loader
Foto

Тафаккур ва илмнинг ёппасига таназзулга юз тутиши

Илмдаги турғунлик, тафаккурдаги хорғинлик Туркиянинг илмий-диний соҳалари билангина чекланиб қолмай, балки бутун Ислом дунёсида, унинг шарқидан ғарбигача тарқалган, илмий соҳада қурғоқчиликка ва бироз фикрий фалажликка мубтало бўлган эди. У ҳолсизлик ва мадорсизликка мубтало бўлиб, мудроқ босган эди. Тўққизинчи аср - агар саккизинчи аср демасак, - дин ва илмда, адабиёт ва шеъриятда ҳамда ҳикматда фаоллик, яратувчилик ва ижодкорликнинг сўнгги асрлари бўлган бўлса, ўнинчи аср ҳаракатсизлик ва тақлидчиликнинг сўнгги асри бўлди, дейиш мумкин. Бундай ҳаракатсизлик диний билимлар, адабий фанлар, шеърий маънолар, ижод, тарих ва таълим тизимларининг барчасини қамраб олган эди. Зеро, кейинги асрларда ёзилган биографик асарларда юксак иқтидорли даҳо ёки ҳеч бўлмаганда муҳаққиқ олим деб эътироф этилган зотларни топмайсиз.

Ушбу сўнгги асрлар шеъриятида жуда кўплаб шеърлар битилган бўлса-да, хотирага ўрнашиб қоладиган бирор-бир ёрқин шеърни ёки кўнгилга сурур берадиган ижодий асарни кўрсата олмаймиз. Аксинча, сўзни безашда ўта нозиктаъблик, лафз ва маъноларда бўрттириш, муболаға, ҳаддан ошириб мақташ, шеърларда бошқа жинсга нисбатан ошиқона муносабат, ҳатто биродарлар ўртасидаги ёзишмалар ва табиий мақсадларда ҳам такаллуф ҳамда аҳмоқона қофияли насрлар, маза-матраси йўқ адабиётни кўрасиз. Бундай иллатлар ҳатто тарихий ва биографик асарларда ҳам кўп учрайди.

Худди шунингдек, таълим соҳасида ҳам мутақаддим уламоларнинг асарлари олиб ташланган, уларнинг ўрнига сохтакор мутааххирларнинг китоблари киритилган эди. Бундай китоблар муаллифлар қоғозни қизғаниб, атайлаб чигал ва ноаниқ қилиб ёзган ҳошиялар, қарорлар, хулоса ва матнлар билан тўлиб-тошган эди. Бу асарлар худди стенография йўли билан ёзилганга ўхшаб кетар эди. Буларнинг барчаси Ислом дунёси бошидан кечираётган илмий-ғоявий таназзулдан дарак бериб турар эди.

Мусулмон оламининг етакчиси бўлмиш усмонийларнинг ҳоли шундай бўлганидан кейин, қолганларнинг ҳоли қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Милодий ХVI-ХVII асрлар инсоният тарихининг энг муҳим даври бўлди. Европа ўзининг узоқ муддат давом этган уйқусидан мана шу даврда уйғонди. Уйғондию, ғафлат ва илмсизликда бой берилган фурсатни ўзлаштириб олиш учун отилиб ўрнидан турди. Европаликлар мисли кўрилмаган иштиёқ билан табиат кучларини бўйсундирар, коинот сирларини ўрганар, авваллари номаълум бўлган қитьа ва денгизларни кашф қилиб, илм-фанда ва ҳаётнинг барча жабҳаларида янгидан-янги ғалабаларга эриша бошладилар.

Мусулмонлар эса бу борада яна ҳам ортга қараб кетишар эди. 16-17 асрларда мусулмонларда илм-фан тараққиёти у ёкда турсин, ҳатто саводхонлик ҳам муаммога айланиб қолди. Ўқиш-ёзишни билмайдиганлар нисбати тинмай ўсиб борди.

Европа халқлари эса гуркираб ривожланиб бораётган илм-фанни ишлаб чиқаришга йўналтиришди. Янги-янги саноатлар барпо бўла бошлади. Ҳаёт ривожланди, халқ бойиди. Саноатни ривожлантириш учун хомашёга катта эҳтиёж сезила бошлади. Натижада улар аста-секин бойликни Европадан ташқаридан излашга тушишди. Бу улкан эҳтиёжни савдо йўли билан олиб бориш уларни қониқтирмай қўйгач, халқи қолоқ, табиий бойликлари ўзлаштирилмаган мамлакатларга кўз олайтира бошлашди. Шу тариқа мустамлакачилик сиёсати ишлаб чиқилиб, амалга оширила бошлади.

Туркларнинг ахлоқан тубан кетишлари, илм ва ҳар бий саноат борасида қотиб қолишлари

Афсуски, туркларнинг ва мусулмонларнинг бахтига қарши турклар таназзулга юз тутиб, ортга кета бошладилар. Уларга ҳам ўзларидан олдинги умматларнинг иллати тегди ҳасад, адоват, подшоҳларнинг зулму истибдоди, жабру жафолари, бузуқ тарбия, ахлоқсизлик, амирларнинг хоинлиги, халқни алдаш, халқнинг айшу ишрат, роҳат-фароғатга берилиши кучайди. Бундан ташқари, тарих китобларида баён қилинганидек, таназзулга юз тутган бошқа халқларнинг ахлоқидаги баъзи салбий қусурлар туркларга ҳам аста-секин кириб борди. Ҳозир у гаплар ҳақида батафсил сўз юритишнинг мавриди эмас. Уларга етган энг ёмон нарса уларнинг илмда, ҳарбий соҳада ва қўшинларни сафарбар этишда қотиб қолишлари, ортда қолиб кетишларидир.

Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳикмат мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаерда топса, ўша нарсага энг ҳақли бўлади», деган сўзларини ёддан чиқариб қўйган эдилар.

Атрофдаги Европа давлатлари уларни билакдаги билакузукдек ўраб турган бир пайтда, ўзларининг сиёсий ва жўғрофий жойлашувларидан келиб чиқиб ҳам, буюк Ислом саркардаси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг мисрлик мусулмонларга қилган ушбу васиятини доимо ёдда тутмоқлари лозим эди: «Хабарингиз бўлсинким, атрофингиздаги душманларнинг кўплиги, уларнинг қалби сизга ва сизнинг юртингизга талпиниб тургани туфайли қиёмат кунига қадар хавфу хатарда бўласизлар». Аммо турклар бир жойда туриб қолишди, замон эса илгарилаб кетди. Улар ортда қолиб, Европа халқлари ўзиб кетдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан