мактублардан айримлари бугун машҳур Британия музейи (Англия) ва Париж Миллий кутубхонасида сақланмоқда.
Клавихонинг Амир Темур ҳузурига қилган элчилик саёҳати жуда узоқ, хавф-хатар ва машаққатлар билан тўла сафар бўлди. Клавихо ва унинг ҳамроҳлари Испаниянинг жануби-шарқий тарафида жойлашган Кадис шаҳридан елканли кемада Ўрта ер денгизи бўйлаб суздилар, сўнгра Стамбул, Трабзон, Арзирум, Табриз, Теҳроп, Машҳад, Марв на Балх орқали қуруқликда йўл босдилар. Улар Термиз қаршисида Амударёдан ўтиб, Кеш орқали 1404 йилпинг 31 августида Самарқанд қишлоқларидан Мисрга келдилар ва соҳибқироннинг шу атрофдаги чорбоғига келиб тушдилар. Шуни ҳам айтиш керакки, ўшанда Клавихо билан бирга Бобил (Миср) ва Туркия султонининг элчилари ҳам Самарқандга келдилар.
«Кундалик»да ўша вақтларда Амир Темур қўл остидаги мамлакатлар ва шаҳарларнинг умумий аҳволи, халқининг кун кечириши, Темур ва унинг яқинлари ташаббуси билан барпо этилган бинолар қасрлар, масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар савдо расталари, дўконлар, устахоналар; Темурийлар давлатининг Хитой, Ҳиндистон, Олтин Ўрда (Клавихо уни Татаристон деб атайди), Мўғулистон ва бошқа мамлакатлар билан бўлган сиёсий ва савдо алоқалари, Темур саройида амалда бўлган тартиб-қоидалар ва, ниҳоят, соҳибқироннинг хотинлари ва уларнинг мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ҳақида эътиборга молнк маълумотлар келтирилган. Бу маълумотлар, шубҳасиз, Туркистон заминнинг ўша вақтлардаги ижтимоий-сиёсий тарихини, ота-боболаримизпинг турмуш тарзини ўрганишда муҳим тарихий манбалардан бири ролини ўташи турган гап. Сўзимнинг исботи учуи бир неча мисол келтираман.
Самарқанд ва унда Амир Темур тарафидан қурдирилган бинолардан баъзилари ҳақида Клаихо жумладан мана буларни ёзади:
Самарқанднииг бойлиги ҳақида. «Бу юрт дон-дун, май, мева-чева, парранда гўшти, [бошқа] ҳар хил гўшт, қўйингки ҳамма нарсага бойднр... бир жуфт семиз қўйнинг нархи 1 дукат».
Катта хиёбон ва савдо расталари ҳақида. «Самарқанд шаҳрида ҳар йили Хитой, Ҳиндистон, Татаристон ва бошқа мамлакатлардан, шунингдек, бениҳоят бой Самарқанд салтанатининг ўзидан келтирилган моллар сотилади. Шаҳарга келтирилган молларни бир сафда тартиб билан жойлаштириб сотадиган кенг жой [шу пайтгача] йўқ эди. Подшоҳ икки тарафида қатор дўконлар жойлаштирилган савдо растасидан иборат кўча ўтказишни буюрди. Мазкур кўча шаҳарнинг бир чеккасидан бошланиб, қоқ ўртасидан ўтиб, иккинчи чеқкасидан чиқиши лозим эди. Подшоҳ бу ишни икки мирзосига топшириб, улар кечаю кундуз [тинмай] меҳнат қилдилар. Йўлга тушган уйлар кимники бўлишидан қатъи назар, бетўхтов бузилди... Кўчанинг икки тарафига дўконлар қурилди, ҳар бир дўкон олдида мармар билан қопланган юксак курсилар ўрнатилди. Ҳар бир дўкон иккита хонадан иборат эди. Кўчанинг тепаси гумбаз шаклида ёпилган бўлиб, ёруғлик тушиб турадиган туйнукчалар қўйилган»
«Шу йили (1404 йили — Б. А.) июнь ойида Хонбалиқ шаҳридан қарийб 800 туядан ташкил топган савдо карвони Самарқандга келди».
Ўрдабозор. [Катта тўй муносабати билан подшоҳ] «Самарқанд шаҳрининг савдо аҳли: саррофлар, читфурушлар, жавоҳир ва бошқа турли-туман моллар билан савдо қилувчилар, ошпазлар, қассоблар, новвойлар, тикувчилар, кафшдўзлар ва шаҳардаги бошқа барча ҳунармандлар подшоҳ ўрдаси жойлашган ялангликка чиқиб ва чодир тикиб савдо қилсинлар, ҳар бир косиб қароргоҳ бўйлаб кезиб, ўйин-кулги билан одамларнинг баҳр-дилини очсин», — деб буюрди. Шундан кейин барча тижорат аҳли шаҳардан чиқиб, подшоҳ қароргоҳи атрофига жойлашдилар. Ҳар бир ҳунарманд тартиб билан алоҳида-алоҳида раста ҳосил қилиб, ҳарбий ўйин-кулги уюштириб, қароргоҳ бўйлаб айландилар».
Кўксарой қасри ва ундаги подшоҳга тегишли қурол ишлаб чиқарувчи устахона ҳақида. «Шаҳар четида бир қаср бўлиб... теварак-атрофи сув оқиб турган хандақ билан ўралган бўлиб, қаср йўлаб бўлмайдиган истеҳком бўлиб қолган эди. Қаерда подшоҳнинг хазинаси сақланар, бу сабаб қозию қуззот ва унинг мулозимларидан бошқа ҳеч ким у ерга киролмас эди. Бу ерга подшоҳнинг фармойишига биноан, бир мингга яқин ҳунарманд асирлар жойлаштирилганди. Улар салтанат учун йил бўйи совут, дубулға, камон, найза ясайдилар».
Амир Темурнинг ўзи билан бирга олиб юрадиган кўчма масжиди ҳақида. «Элчиларни... саропардада қўйилган ёғоч уй олдига бошлаб кирдилар. Бу баланд иморатта зинапоя орқали чиқилади. Унинг теварак-атрофи ёғоч даҳлиз ва ойнабанд айвон билан ўралган эди. Тамом зарҳал ва ҳаворанг бўёқлар билан нақшланган бу бино шундай қурилган эдики, керак бўлганда бўлак-бўлак қилиб тахлаб қўйилса [ҳам] бўларди. Бу —подшо ибодат қиладиган масжид бўлиб, уни [Амир Темур] сафарда ўзи билан бирга олиб юрарди».
Маҳаллий халқнииг (уни Клавихо чиғатоийлар деб атайди) турмуш тарзи ҳақида. «У — меҳнатсевар, моҳир чавандоз, камон отувчи мерган, умуман урушда сабот-матонатли халқ. У борига қаноат қилиб, нонсиз [биргина] сут ва гўшт билан ҳам кун кечираверадиган, гўштли ва гўштсиз овқат билан ҳам тирикчилик қилишга ўрганган халқ. Иссиқ ва совуққа, очлик ва ташналикка чидамлиликда жаҳондаги бошқа элдан саботлироқ ва чидамлироқ халқ. Борида гўштни ҳаддан ортиқ истеъмол қилади, йўғида сувга қатиқ қўшиб қайнатиб ичиш билан кифояланади».
Феодал мажбуриятлардан бири ҳақида. «Темурбек отлари ва қўйларини ўз ясовулларидан бирига бир минг, бошқасига ўн минг бошини сурув қилиб, сақлаш учун бўлиб берган. Подшоҳ талаб қилганда сурувларни қайтаролмаган ёки туёғини мўлжалдагидан камайтириб қайтаргундай бўлса, подшоҳ ҳеч қандай товон тўлаш шартларига кўнмайди, борини олади-ю, лекин гуноҳкорни қатлга буюради».
Амир Темур саройида аёлларнинг мавқеи ҳақида.
«1404 йилнинг 23 октябрида, пайшанба куни подшоҳ ўрдада [яна бир] катта тўй бериб, элчиларни ҳам [унга]таклиф қилди. Тўйга кўп меҳмонлар келишди. Кўп-ўйин кулги, хурсандчилик бўлди. Подшоҳнинг хотинлари, аввалги тўйлардаги сингари кийинишиб ҳозир бўлдилар, эркаклар билан бирга ўйин-кулги қилдилар...»
Шаҳзодалар ва Амир Темур саройидаги хотинлар тасвири.
Хонзода бегим тасвири: «...Элчиларни ичкарига бошлаб кирдилар, Хонзода [бегим] ўлтирган жойга яқинлашганимизда у элчиларни ўз қаршисидаги соябон остидаги супага чиқиб ўлтиришга таклиф этди, Хонзода [бегим] ва унинг ҳузуридаги аёллар катта чодир эшиги олдидаги соябон остида ўлтирдилар... У Хонзода бегим бугун қариндошларидан бирининг никоҳ тўйини ўтказаётган эди. Бегим кўринишда қирқ ёшлар чамасидаги тўладан келган, оқ юзли аёл эди».
Сароймулкхоним тасвири: «Барча халқ ўринларига ўлтириб, саранжомлик ўрнатилгандан кейин тўйда, подшоҳ ҳузурида бўлиши лозим бўлган катта Каньо чодирлар ёнидаги саропардаларнинг биридан чиқиб келди. Хоним мана бундай кийинган эди: эгнида зар билан тикилган, этаги ергача судралиб турган узун ва кенг енгсиз қизил шойи кўйлак. Ёқа ва икки енг ўрни-дан бўлак очиқ жойи бўлмаған бу кўйлак белидан торайтирилган, этагига қадар кенгайиб боради... Кўйлак этагини ўн бешга яқин аёл кўтариб борарди. Хонимнинг юзига офтобдан сақланиш учун шу қадар кўп оқ ёғли упа сурилган эдики, чеҳраси бамисоли оқ қоғозга ўхшарди. Қишда ва ёзда сафарга чиққан барча асилзода аёллар юзларига шунақа ёғли упа суртадилар Хонимнинг юзига юпқа оқ мато ташланган, бошида фақат жангда кийиладиган дубулғага ўхшаш баланд, қизил тусдаги бош кийими. Унинг бир учи хонимнинг елкасиға тушиб турибди. Ўша қизил дубулғага жуда кўп йирик, дона-дона марваридлар, ёқут, фируза ва бошқа хилма-хил. [қимматбаҳо] тошлар қадалган. Бош кийимнинг ҳалиги елкага тушиб турган қисми зар билан тикилган, [унга] қимматбаҳо тошлар ва йирик марваридлар билан безатилган чиройли олтин баргак қадалган... Хонимнинг тим қора сочлари елкасига тушиб турарди...»
Халил султон тасвири: «Халил султон отасига ўхшаш миқти гавдали, оқ юзли, 22 га кирган йигит эди».
«Кундалик»да шунга ўхшаш қизиқарли маълумотлар жуда кўп. Клавихонинг «Кундалиги» да айрим ноаниқликлар, хато ва камчиликлар ҳам учрайди. Улардан баъзиларини келтирамиз».
«Айтишларича,— деб ёзади Клавихо,— Темурбек ўзининг тўрт-беш хизматкори билан қўшни хонадонларнинг бир куни қўйини, иккинчи куни сигирини тортиб ола бошлайди... Баъзан базмга берилиб кетиб ўғирланган қўйлар билан уларни меҳмон қиларди. Баъзан жасурлиги, олижаноблиги тутиб кетиб, бор нарсасини ўз одамларига сидқидилдан бўлиб берганлиги туфайли, унинг атрофига кўп одамлар тўплана бошлайди. Охири унинг отлиқлари 300 га етади. Шундан кейин у ўз отлиқлари билан узоқларга бориб ўзи ва одамларига керак бўлган нарсаларни талаш ва ўғирлаш билан машғул бўлди; йўлларга чиқиб савдогарларни ҳам талай бошлади». Лекин соҳибқиронинг ҳаётига бағишланган биронта тарихий асарда унинг ўғри ва йўлтўсар бўлганлиги ҳақида маълумот учратмадик. Бу ҳақда ҳозирги айрим китобларда учраб турадиган бундай гаплар афтидан Клавихонинг кимдандир эшитган мана шу ярим афсона гапларига асосланганга ўхшайди.
«Кундалик»да Чиғатойнинг ўлими Ҳалил султоннинг Амир Темур вафот қилган кунлардаги аҳволи ҳақида айтилган гаплар ҳам ҳақиқатдагн йироқдир. Ҳусусан, Клавйхонинг айтишича, Чиғатойни Самарқанд халқи ўлдирган эмиш, Халил султон бўлса, Темур вафот қилган кунлари Самарқандда бўлмаган эмиш. Аслида бундай эмас. Чиғатой ўз ўрдасида, Ила дарёси бўйида 1242 йили вафот қилган, Халил Султон эса Темур вафот этган куни Тошкентда бўлган.
Клавихо Амир Темур 1404 йилнинг 4 сентябрь куни Тўхтамишнинг элчисини ўз юртига жўнатиш билан банд бўлганлигини ёзади. Маълумки, Тўхтамиш бу вақтда йўқ эди, Самарқандға, Темур ҳузурига эса унинг ўғилларидан Чеҳра ўғлон келганди.
Асарда учрайдиган яна бир камчилик — бу киши ва жой номларининг ёзилишидаги чалкашликлардир. Албатта, бошқа миллат кишиси учун маҳаллий атамалар ва сўзларни тўғри талаффуз қилиш жуда қийин. «Қундалик»да тилга олинган Амират —Мурод, Кариль султан — Халил султон, Кирманоли — Мануил Палеолог, Карамиш — Тўхтамиш, Миаша мирасса —-Мироншоҳ мирзо, Ангури — Ангора, Балдат—Бағдод, Баубер-ель—Бовард, Қанбалек—Хонбалиқ, Каррас—Аракс, Орасан— Хуросон эканлигини англаш мумкин. Лекин улар орасида Буамо, Талисия, Жагаро каби атамалар ҳам борки, уларни асло аниқлаб бўлмайди.
Энди бир неча сўз «Кундалик»нинг чоп этилиши ва таржималари ҳақида. Асар биринчи марта 1582 йили, яъни ёзиб тамомлангандан 150 йил кейин Испаниянинг Севилья шаҳрида «Буюк Темурнинг ҳаёти ва фаолияти» номи билан чоп этилди. Орадан 200 йил кечгач, 1782 йили у Мадридда шу номда иккинчи марта нашр этилди. «Кундалик» испан тилида учинчи марта 1949 йили Мадридда Лопес Эстрада тарафидан нашр этилди. Асар рус тилида биринчи марта (таржимон И. И. Срезневский) 1881 йили Петербургда чоп этилган. Яқинда (1990) «Кундалик» нинг яна битта русча нашри (И. С. Миракова нашри) амалга оширилди. Таниқли адабиётшунос олим профессор Очил Тоғаевнинг ўзбекча нашри И. И. Срезневскин нашрига асосланган ва талаб даражасида амалга оширилган.
Бўривой Аҳмедов