loader
Foto

Қуръон оятларининг ҳақиқатлигининг илмий исботлари

Ҳақ таолонинг ҳаққи нафсимиз кирларидан халос бўлган покиза қалбгагина етади. Қолаверса, Қуръон маълумотларини соф расмий мантиқ билан, онгимизни мустаҳкамлаш орқали тушуниш истаги кам фойда келтиради. Муқаддас Битиклар бизнинг моддий дунёмиз ҳақиқатларидан анча юқори бўлган трансцендент, яъни бошқа дунёвий маълумотни олиб юради. Бинобарин, Ислом динининг асосий вазифаларидан бири инсон қалбини намоз ва рўза ёрдамида поклаш орқали Қуръон ҳақиқатини идрок этишга тайёрлашдир.

Бироқ Қуръоннинг баъзи буюк ҳақиқатлари замонавий илм-фан туфайли бизга очилмоқда. Жумладан, тадқиқотчилар Мусулмонлар китобидаги денгизларнинг қарама-қарши оқимлари ҳақидаги маълумотни оятда айтилганидек, ажойиб тарзда исботладилар.

«Икки денгизни учрашадиган қилиб оқизиб қўйди. Ўрталарида тўсиқ, ошиб ўтолмаслар. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!» (ар-Роҳман, 19-21)

Мусулмонлар учун бу ажойиб кашфиётни қилган Жак Ив Кусто шундай деб ёзган еди: "Бу мен учун томдан тараша тушгандей бўлди. Ҳақиқатан ҳам, мен Қуръон таржималарини кўриб чиққанимда шундай бўлиб чиқди. Шунда мен хитоб қилдим: "Қасамки, замонавий илм-фан ундан 1400 йил орқада қолган бу Қуръон одамнинг нутқи бўла олмайди. Бу Парвардигори Оламнинг ҳақ сўзидир".

Дунёга машҳур тадқиқотчининг баёноти Қуръон "маккалик савдогар Муҳаммад томонидан ёзилган"лигини исботлашга интилаётган атеист олимларга қарши муҳим далилдир. "Ақлли илмий тезислар"ни илгари сурар эканлар, улар Қуръоннинг энг муҳим жиҳатини – борлиқ тузилиши, космик жисмлардан тортиб тирик мавжудотлар эмбриони эволюциясигача бўлган маълумотларни ўша даврда билиш имкони бўлмаганлигини эътибордан четда қолдиради. Ўша кунларда она қорнидаги тирик мавжудотларнинг ривожланиш босқичлари ҳақида ким билиши мумкин эди? Ҳеч ким! Аммо Қуръонда булар ва жуда кўп ҳодисалар баён этилган бўлиб, бу Унинг трансцендентал келиб чиқишини исботлайди.

Материалистик физика учун "абадий топишмоқ" бу Қуръони Каримнинг бир қатор оятларида ўз аксини топган бизнинг борлиғимизнинг хаёлий табиати ҳақидаги ғоядир:

«Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин кулги ва кўнгилхушлик …. Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас» (Ҳадид, 20)

«Дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушликдан бошқа нарса эмас. Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми?» (Анъом, 32)

Макс Планкнинг вақт дискретлиги, мос равишда фазонинг узлуксизлиги ҳақидаги кашфиёти Қуръон оятлари ва ислом илмининг ҳамма нарса иллюзия, "ўйин-кулги ва ўйин" эканлиги ҳақидаги тезислари ҳақиқатига далилдир. Бу шуни англатадики, биз ўз кўзимиз билан бизни бу ердаги дунёда синаш учун Парвардигор яратган буюк иллюзияни кўрамиз.

Гап шундаки, вақт ва демак, ҳаётнинг ўзи ҳодисаларни шакллантириб, оқиши мумкин эмас, чунки у жуда қисқа дақиқалардан иборат. Вақт бизнинг мавжудлигимизни шундай қисқа дақиқаларга ажратади - 1 сония минус 47 даража - биз унинг узилиб қолганини сезмаймиз. Худди кинодаги каби, кадрларнинг сониясига 24 кадрдан тезроқ ҳаракатланиши ҳақиқатнинг ҳаракатланаётгани иллюзиясини беради ва агар сиз кадрлар ўзгаришини секинлаштирсангиз, ҳамма нарса тўхтайди.

Демак, бизнинг борлиғимиз ҳайратланарли ҳодиса бўлиб, унинг маъносини Аллоҳнинг изнисиз била олмаймиз. Бундай қисқа лаҳзалардан иборат бўлган борлиқнинг моҳияти нима, бизнинг онгимиз учун очиқ эмас. Фақат иймонли инсоннинг борлиқнинг нариги томонига кириб боришга қодир бўлган соф руҳи ердаги мавжудотнинг ҳақиқий манзарасини англай олади.

Йигирманчи асрда физика ва квант физикаси соҳасида қилинган кашфиётлар асрлар давомида "материя бирламчи, онг иккинчи даражали" деб таъкидлаб келаётган атеистик фаннинг позицияларига ҳал қилувчи зарба берди. Гап шундаки, ядро физикасига кўра, материя, қаттиқлиги бўлган модда сифатида мавжуд эмас. Биз қаттиқ, барқарор ва бузилмас деб қабул қиладиган ҳамма нарса шунчаки хаёлдир. Гап шундаки, материя оғирлигига эга бўлган атомлардан иборат. Бироқ, атомнинг ўзи электронлар, протонлар, мезонлар ва гиперонлардан иборат – буларнинг барчаси вазнсиз. Маълум бўлишича, материя номоддадан иборат.

Бундан ташқари, квант физикасидаги кашфиётлар борлиқнинг асосий зарраси бўлган электроннинг материя бўлиши ёки бўлмаслиги мумкинлигини исботлайди. Бундай парадокс электрон заррача, яъни материянинг асоси бўлиши ёки ҳеч қандай моддийликка эга бўлмаган тўлқин ролини ўйнаши мумкинлиги сабабли юзага келади. Қолаверса, бутун борлиқни билдирувчи электрондаги ўзгаришлар "кузатувчи", яъни олим-тадқиқотчига боғлиқ. Демак, бу ерда замонавий илм-фан асосида Парвардигорнинг борлигининг исботини кўриш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло нафақат борлиқнинг яратувчиси, балки ҳар лаҳзада Ўз ижодини назорат қилади. Бу вақт тўхтаган энг қисқа лаҳзаларда содир бўлади.

Яъни, Парвардигор бизнинг моддий (аслида умуман моддий эмас) мавжудлигимизни Оламнинг барча таркибий қисмларини доимий янгилаш орқали таъминлайди. Мезонлардан, гиперонлардан, квантлардан тортиб, юз миллионлаб юлдузлар ва сайёраларни ўз ичига олган метагалактикаларгача - буларнинг барчаси Аллоҳнинг доимий назорати остидадир.

Бундан ташқари, Қуръонда борлиқнинг абадийлиги ҳақидаги оятлар мавжуд бўлиб, уни материалистик фан вакиллари ҳам тан оладилар:

«Ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир. Албатта, сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл, 96)

Бироқ диалектик методологиядан холи атеистлар фани фақат моддий борлиқнинг абадийлигини тан олади. Атеистларнинг бу тезиси монотеистик динларнинг таълимотига зиддир, чунки Парвардигор яратган. Юқоридаги оят диалектика асосларига тўла мос равишда борлиқни икки қисмга ажратади. Аллоҳнинг дунёси - ҳар доим бўлган ва бўлади - "Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир", чунки Яратувчи мутлақ энергияга эга. Айнан у бўлган ва бўладиган ҳамма нарсанинг, шу жумладан "намоён бўлмаган мавжудот" шаклида, яъни дала даражасида манба ҳисобланади.

Бизнинг дунёмиз физиканинг илоҳий қонунлари ва термодинамиканинг иккинчи қонунига асосланган мавжудлик иллюзиясидир. Ва у унутилиб кетади - "Ҳузурингиздаги нарса тугайдир ". Астрофизикага кўра, моддий олам Катта портлаш натижасида пайдо бўлган ва илоҳий қонунларга кўра, ўз вақтида йўқ бўлиб кетади.

Аллоҳ яратган борлиқ ҳақидаги бундай тушунчанинг хулосаси, аслида, ислом динининг мазмуни ва мақсадини акс эттиради: руҳингизни абадиятга тайёрлаб яшаш, моддий оламни Яратувчининг иллюзияси деб билиш.

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР