Россия Марказий банкининг охирги заҳиралари "ёнмоқда". Россия заҳираларида музлатилмаган сўнгги "дўстона" валюта – Хитой юанининг нархи пасайишда давом этмоқда. Жума куни юан деярли икки йил ичида энг пастки чегарани кесиб ўтди: ички бозорда у бир доллар учун 6,82 юанга тушди, ваҳоланки йил бошида у 6,4 дан паст бўлган. Йил бошидан бери юан деярли 7 фоизга арзонлашди, бу эса Россияга 7 миллиард доллар зарар келтирди. Бу ҳақида Finanz иқтисодий нашри журналистлари хабар бермоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Россия халқаро ҳисоб-китобларда юандан фойдаланиш бўйича учинчи ўринга кўтарилган. 1 январ ҳолатига кўра, Россия Федерацияси Марказий банки Хитой валютасида олтин захираларининг 17 фоизини ёки 105 миллиард долларни ташкил қилган. Ҳозирги кунда Марказий банкка тегишли 669 миллиард юан 98 миллиард долларга тенг.
Юаннинг пасайиши Хитой Халқ банки фоиз ставкаларини пасайтиргани ва бу қишда юанни бир доллар учун 7 юанга тушириши мумкин бўлган девалвацияга қарши чиқмаслигини очиқ кўрсатган бир пайтда давом этмоқда, деб башорат қилмоқда RBC Capital Markets валюта стратегияси раҳбари Алвин Тан.
Бу Россия олтин заҳираларидан АҚШ валютасига қайта ҳисоблаганда яна 2,5 миллиард долларни кесиб ташлайди.
Юан ортидан Россия Марказий банки ва Молия вазирлиги турк лирасини - охирги 12 ой ичида қийматини ярмини йўқотган ва 10 йил ичида 90 фоизга қадрсизланган 2021 йилнинг энг ёмон валютасини захира сифатида сотиб олишни режалаштирмоқда. 80% инфляцияга эга валюта бўлган лира расмийлар ФНБни тўлдирадиган "дўстона" активлар қаторига кириши мумкин, деди ўтган ҳафта Россия Молия вазирлиги. Расмийлар янги "бюджет қоидаси" доирасида нефт ва газ даромадлари учун лира ва юан сотиб олишни режалаштирмоқда.
Россиялик иқтисодий таҳлилчи Анатолий Несмиян ўзининг телеграм-каналида Россия иқтисодиётининг долларга боғлиқлиги юанга қарамлик билан алмаштирилаётганини, бироқ бу Москва учун яхшилик ваъда қилмаслигини таъкидлайди.
"Долларга боғлиқлик юанга боғлиқликка ўтмоқда, бу эса бундан ҳам ёмони, чунки юан ўзига хос валюта бўлиб, ўз мақоми бўйича глобал эмас, уни бозор валютаси деб ҳисоблаб бўлмайди, лекин бошқа йўл ҳам йўқ. Ўйланиб ўтирадиган вақт эмас. Аллақачон унчалик самарали бўлмаган Россия иқтисодиёти энди тизимли беқарорликнинг яна бир омилини - юанга боғланишни қабул қилмоқда, бу долларнинг ўрнини босадиган эквивалентга ўхшамайди", деди эксперт.