Дунёга меҳр беришда чуқур кетишлик барча хатоларнинг бошидир. Уни деб мусобақалашиш барча мусибатларнинг асосидир. Дунё матоҳини деб оға ўз инисини сотади. Уни деб фарзанд ўз отасини ўлдиради. Уни деб одамлар омонатларга хиёнат қиладилар, аҳдларини бузадилар. Уни деб одамлар ўзгалар ҳуқуқларини тан олмайдилар, ўз мажбуриятларини унутадилар. Уни деб одамлар бир-бирларига зулм қиладилар ва ўрмондаги ваҳшийлардек ёки кучлиси кучсизини ғажиб, каттаси кичигини бир луқма қилиб юрган денгиздаги балиқлардек яшайдилар. Дунё шаҳватларини ва ўзига мафтункор нарсаларини деб савдогарлар фирибгарлик қиладилар ва тарозудан уриб қоладилар. Бошлиқлар манманлик қиладилар ва кибру ҳавога кетадилар. Қозилар зулм қиладилар ва пора оладилар. Бойлар дабдабага бериладилар ва туғёнга кетадилар. Иродаси бўшлар ҳушомад қиладилар ва иккиюзламачига айланадилар. Дунё учун олим ўзи ҳақ деб билган нарсасини беркитади ва ўзи ботил деб эътиқод қилган нарса билан фатво беради. Дунё учун мухбирлар ёлғонни ва бўҳтонларни ривож олдирадилар, оппоқ ойдин тонгдан кўра равшанроқ бўлган ҳақиқатларни яширадилар. Дунё учун шоир ҳар бир ювош ва тўғри одамни масхаралаб, ҳар бир ичкиликбоз ва жанжалкашни кўкларга кўтариб шеърлар битади. Дунё учун қонлар тўкилади, муқаддас нарсалар оёқ ости қилинади, қадриятлар топталади, дин, шараф, ватан ва ор номус ҳамда ҳар бир буюк инсоний фазилатлар сотилади.
Ана шуларнинг барчаси дунёни деб, дунё матоҳини ва дунё шаҳватларини деб бўлади: хотин ё қадаҳ учун, иморат ё бир парча ер учун, катта кичик мансаб ёки озми кўпми пуллар учун, бошлиққа бир қадам яқинроқ юриш ё одамлар орасида обрў топиш учун, булардан бошқа яна қориннинг ғами ва фаржнинг шаҳвати, молу мартабага бўлган муҳаббат ва ҳукмронлигу бошқалардан устун бўлиш каби нарсалар учун.
Тўғри, ҳаётни севиш, узоқ умр кўришни исташлик инсоннинг табиатидан бир бўлагидир. Агар шу нарса бўлмаса ер юзи обод бўлмас эди, ҳаёт дарахти гуллаб яшнамаган бўлар эди. Бинобарин, одамлар учун шаҳватларга бўлган муҳаббатнинг зийнатлаб кўрсатилиши ҳикматга тўғри келмайдиган ишлардан эмасдир. Аммо, ҳақиқий хатар Аллоҳга йўлиқадиган кунга ишонмайдиган ва Ҳисоб китоб кунига имон келтирмайдиган ана уларнинг, охиратга имон келтирсалар ҳам уни ёддан чиқариб қўйган ва дунё топиш билан банд бўлиб охиратни ўйлашдан тўсилиб қолган мана буларнинг ишларига ўхшаб одамларнинг дунёга қаттиқ меҳр қўйишлари ва унга қаттиқ умид боғлашлари, ана шу қисқа муддатли ҳаёт энг муҳим матлаблари ва илм ўрганишдан мақсадлари ва орзуларининг энг чўққиси бўлиб қолганидир. Шунинг учун ҳам Исломнинг Элчиси Аллоҳга дуо қилиб: “Эй, Аллоҳим, дунё (тўплаш)ни энг катта мақсадим ва илм ўрганишдаги ғоям қилиб қўймагин”, дейишимизни бизларга таьлим берганлар.
Ҳақиқатда, ҳаёти дунёга бўлган муҳаббат ва унга эришишга бўлган орзудан кўра кучлироқ бошқача бир муҳаббат ва бошқача бир орзу ҳавас бўлиши керак. У ҳам бўлса охиратнинг муҳаббати ва Аллоҳ билан мулоқот қилиш орзуси, У берадиган савобга Унинг розилигига бўлган умидворлик, Унинг ҳисобидан ва азобга дучор этишидан қўрқишдир. Муҳаббат, орзу ҳавас, умидворлик ва хавф каби маънолар ана шуларнинг ўзи дунёга қаттиқ меҳр бериш, унга нисбатан очкўз бўлиш ва унга талпинишларнинг хатарларидан халос этгувчи омиллардир. Шубҳасиз, булар ҳаётнинг шаҳватларига берилиб кетишда ҳаддан ошиш ва шўнғиб кетиш хатарига қарши “хавфсизлик клапани”дирлар.
Ўз соҳибининг қалбини охиратга бўлган яқийн ва Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотга умид қилишлик билан ўраб оладиган иймоннинг вазифаси ана шудир. Шунинг учун Қурьонда тақводорлар ва муҳсинлар қайта қайта тавсифланади: “Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирурлар ва охиратга аниқ ишонурлар”, (Бақара:4) оятида “ва охиратга аниқ ишонурлар”, деган сўзи билан; “Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир”, (Намл:3); “Намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганларга”, (Луқмон:4) деган сўзлари билан.
Шунинг муқобилида туғёнга кетганлар ва мужримлар ҳақида: “Чунки улар ҳисоб-китоб бўлишига ишонмасдилар. Ва Бизнинг оятлариимизни ёлғон дейишган эди, ёлғон!”, (Наба:27,28) дейди.
Охиратда бўладиган воқеалардан бири ҳақида нозил бўлган оятда Қурьон бизларга жаннатдаги мўминларнинг дўзахга тушган мужримларга: “Сизларни дўзахга нима киритди?, деб савол берганларида “Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик. Ва мискинларга таом бермаган эдик. Ва ботилга шунғувчилар билан бирга шўнғир эдик. Ва қиёмат куни ёлғонга чиқарган эдик. Токи бизга ўлим келгунича», дерлар”, (Муддассир: 42-46) деган бир савол жавобни баён қилиб беради. Фиръавн ва унинг одамлари ҳақида эса: “У ва унинг аскарлари ер юзида ноҳақдан такаббурлик қилдилар ҳамда ўзларини Бизга қайтарилмайдилар деб гумон қилдилар,” (Қасас:39) дея хабар беради.
Агар улар Роббиларига қайтарилишларига ва Унга рўбарў бўлишга ишонган бўлганларида эди қабиҳ жиноятлар, даҳшатли қатл қилишлар ва аёвсиз зўравонликлар қилмаган бўлар эдилар.
Албатта, Аллоҳга ва охиратга имон келтиргувчи киши, ана шу одамгина дунё шаҳватларидан ғолиб кела олади, унинг ўзига ром қиладиган нарсаларига қўл силтайди, унинг матоҳини оёқости қилади ва унга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу айтган гапини айтади: “Кўзимдан нари кет эй тилло ва кумуш. Мендан бошқаларни бошини айлантир... Сен мени қаттиқ хоҳлайсанми? Сен менга дуч келдингми? Мен сени қайтариб бўлмайдиган қилиб уч талоқ қўйиб бўлганман!”. Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кириб келганларида у зот бўйра устида ётган эканлар. Ёнбошларига ботиб кетибди. Буни кўрган ҳазрати Умар: “ Эй Аллоҳнинг расули, бундан кўра юмшоқроқ тўшак сақласангиз эди”, дебдилар. Шунда у зот: “Менинг дунё билан нима ишим бор? Менинг мисолим билан дунёнинг мисоли иссиқ кунда улов миниб кетаётганида бир оз соялаш учун бир дарахтнинг тагига ўтириб кейин яна йўлида давом этган йўловчига ўхшайди”, деганларидек гапирар.
Фақат имонгина мўминга дунёдан кўра юксакроқ бўлган мақсадни берадиган, унинг шаҳватларидан ҳам боқийроқ ва баландроқ бўлган қадриятлар сарига бошлайдиган нарсадир. Фақат имонгина ўз соҳибига дунёнинг фитнаси ва алдовига қарши курашиш учун куч қудрат бера олади. У дунёнинг эгаси бўлади, дунё унинг эгаси эмас. Қўли дунё билан тўла бўлади, аммо қалби ундан холи. Бунга сабаб у дунёда йўловчининг руҳияти билан яшайди: Гўёки у ғариб ё йўловчи. Ким дунёда ана шу руҳият билан яшаса тўп-тўп тилло ва кумушларнинг эгаси бўлишдан унга хавфу хатар йўқдир. Бу дунёда у охиратликларнинг қалби билан яшайди. Оёғини ерга босиб юрганида қалби само билан боғланган бўлади.
Фақат мўмин одамнинг қалбигина албатта бу дунё Аллоҳнинг наздида бир пашшанинг қанотичалик қийматга эга эмас, албатта бу дунё боқий ҳаётга ўтиб олиш учун бир кўприкдир, Аллоҳдан қўрқиб ўқилган икки ракаат намоз дунё ва дунёдагилардан яхшироқдир, албатта Аллоҳнинг йўлида босилган биргина қадам дунё ва дунёдагилардан кўра яхшидир ва албатта жаннатдаги одамнинг бир оёқ изига тенг келадиган жой дунё ва дунёдагилардан кўра яхшироқдир, деган ишонч билан лиммо лим бўлади. Мўмин киши Аллоҳнинг набийлари ва расуллари, Унинг авлиё бандалари дунёда азоб чекиб ва эзилиб яшаганликларини, Унинг душманлари ва Расулларию авлиёларининг душманлари бўлган кофирлар, каззоблар ва худосизлар кўпинча бахтли ва роҳат фароғатда яшаганликларини билиб қўйса кифоядир.
“Агар одамлар бир миллат бўлиб қолишлари (хавфи) бўлмаганда, албатта, Биз Роҳманга куфр келтирадиганларнинг уйлари шифтини ва унга чиқадиган нарвонларини кумушдан қилиб қўяр эдик. Ва уйларининг эшикларини ҳам, устида ёнбошлаб ётадиган сўриларини ҳам (кумушдан қилиб қўяр эдик). Ва зебу зийнату безакларни ҳам. Буларнинг ҳаммаси ҳаёти дунёнинг матоҳидан бошқа нарса эмас. Охират эса, Роббинг наздида тақводорлар учундир.” (Зухруф: 33-35)
Бу дегани мўмин одам яшаш учун ҳаракат қилишни бас қилсин ёки унинг покиза неъматларини ўзига ҳаром қилиб олсин, ёки ўз аравасининг бошқарувини кофирлар ва фожирларнинг қўлига топшириб қўйсин дегани эмас. Асло! Шубҳасиз унга дунёни обод қилиш, уни ривожлантириш, гуллатиб яшнатиш буюрилган. Ернинг турли жойларида юриб Аллоҳ берадиган ризқини териб ейишга, ундаги покиза нарсалардан фойдаланишга буюрилган. Ундаги ҳалол нарсалардан баҳраманд олишга , ўзининг эътиқоди ва вазифасига хизмат қилиш учун бўйсундириб олишга ва ер юзида қул бўлиб эмас хожа бўлиб яшашга буюрилгандир.
Дунё матосидан ўзни устун қўйишлик ва унинг шаҳватлари ҳамда унинг жозибали нарсалари устидан ўзни катта тутишликнинг маъноси унинг покиза неъматларини ҳаромга чиқариш ёки унинг ишларини ташлаб қўйиш ёхуд унинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш дегани эмас ҳеч хам. Асосий мақсад охират ҳаёти мўминнинг муроду мақсади ва саъй ҳаракатининг ғояси бўлишлигидир. Ана шунда у инсон дунё ҳосилини, ўткинчи ҳаётни истайдиганлардан.... Қуръон: “Аммо кимики туғёнга кетиб, ҳаддидан ошган бўлса ва бу дунё ҳаётини устун қўйган бўлса, бас, албатта, Жаҳийм ўрин бўладир”, (Нозиьот:37-38) дея сифатлаганлардан бўлмайди. Расул алайҳис саломга хитоб қилиб: “Бизнинг зикримизга орқа ўгирган, ҳаёти дунёдан бошқани хоҳламайдиганлардан юз ўгир. Уларнинг эришган илмлари мана шу.”, (Нажм: 29-30) деганлар тоифасидан бўлиб қолмайди.
Мўмин одам охиратни танлайдиган ва унинг учун хатти ҳаракат қиладиган, дунёни ғоя эмас, восита деб, қароргоҳ эмас ўтиш учун кўприк деб биладиганлардан бўлмоғи керак. Охиратга қатъий ишонч билан ишонмайдиган одамни дунё шаҳватларидан ажратиб олишлик, унинг лаззатию ахлоқсизлигидан буриб юбориш қийин бўлади. Чунки у нақд бўлиб турган олдидаги лаззатни унинг учун гумон бўлиб турган насия лаззатга алмаштиришга рози бўлмайди. Бинобарин, Умар Хаййомга ўхшаб:
Узумнинг сувини ичишдан воз кеч
У сени дўзахга элтар, дедилар.
Бир лаҳза ичишдан топган лаззатим
Мен учун жаннатга, дедим, тенг келар.
Яна:
Қаерда сахий улфат? Қаерда гўзал юзлар?
Менинг мажруҳ қалбимга азоб берар андуҳлар.
Уч нарса бордир улар энг маҳбуб орзуимдир:
Қадаҳ билан тарона ҳамда чиройли юзлар.
деб турса ажабланмаймиз.
Бу одам ишонганидан кўра гумони ғолиб келгани учун ана шу гапларни гапирган. Агар охиратга ҳақиқатдан ишонганида эди қадаҳ, тарона ва чиройли юз, бутун бошли дунё Аллоҳ таоло ваъда қилган савоб ва розиликларнинг қаршисида ҳеч нарса бўлмай қолар эди.
Албатта, имон қудратли ва енгилмас кучдир. Инсонларнинг табиатлари ва шаҳватларидан кўра кучлироқ. Инсондаги одатнинг ҳукмронлигиданда кучлироқ. Инсонга таьсир кўрсатгувчи барча омиллардан ҳам кучлироқдир.
Шайх Юсуф Қаразовий
Алоуддин Ҳофий таржимаси