loader
Foto

Тартибларни ўзгартиришдан аввал ўзни ўзгартириш ҳақида

“..Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас..”. (Раъд сураси, 11-оят)

Бу ҳар бир ислоҳ, ўзгартириш, ижтимоий бинонинг асосидир. Ишни шахсдан бошлаш барча бинонинг асосидир. Зеро, пойдевори заиф бўлган жойдан мустаҳкам иморатни орзу қилмайдилар.

Инсон жамият деворининг биринчи ғиштидир. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон инсон пайдо қилишга ва уни комил исломий тарбия топишига барча ҳаракатни сарфламоқ керак. Чунки у барча бино ва ислоҳ навлари учун зарурий муқаддимадир. Бу эса нафсдаги нарсани ўзгартириш демакдир.

Солиҳ инсонни бино қилиш пайғамбарларнинг ҳам, пайғамбарлар меросхўрларининг ҳам, улардан кейингиларнинг ҳам муҳим ишларидандир.

Инсон иймон билан қурилган нарсанинг аввалидир. Яъни, унинг қалбига соғлом ақидани экиш биланки, унинг оламга, инсонга, ҳаётга, оламлар Роббисига, инсоннинг Яратувчиси, ҳаёт Берувчисига бўлган назари тўғри бўлади ва бу нарса инсонга унинг боши-ю охирини, вазифасини англатади ва мен кимман, қаердан келдим, қаерга бораман, нима учун яратилдим, ҳаёт нима, ўлим нима, ҳаётдан аввал нима бор, ўлимдан кейинчи, ақлимни таниганимдан буён мана шу сайёрадаги вазифам нималардан иборат, мен ҳам ўламанми, каби саволларга жавоб беради.

Фақат иймонгина инсоннинг мана шундай саволларига тўла жавоб беради ва ҳаётга ўз мақсадини, маъноси ва қийматини беради. Зеро, инсон иймонсиз бу борлиқда сарсон бўлган зарра кабидир. Энди унинг ҳажм жиҳатдан мана шундай катта коинот мажмуаси олдида, қудрат жиҳатидан вайрон қилиб ўлдириб юбораётган табиат ҳодисалари - сел-тошқинлар, вулқонлар, зилзилар олдида унинг ҳеч бир қиймати йўқдир. Инсон буларнинг олдида қанчалик илм, ирода, замонавий технологияларга эга бўлмасин, қўли шол ожиз каби бўлиб қолади.

Иймон доимий нажот халқасидир. У билан инсоннинг ичини ислоҳ қилиш мумкин. Инсон чорвалар етаклангандек етакланмайди. Инсон темирдан, мисдан, олтин-кумушдан қилинадиган асбоб-ускуна ҳам эмасдир.

У ақли ва қалби билан ҳаракатланар ва пировардида қаноатланар, қаноатлантирар, рағбатланар, рағбатлантирар, огоҳ бўлар, огоҳлантирар. Иймон шундай нарсаки, у инсонни ҳаракатлантириб, уни тўғри йўлга йўналтирар, унда кучларни пайдо қилар, балки у уни янги руҳ, янги ақл, янги ирода, янги фалсафа билан янгитдан яратар. Бунга Фиръавннинг сеҳргарлари Фиръавннинг кучига қарши туриб, Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтиришган пайтлари мисол бўла олади. Ўшанда улар Фиръавнга баланд ва юксакликда туриб деган эдилар:

“..Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан”. (Тоҳа сураси, 72-оят)

Яна бунинг мисолини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларида кўришимиз мумкин. Уларнинг Аллоҳга бўлган иймонлари уларни жоҳилиятдан Исломга - бутларга ибодат қилиш, чорва боқишдан умматни бошқариш, башариятни Аллоҳнинг ҳидояти томон етаклаш, уларни зулматлардан нурга чиқаришга кўчирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликдан сўнг Маккада ўн уч йил турган бўлсалар, шу ўн уч йил ичида у зотнинг бор ғамлари, амаллари иймон руҳида бўлган биринчи авлодни бино қилиш эди.

Бу суннатларнинг ҳеч бирида жамиятни тартибга келтирадиган, унинг оилавий ва ижтимоий алоқаларини бошқариб турадиган, унинг қонунларидан четга чиққанларни жазолайдиган қонунлар бўлмай, балки Қуръонга, Суннатга бўлган амал мана шу инсоннинг, у зотнинг асҳобларидан иборат бўлган саҳобалар авлодининг, ўзидан кейин барча оламни тарбия қилсин учун уларнинг тарбиясининг биносидир.

Бу борада Арқам ибн Абул Арқамнинг ҳовлиси ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. У жойда воқеалар ривожига кўра одамларни аста-секинлик билан ўқитиш, у билан уларнинг, улар билан бирга иймон келтирганларнинг қалбларини собитқадам қилиш ҳамда мушрикларнинг саволларига жавоб қайтариш, уларнинг лоқайдликларига жазо бериш учун Аллоҳнинг Китоби бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлди. Арқам ҳовлиси мўминнинг қалбини тарбия қилишда муҳим ўрин тутади. Аллоҳ таоло айтади:

“Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик”. (Исро сураси, 106-оят)

“Кофир бўлган кимсалар: «(Нега) бу Қуръон унга (Пайғамбар алайҳис-саломга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз у - Қуръон билан Сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни дона-дона қилиб баён этдик. Улар Сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол келтирсалар албатта Биз Сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик”. (Фурқон сураси, 32-33-оятлар)

Агар бизлар ўз аҳволларимизни ислоҳ қилишни истар эканмиз, бугунги кунда қилишимиз керак бўлган энг муҳим нарса аввало соғлом ибтидодир. Бу эса инсонни суратда эмас, балки ҳақиқий бино қилиш билан бўладики, бизлар унинг ақлини, руҳини, жисмини, хулқини унда хаддан ҳам ошмаган, паст ҳам кетмаган ҳолда тўғри бино қилишимиз керак, уни ақлий томондан маданиятли, руҳий томондан ибодатли, жисмоний томондан риёзатли, хулқ томондан фазилатли, ҳарбий томонидан кучли, ижтимоий томондан фаол, сиёсий томондан онгли қилиб қуришимиз керак. Уни дин учун ҳам, дунё учун ҳам биргаликда тайёрлашимиз, ўзини ҳам, ўзгани ҳам ислоҳ қилувчи қилишимиз керакки, ҳатто у дунё ва Охират зиёнидан нажот топсин, Аллоҳ таоло бу ҳақда Аср сурасида зикр қилган:

“Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (Йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ Йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)”. (Аср сураси, 1-3-оятлар)

Бу нарса энди фақатгина борлиқни тўла тасаввур қилиш, ҳаётни равшан тушуниш, маданиятни комил англаш билан етук бўладики, ана шунда уммат унга ишонади, у ҳам фарзандларини, қизларини унга бўлган ишонч билан, унинг ҳукмига амал қилиш, унинг йўлида юриш билан тарбиялайдики, бу борада у барча нарсалардан ёрдам олиши мумкин, масжид, мадраса, китоб, газета, телевидение, радио ва ҳоказо.

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур таржимаси