loader
Foto

Намоздан сўнг имомга мустаҳаб бўлган амаллар

Чунки бу икки намоздан сўнг нафл (суннат) намози бўлмагани учун ўтиришда зарари йўқ. Лекин намоздан сўнг қиблага юзланган кўйи ўтириб қолиши макруҳ. Оиша розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон намоздан фориғ бўлса, («Оллоҳим, Салом — тинчлик-омонлик Сенинг Ўзингсан ва тинчлик-омонлик Сендандир, эй улуғлик ва саховат Эгаси, Сен барака ёғдиргувчи Зотсан») дуосини айтадиган миқдордагина ўрнида ўтирар эди.

Ривоят қилиндики, имом салом бериб, намоздан чиқанидан кейин ҳам қиблага қараб ўтириши бидъатдир. Чунки имом намоздан чиқанидан сўнг ҳам

қиблага қараб ўтирса, жамоатга кейин келган киши имомни ҳали намозда деб ўйлаб унга иқтидо қилиши мумкин, натижада бу иқтидо бузилади. Демак имомнинг намоздан чиққанидан сўнг ҳам қиблага қараб ўтириб қолиши унга эргашувчининг иқтидоси бузилишига сабаб бўляпти. Хоҳласа, имом намоздан кейин қавмга юзланиб ўтириб олиши мумкин, лекин бу ҳолда имомнинг рўпарасида бошқа биров намоз ўқиётган бўлмаслиги керак. Ривоят қилинадики, Пайғамбар алайҳис-салом бомдод намозини адо қилиб бўлгач, саҳобаларга юзланиб: «Сизлардан бирортангиз туш кўрдими?» — деди. Бу билан гўёки Пайғамбар алайҳис-салом Макка фатҳидан хушхабар бўлган бир тушни кутаётган эди.

Макка шаҳри Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган ватани эди. Кейин Пайғамбар алайҳис-салом туғилиб ўсган ватанини тарк этишга мажбур бўлди. Бир неча йилларини бу мукаррам шаҳардан узоқда, ҳижратда кечирди. Ватан соғинчи ҳар куни Расулуллоҳни ўртар, ватанидаги муқаддас маскан - Каъбанинг бутларга макон бўлиб ётгани қалбини тирнар эди. Қани эди, тезроқ Маккаи мукаррама фатҳ этилса-ю, шаҳар бутлардан тозаланса! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мана шу соғинчда Каъбатуллоҳнинг зиёратига ошиқар, ҳатто бу интизорлик ҳар бомдод намозидан сўнг: «Маккани фатҳ қилаётганимиз бирортангизнинг тушига кирмадими?» - деган мазмундаги савол бўлиб, юракдан отилиб чиқаётган дамлар эди бу..!

Демак бу ҳадис намоздан фориғ бўлгач, имомнинг қавмга юзланиши дурустлигини тасдиқлайди.

Агар имом қавмга юзланса, намоз ўқиётган киши унга рўпарама-рўпара бўлиб қоладиган бўлса, имом қавм томон ўгирилмайди. Чунки намозда суратнинг суратга юзланиши макруҳдир. Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг бошқасига юзланиб намоз ўқиётганини кўриб қолди. Кейин уларга қамчини кўтариб таҳдид билан: «Суратга юзланяпсанми?!» — деди намоз ўқувчига. «Сенчи, намоз ўқиёт-ган кишига юзинг билан рўпара турибсанми?!» — деди боппқасига. Имом намоздан фориғ бўлгач, хоҳласа, ўзини четга олади. Чунки намоздан сўнг имом ўзини четга олар экан, жамоатга кейин келган кишининг имомни ҳали намозда деган чалғишига ўрин қолмайди, худди намоздан сўнг имом қавм томонга ўгирилиб олганидаги каби.

Намозни ўқиб бўлганидан кейин имомнинг ўзини четга олиши қандай тарзда бўлиши кераклиги хусусида машойихлар турли хил фикр билдиришган.

Улардан баъзиларнинг айтишича, намоздан фориғ бўлгач, имом ўнг томонни муборак билиб, қибланинг ўнг тарафидан (яъни, ўнг елкаси билан) бурилади. Яна баъзилари айтадики, чапдан бурилса, чап елкаси ўнгга бурилган бўлади.

Машойихлардан бошқаларининг айтишича, намоздан сўнг имом чапга буриладими ё ўнггами, ихтиёрлидир. Мана шу сўз тўғридир. Чунки намоз ўқиб бўлгач, имомнинг қавм томонга бурилиб туришидан кўзланган мақсад жамоатга кейин келган кишининг имомни ҳали намозда деган чалғишига ўрин қолдирмасликдир. Бу мақсад ҳар икки ҳолда ҳам ҳосил бўлади.

Агар фарздан кейин яна суннат намози ҳам бўлган ҳолда фарзни адо қилиб бўлгач, дарҳол суннат намозини ўқишга киришмасдан ўтириб қолиш макруҳдир. Бу ҳолда ўтириб қолишнинг макруҳлиги Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумалар каби улуғ саҳобалардан ривоят қилинган. Улар фарз намозини тугатганлари заҳоти гўё саждадан қиёмга тургандек кейинги суннат намозига туриб кетишарди. Чунки фарз намозини ўқиб бўлгандан сўнг ҳам ўтириш жамоатга кейин келган кишининг имомни ҳали намозда деган чалғишига сабаб бўлади. Демак имом фарз намозни ўқиб бўлгач, турган ўрнидан қўзғолиб, бошқа жойга жилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилади: «Намоздан фориғ бўлгач, сизлардан бирортангиз олдинга ё орқага жилиб туришга наҳотки, ожизлик қилсангиз?!»

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади-ки, имом учун имомлик қилган ўрнидан силжимасдан нафл намозларни ўқиши макруҳир. Чунки бу ҳолат жамоатга кейин келган кишини чалғитади. Шундай экан, имом бунинг олдини олиб, намозни ўқиб бўлиши билан ўзини четга олиши лозим. Қолаверса, намозларни турли жойда ўқишда гувоҳлар кўпаяди. Ривоят қилинадики, Қиёмат кунида намоз ўқилган ҳар бир ўрин намоз ўқувчининг фойдасига гувоҳликка ўтади.

Фарз намоз ўқиб бўлингандан сўнг имомга эргашганларнинг ҳолати ҳақида баъзи олимларнинг айтишича, иқтидо қилувчилар жойини ўзгартирмаса ҳам бўлади. Чунки имомнинг ўрни бўш тургани кўринар экан, кечикиб келган кишида булар жамоат намози ўқимаётганмикан, деган гумон туғилмайди.

Имом Муҳаммаддан ривоят қилинади: «Жамоат намози ўқиб бўлингач, қавмнинг сафни бузиб, тарқоқроқ туришлари мустаҳаб. Шунда жамоатга кечикиб келган киши кўпчиликнинг имомдан узоқда турганини кўриб, фарз намоз тамомига етганини билади, чалғимайди. Юқорида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бунга далилдир.

Шу ергача намознинг ташқарисидаги вожиблар ҳақида айтилди. Энди намознинг ичкарисидаги вожибларга келсак, улар икки хилдир: аслий ва ориз, яъни, кейин пайдо бўлган бир сабаб билан вожиб бўлган ишлар.

Алоуддин Косонийнинг

"Бадоеус саноеъ" китобидан

Алоуддин Мансур таржимаси ва шарҳи