Олимнинг уламоларга нисбатан тавозеъли бўлиши шартдир.Чунки, илм унга камтарликни кўрсатади. Олимнинг камтарлиги илмсиз шахсга нисбатан ҳам бўлмоғи керак. Илмнинг ҳурмати Аллоҳ таоло ва ақлли кимсалар ҳузурида бўлади.
Олимнинг илми, сидқидиллиги ва яхшиликни хоҳлашдаги сифатларидан бири - илми билан Аллоҳ розилигини исташидир. Шунингдек, олим илмни подшоҳлар ҳузурида мартабали жойни эгаллаш мақсадида ўрганмайди ва илмини уларнинг олдиларига кўтариб бормайди. Илмни фақат унинг қадрига етмайдиганлардан сақловчидир. Илми учун ҳақ олмайди ва у билан эҳтиёжларни талаб қилмайди! Ёмон болаларга яқинлашмайди ва камбағаллардан йироқда бўлмайди. Ёмон болалардан воз кечади ва камбағаллар ҳамда солиҳларга илм фойда бериши учун уларга камтарлик кўрсатади. Олимнинг илмий мажлиси бўлса, ўзи билан ўтирганга чиройли муомалада бўлишни, кимдир ёмон муносабатда бўлса ҳам, юмшоқ сўзликни ва чиройли ахлоқда бўлишни ҳамда ахлоқсизликни тарк этишни ўзига шарт қилиши керак.
Олимнинг ёнма-ён ўтирганлар билан ахлоқи: кимнингдир зеҳни тезда тушуниш даражасидан паст бўлса, олим-у тушуниб олгунча, сабрли бўлади. У бекорга жаҳл қилса ҳам, эзгуликни хоҳламагунча олим кучли бардошли бўлади. Ўзи билан ўтирганларга энг яхши хулқларни ўргатади, уларни бекорчи нарсаларга шўнғиб кетишга чорламайди. Олим илмдан гапирилаётган нарсага жим қулоқ солишни уларга буюради.
Агар одамлардан кимдир илм аҳлига нисбатан ёмон хулқ билан муомала қилиш йўлига юрса, унинг юзига ҳақоратли танбеҳ бермайди. Лекин, “Илм аҳлига бу ярашмайди, унинг одоби бундай: аҳли илм бундай нарсалардан узоқда бўлиши керак, бундай хулқ эгаси яхши бўлмайди...”, деб таълим берилади. Одобсиз кимса эса,бундан кўзланган мақсад нималигини албатта билади. Бу ҳақда, олим ўзининг яхшилиги билан уни олдиндан огоҳлантиради. Агар улардан кимдир ўзига фойдаси бўлмаган нарса ҳақида олимдан сўраса, олим сўровчини ундан қайтаради ва унга фойда бўлган нарсага буюради. Агарда уларнинг илми саёзлиги ва илмга беэътибор бўлганлари маълум бўлса, олим буни уларга билдиради.
Олим савол сўровчига қўпол танбеҳ бермайди. Шу сабаб бўлиб, у хижолат бўлмасин. Уни бақириб ҳайдамайди. Шу сабаб бўлиб, унинг обрўси тўкилмасин. Аммо, олим сўровчининг нимани назарда тутаётганлиги тўғрисидаги мақсадини билиб, сўралган масалада сўровчини тўғрилаш учун масалани муфассал тушунтиради. Ҳаром ишлардан ўзини сақлаш ва фарз бўлган илмларни ўрганишга савол сўровчини қизиқтириб, ундайди. Кимдир олимдан савол сўраса ва ўша масаласи ҳақида билимга муҳтож бўлса, у кишини қабул қилиб, унга ўргатади. Баҳс ва иккиюзламачиликни хоҳлаб савол сўраган кишини олим тарк этади. Ҳикмат ва чиройли маъруза билан уларни ўзига яқинлаштиради. Нодонга нисбатан вазмин жим туради, ҳикматни насиҳат қилиб тарқатади. Бу ва бунга ўхшаш хулқлар олимнинг ўзи билан ўтирганларга нисбатан сифатларидир.
Кимдир олимдан илм ва фатво сўраганда олим қиладиган ишга келсак, кимдир ундан масала сўраса ва олим бу ҳақида билса, унга жавоб беради. Албатта, олим берган жавоб Қуръони карим, суннат ва ижмоъга асосланган бўлиши керак. Агар илм вакиллари ихтилоф қилган масала ҳақида сўралса, олим уни батафсил тушунтиради. Олим мазкур масалани Қуръони карим, суннат ва ижмоъда учратса, уларни баён қилади. Агар баъзи саҳобалар ва уламоларнинг гаплари бир-бирига мос бўлса, уларни батафсил баён қилади. Агар уларнинг гаплари бир-бирига тескарилигини кўрса, уларнинг гапларини ўзи яхшилаб тушуниб олмагунча, айтмайди. Олим фикрида шубҳаланса, ҳақиқат унга аён бўлмагунча, ўзидан илмли ёки тенг бўлган кишидан сўраш унга шарт бўлади. Шунингдек, олим устозидан яхшилик ва ҳақиқатга эришиш учун огоҳлантиришни сўраши вожиб бўлади. Олим билмайдиган илми ҳақида сўралса, “мен биламан”, дейиши тўғри бўлмайди.
Олимдан масала сўралса ва уни бетартибликка сабаб бўлувчи масалалардан эканлигини билса, мусулмонлар орасида фитна қилиб қўймаслик учун ўша саволга жавоб беришдан бош тортади ва савол сўровчига эътироз билдириб, уни энг муносиб бўладиган жавобга йўналтиради.
Агар олим бир масалага фатво бериб, кейин унинг хатолигини билса, берган фатвосидан қайтишни уят санамайди. Агар олим бир гап айтганда, унга ўзидан илмли ёки тенг ёки ўзидан илми паст олим раддия берса ва олим гапининг хатолигини билса, ўч гапидан дарҳол қайтади ҳамда раддия берган кишини мақтайди ва унга яхшилик тилайди.
Агар олимдан масала сўралса ва у масала тўғрисидаги гап олимга шубҳали бўлса, олим “Мендан бошқалардан сўранглар”, дейди. Яъни, сўралган нарсанинг ҳал қилинишини олим ўз зиммасига олишга мажбур эмас. Бидъат пайдо қиладиган масалалардан ўзини йироқ тутади. Бидъат вакилларига қулоқ солмайди, уларнинг мажлисларига бормайди, улар билан жанжаллашмайди.
Олим Китобга ва суннатга асосланади. Саҳобаларнинг, улардан кейинги тобеъинларнинг хдмда мусулмонларнинг кейинги имомлари гапларига суянади.
Олим Қуръони карим ва суннатга буюради, бидъатдан қайтаради. Шунингдек, у уламолар билан баҳслашмайди, нодонлар билан жанжаллашмайди. Аллоҳнинг каломини тиловат қилишдаги мақсади ҳукмларни тушуниш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидаги фиқҳни англаш бўлади. Буларнинг бари олим ўзининг Аллоҳ олдидаги бурчини зое қилмаслиги учундир. Илм Аллоҳга қандай қурбат ҳосил қилишни, ғофил кишига эслатишни ҳамда жоҳил кишига ўргатишни ҳамда ҳикматни илм вакилларига беришни, улардан бўлмаганларга эса, бермасликни билиш учун ўрганилади. Олим киши дорининг қаерга малҳам бўлишини билган табиб кабидир.
Аллоҳ таоло илмни инсонларнинг қалбларига ёйиб қўйган бўлса, яхши ахлоқлар ўша илм эгасининг сифатлари бўлмоғи даркор. Олимнинг илми кўпайиб борган сари Аллоҳга тавозеъси ҳам ортиб боради. Олим илмдан олиши лозим бўлган вожибларни эгаллаб боришни, ўта эҳтиёткорлик билан Аллоҳ таолодан сўрайди.
Абу Бакр Ал-Ожуррийнинг
"Ахлоқ ул-уламо" китобидан