loader
Foto

Аллоҳнинг тоати йўлига молини сарфлайдиган киши мисоли

Аллоҳнинг тоати йўлига молини сарфлайдиган киши Қуръонда бундай тасвирланади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара, 261). Худди шу каби Аллоҳ учун ўз молини садақа қиладиган кишига ҳам булар тааллуқлидир. Аллоҳ кимга хоҳласа кўпайтириб беради. Яъни унга савобини охиратда бирдан етти юзгача ёки миллионгача ёки Аллоҳ ўзи хоҳлаганича чексиз ошириб беради, Аллоҳ карамлидир. Мана шу зиёдаликлар билан сахийдир. Садақага бериладиган зиёдаликлар қандай ният билан қилинганига кўра бўлади.

Сўнгра Аллоҳ таоло деди: “Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан (Аллоҳга) миннат ва (бериладиган фақирга) озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир” (Бақара, 262). Аллоҳга миннат қилиш - тавфиқ Ундан эканлигини кўрмасликдир. Садақа берилаётган инсонга азият етказиш ҳам Аллоҳ шу нарсаларга муваффақ қилганини кўрмасликдир. Сўнгра Аллоҳ садақа бераётган одамига миннат қилиш мисолини зикр этади: “Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақалари” (Бақара, 264), яъни амалларга бериладиган мукофотни ўз ичига олган “қайта тирилиш”га ишонмайдиган одамнинг садақаси, гўёки ўз молидан инфоқ қилади, аммо ширк келтириши унинг нафақаси ва садақасини йўққа чиқаради. Худди шу каби, мўмин одамнинг садақасини миннат қилиши ва азият етказиши йўққа чиқаради.

Сўнгра қайта тирилишга ишонадиган, Аллоҳнинг жамолини истаб, миннат ва азиятдан холи бўлган мухлис кишининг нафақасининг мисоли келтирилади: “Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар, яъни қалбларидаги ниятларини тасдиқ этган ҳолда амалга оширадилар, улар адирдаги боққа ўхшар, яъни тепа сўлим жойда жойлашган боққа ўхшатилади. Унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар”, яъни самараси икки баравар бўлади.

Риёкор ва мушрикнинг мисоли

Сўнгра риёкор ва мушрикнинг мисоли келтирилади: “...устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради” (Бақара, 264). Худди шу каби мушрик ва риёкор фақирга қилган миннати ва азияти туфайли сарфлаган садақаси учун Қиёмат куни савоб олмайди.

Риёкорлик билан мол сарфлаётганларнинг мисоли

Уларнинг бу дунёда (риёкорлик билан) қилган эҳсонлари, яъни риёкор, пасткаш яхудийлар - Каъб ибн Ашраф ва унинг ҳамтовоқлари - ўз раҳбарлари ва дин пешволарига таом ва мевалардан қилган эҳсонлари билан охиратлари обод бўлишини истайдилар. Уларнинг мисоли изғиринга ўхшайди, яъни жуда совуқ шамол ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилур. Ундан ҳеч нарса қолдирмайди. Уларга Аллоҳ зулм қилмади (Оли Имрон, 117). Худди шу сингари, Аллоҳ уларнинг нафақаларини нобуд қилади ва уларга бу нафақалардан фойда етмайди.

Яна айтиладики, “уларнинг бу дунёда (риёкорлик билан) қилган эҳсонлари...” дейилганда, яҳудийлар қабиласининг Аллоҳ таолога итоат йўлига эмас, Муҳаммад (алайҳиссалом)га адоват йўлига сарфлашлари назарда тутилади. Динларини ҳимоя қилишлари учун ўз ахборларига (диний уламоларига) нафақалар қиладилар, Муҳаммад (алайҳиссалом)га эса адоватдалар.

Улар Аллоҳнинг ҳақини адо этмаганлари учун экинларини совуқ изғирин нобуд қилган қавмга ўхшатилдилар. Аллоҳ уларнинг ҳосилларини нобуд қилиб уларга зулм қилмади, балки улар Аллоҳ таолонинг ҳақини босиб ўтиб, ўзларига ўзлари зулм қилдилар.

Айтиладики, бу кофирлар хусусидаги мисолдир. Уларнинг хайрли ишларга қилган нафақалари ҳам худди совуқ шамолга ўхшайди. Чунки қалблари имон нури тафтидан мосуво. Аллоҳ таолодан узилган ва совиб қолган. Мана шу совуқлик уларнинг яхши ишларини йўққа чиқаради, улардан бирортаси қабул қилинмайди. Чунки бу амаллар Аллоҳга тавҳид нури ва имон билан суғорилган ҳаёт нурининг ҳароратисиз боради. Жасаддан руҳ чиқиб ва жон узилганда тана совиб, ундаги қон қотиб қолганини кўрганмисиз?

Уларга Иброҳим сурасида яна бир мисол келтирган: “Парвардигорларига кофир бўлганларнинг амаллари бамисоли бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулдир” (Иброҳим, 17). Ушбу кул сабабли ҳеч нарсани кўра олмайдилар. Шу каби кофирлар бу дунёда қилган амалларининг савобини олмайдилар. Бу амаллари уларга наф келтирмайди. Чунки улар ўз ҳавойи нафсларини ўзларига илоҳ қилиб олдилар. Улар имон нурига эмас, балки ўз ҳавойи нафсларига эргашиб иш тутдилар. Натижада нафслари уларни дўзахга етаклади.

Ҳаким Термизийнинг "Ал-амсол минал китоб вас сунна" китобидан

Иброҳим Усманов таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР