loader
Foto

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг оталари куфрда ўтганми?

Имом Аъзамнинг мазкур сўзлари улар (яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ота-оналари) “имон билан ўтишган” ёки “улар куфрда ўтишган, кейин Аллоҳ таоло уларни тирилтиргандан сўнг имон билан ўтишган”, дейдиганларга раддиядир. Мен (Алиюл қори) бу ҳақда бир рисола ҳам ёздим. Унда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари куфрда ўтганлари ҳақидаги Суютийнинг учта рисоласини қўллаб-қувватладим.

“Ал-Фиқҳ ул-акбар”нинг баъзи нусхаларида бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам имон билан ўтганлар”. Агар ҳақиқатда Имом Аъзам ана шундай зикр қилган бўлсалар, ундан мурод бизларга эслатишни қасд қилган бўлишлари мумкин. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам пайғамбарлардан бирларидир. Ҳамма пайғамбарлар ҳаётларининг аввалидан сўнгигача куфрдан маъсум бўлишган. Шубҳасиз, биз Пайғамбаримиз алайҳиссаломни имон билан ўтганларига ишонамиз. Аммо Пайғамбардан бошқа инсонларни, яъни валийларни, уламоларни имон билан ўтишган, деб қатъий ҳукм этолмаймиз. Шубоис, жаннат башорати берилган ўн саҳоба ҳам охирида ҳоллари қандай бўлишини билмай қўрқардилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари, ҳазрат Алининг отаси Абу Толиб куфрда ўтгандир.

Абу Толиб Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга имон келтирмади. Абу Толибнинг вафоти яқинлашганди. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнига бордилар. Абу Жаҳл ва дўстлари Абу Толибнинг ёнида эди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Толибга:

-    Амаки! Шаҳодат калимасини айтинг! Аллоҳ таоло ҳузурида сизнинг фойдангизга у билан гувоҳлик бераман, - дедилар. Абу Жаҳл Абу Толибга:

-    Абдулмутталиб миллатидан юз ўгирасанми? - деди ва бу сўзини бир неча бор такрорлади. Абу Толиб охири:

-    Мен Абдулмутталиб миллатидаман, - деди. “Ла илаҳа иллаллоҳ” демади. Сўнг Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам:

-    Аллоҳ таолога қасамки, агар қайтарилмасам сизнинг гуноҳингизни кечиришини сўраб Аллоҳ таолога истиғфор айтаман, - дедилар.

“На Пайғамбар ва на мўминлар, - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзах аҳлидан эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир” (Тавба сураси, 113-оят).

Яъни, куфрда ўтганлари аниқ бўлса, улар ҳақида Аллоҳ таолодан мағфират тилаш мумкин эмасдир.

“(Эй Муҳаммад), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхши билгувчидир” (Қасас сураси, 56-оят).

Мулла Али ибн Султон Муҳаммад Қорининг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан

Йўлдош Эшбек таржимаси