loader
Foto

Мулла Алий Қори

Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи қироат илмида имомлардан бўлганлиги учун ал-Қори номи билан машҳур бўлган. Бу ҳақда муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи машҳур “Шотибийя” китобига ёзган шарҳида шундай келтиради: “Аммо, мени қироатлар таҳқиқи ва ривоятлар тадқиқидаги санадим энг буюк машойихлар ва улуғ қорилар бўлган. Бу фанда энг комил ва улуғи асрининг ягонаси ва замонининг яктоси олим, омил, солиҳ, комил шайх Сирожиддин Умар ал-Яманий аш-Шавафий бўлган.”

Ўз замонасидаги уламоларнинг энг йирик намояндаларидан бўлиб фиқҳ, ҳадис, усул, наҳв, тафсир ва қироат, тарих, тасаввуф ва яна булардан бошқа диний ҳамда дунёвий билимларни ўзида чуқур мужассам этган, ақлий ва нақлий илмни ўзида жамлаган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати мутоҳҳараларини пухта билган замонасининг ягона уламоларидандир.

Таваллуд топиши: – Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи Хуросоннинг энг катта шаҳарларидан бўлган Ҳирот шаҳрида туғилиб ўсди. Ҳиротнинг катта уламоларидан илм таҳсил олиб Маккага риҳлат қилди ва шу муборак ерни вафот этгунга қадар ўзига ватан қилиб олди.

Устозлари: – Маккада Абул-Ҳасан Ал-Бакрий, саййид Закариё Ал-Ҳусайний, Шиҳоб Аҳмад ибн Ал-Ҳажар Ал-Ҳайсамий, Атийятус Суламий Ал-Маккий, Хўжа Абдуллоҳ Ас-Самарқандий Ан-Нақшбандий, Шайх Алий Муттақий, Шайх Миркилон ва булардан бошқа ўз замонасидаги кўплаб араб ва ажам бўлган буюк устозлардан илм-маърифатни ва фазлу-карамни ўзида жамлади.

Вафоти: – Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи Маккаи Мукаррамада ҳижрий 1014 йили шаввол ойида вафот этди ва Ал-Муъалло номли қабристонга дафн этилди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар Миср уламоларига етиб борганда Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳининг обрў-эътибори улуғ бўлганлигидан Миср уламолари Ал-Азҳар жомеъасида унинг ҳаққига ғоибона жаноза намозини ўқидилар.

Ёзган асарлари: – Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳи исломий фанларнинг қариб барчасида китоб, рисола ва мақолалар ёзган. Имомнинг таьлиф қилган китобларини қуйидаги шаклда кўрамиз:

1. Тафсирул Қуръон. (Қуръони каримнинг тафсири.)

2. Асмаул ҳанафийя. (Ҳанафий мазҳаб уламоларининг таржимаи ҳоллари.)

3. Ал-Манасик. (Ҳаж ҳақида китоб.)

4. Шарҳул Мишкот. (Ал-Мирқотул мафатиҳ шарҳул мишкатил масобиҳ.)

5. Мушкилатул Муватто.

6. Шарҳуш Шифо. (Имом Қози Муҳаммад ал-Иёзнинг “ аш-Шифо ” номли сийрати набавийя ҳақидаги китобларига шарҳ.)

7. Шарҳул Ҳисн.

8. Ал-Асмару фил фиқҳ.

9. Шарҳуш шамаил.

10. Таълиқ ала адаби ас-Саҳровардий.

11. Сийратул Жийлоний.

12. Талхийсу маваддил қомус.

13. Шарҳул арбаъинан Нававийя.

14. Ҳошиятул жалолайн.

15. Тазкиратул мавзуот.

16. Ал-арбаъина ҳадисан қудсийян.

17. Шарҳул фиқҳил Акбар.

18. Шарҳу қасидатит тавҳид.

19. Ар-Родду ала ибн ал-Арабий.

20. Шарҳу айнил илм.

21. Шарҳу мухтасарил манор.

22. Шарҳу қасидатил Бурда.

23. Тавзиҳул мабани.

24. Фатҳу бабил инаяҳ фи шарҳи мухтасарил виқоя.

Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳининг бундан бошқа кўплаб китоб ва рисолалари мавжуд. Бизгача уларнинг аксарият қисми етиб келган ва чоп этилган. Мусулмонлар тарафидан бу китоблар севиб ўқилади. Ҳатто, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг айрим китоблари ҳозиргача кўплаб Ислом олийгоҳларида дарслик сифатида қўлланилиб келади.