loader
Foto

Пайғамбар алайҳиссаломга саловат айтиш

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар, (сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинглар!” (Аҳзоб, 56-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту шариф айтишнинг фазилати қатор ҳадисларда ворид бўлганки, уларни бир жойга жамлаб, алоҳида китоб тайёрлаш ҳам мумкин. Кўплаб олимлар бу борада алоҳида асарлар ёзгани ҳам бунинг исботидир.

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, афзал кунларингиздан бири жума кунидир. Унда Одам яратилди ва жони олинди. Унда сур чалинади ва мамақолдироқ овози бўлади. Бас, бу кунда менга салавотни кўп айтинглар. Чунки салавотларингиз менга кўрсатилади”, дедилар. Саҳобалар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, сиз чириб кетганингиздан сўнг, қандоқ қилиб бизнинг салавотимиз сизга кўрсатилади?”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла ерга анбиёларнинг жасадларини ҳаром қилган”, дедилар”. (Абу Довуд ва Насоий ривояти)

Абдуллох, ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, (улар) менга етказилади ва эшитаман”, дедилар”. (Шофеий ва Ибн Можа ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг жаннатда менга энг яқинларингиз, менга салавотни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга салавот айтишни кўпайтиринглар”, дедилар”. (Шофеий ва Байҳақий ривояти)

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги кўрсатмалари келтирилади:

Абу Талҳа Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни кўтаринки кайфиятда тонг оттирдилар. Муборак юзларида хурсандчилик балқиб турар эди. У зот: “Ҳа, ёнимга Роббим азза ва жалла томонидан бир келувчи келди ва айтдики, умматингиздан кимдир сизга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло (бунинг учун) унга ўнта яхшиликни ёзиб, ўнта (сағира) гуноҳини афв қилади ва уни(нг даражасини) ўн даража баландга кўтаради ва унга ҳам у(салавот)нинг ўхшашини қайтаради”, деб айтдилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг олдида мен зикр қилинсам, менга салавот айтсин. Чунки, ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн марта раҳмат йўллайди”, дедилар”. (Насоий ва Аҳмад ривоятлари)

Салавоту шарифнинг энг афзали намозда ўқиладиган салавоти Иброҳимдир. “Соллаллоҳу алайҳи васаллам” эса, энг қисқа салавот ҳисобланади. У билан ҳам салавоту шарифнинг фазилати ҳосил бўлади.

Қаерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ёзилса, бас тўлиқ жумла “соллаллоҳу алайҳи васаллам”, деб ёзилиши лозим. Фақат, (с.а.в.)нинг ўзи ёзилиши салавот ўрнига ўтмайди.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

"Енгил амаллар" китобидан

Абдуллатиф Аллоқулов таржимаси



ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Мусиқа билан саловат айтиш бидъатми?