loader
Foto

Тоат ва маъсиятни ошкор этиш ва беркитиш орасида

Аллоҳ таоло томон йўл олган мўмин учун ўз тоатини беркитиш учун тиришиши, қўлидан келганича ҳалқнинг кўзи ва қулоқларидан ўзининг солиҳ амалларини тўсиши лозимдир. Бунда унга Аллоҳ унинг амалларини кўриб тургани, ҳалқ унга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмаслиги, Аллоҳнинг розилиги ва берадиган савоби ҳалқнинг розилиги ва мақтовларидан устун эканлигини билиши кифоя қилиши керак.

Бундай ҳолат қўшимча ва нафл ибодатларда бўлади. Аммо фарз амаллар, диннинг устуни бўлган ибодатларда уларни ошкора қилиш шарт бўлади. Бунинг сабаби Ислом шиорларини улуғлаш, мусулмонларнинг бу ибодатларни маҳкам ушлашларини намойиш қилиш, Аллоҳ фарз қилган нарсаларни зое қилаётгандек кўринмаслик, бошқалар ундан ўрнак олишлари, унга ўхшашлари учун бажаришдир. Албатта яхшилик яхшиликка илҳомлантиради, албатта салоҳият салоҳиятни келтириб чиқаради.

Фарзларда асл уларни зоҳир қилиш, нафлларда асл уларни беркитиш.

Шу билан бирга одамларга риё қилишни ва зоҳир қилишни мақсад қилмаган ҳолда нафл бўлган тоат ва солиҳ амаллар зоҳир бўлишидан банда ўзига яхшилик етган инсон каби ҳурсанд бўлиб ҳаяжонланиши мумкин:

- Агар банда Ўзининг гўзал лутфи ила унинг ёмонликларини беркитиб яхшиликларини зоҳир қилгани ва тоат учун берган тавфиқ неъмати сабабидан Аллоҳга шукр қилган ҳолида ҳурсандчилик ҳис қилса, ушбу ҳурсандчилик мақталган ҳурсандчиликдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида қуйидагича марҳамат қилган: “Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт” (Юнус 58). Солиҳлар ҳам ўз зикрларида: ”Гўзални зоҳир қилиб қабиҳни беркитган Зот барча айб ва нуқсонлардан покдир” дейдилар.

-  Бу ҳолатни Аллоҳ бу дунёда унинг яхшиликларини зоҳир қилиб ёмонликларини беркитганидек охиратда ҳам яхшиликларини зоҳир қилиб ёмонликларини беркитишига умид қилишга боғласа бўлади. Асарларда қуйидагича хабар келган: “Аллоҳ бандасининг амалидан бу дунёда нимани беркитган бўлса, қиёматда ҳам ўшани беркитади”.

Биринчи ҳурсандчилик амалнинг дарров қабул қилинганидан бўлади. Бунда келажакни мулоҳаза қилинмайди. Иккинчи тур ҳурсандчилик етишилинувчи молнинг ҳолига ва қўлга киритишнинг гўзаллигига қизиқиш сабабидан бўлади.

- Гоҳида тоати зоҳир бўлганидан келган ҳурсандчилик ўзидан бошқани шу амалга ундаш, ўзига эргаштириш, тақлид қилдириш, солиҳлар сони кўпайиши, Аллоҳга итоаткорлар сонининг ошиши, яхшиликлар ва солиҳ амаллар чегараси кенгайиб Аллоҳнинг ҳузурида ажр кўпайиши сабабидан бўлади.

- Гоҳида унинг ҳурсандчилиги унинг амалини кўрганлар уни Аллоҳ учун яхши кўриб, ундан рози бўлиб, уни мақтаб савоб олишлари ва иймоннинг энг мустаҳкам даражасига киришлари сабабидан бўлади. Ҳадисда: ” Иймоннинг энг мустаҳкам даражаси Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш” дейилган.

Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Кимда уч нарса бўлса иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва расули у учун бошқа барча нарсаларда суюклироқ бўлса, бир кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ уни ҳидоят қилганидан сўнг куфрга қайтишни оловга тушишдек кўрса” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Одамлар уни Аллоҳ йўлида яхши кўрганлари учун савоб олганларидан ёки унга амалда эргашганларидан ҳурсанд бўлишининг ҳақ даъво эканлигини банда уни мақташадими ёки ундан бошқа солиҳ бир кишини мақташадими у учун фарқи бўлмагандагина билади.

- Бошқаларни ўша амалга тарғиб қилиш, иқтидо қилиб ҳидоят топиладиган суннатни йўлга қўйиш нияти бўлса, амални зоҳир қилишдан ҳурсанд бўлиш мақталгандир. Имоми Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Ким бир яхши суннатни йўлга қўйса, унга ўшанинг ажри ва ўша суннатга қиёматгача амал қилганларнинг – уларнинг ажри камайтирилмаган ҳолда - ажри бўлади”. Анбиё ва Расуллар ўз эргашувчиларига намуна бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларни тоатларни зоҳир қилишга буюрган.  

 Аллоҳ айтади: “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб 21).

Олимлар, даъват соҳиблари, солиҳлар ва умуман одамлар уларга эргашувчи бўлган инсонлар пайғамбарлар меросхўрлари ва ўринбосарларидир

     Ҳасан Басрий айтганлар: “Мусулмонлар амалларнинг сирлиси яхшироғи эканлигини билганлар, аммо амални зоҳир қилишда ҳам гоҳида фойда бўлади”. Шу сабабдан Аллоҳ сирли амални ҳам, зоҳир амални  ҳам мақтаган: “Кечасию кундузи сирли равишда ва очиқчасига молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (Бақара 274).

      Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: “Оятга амал қилган ҳолда бир дирҳам кечаси, бир дирҳам кундузи, бир дирҳам сирли равишда ва бир дирҳам очиқ равишда садақа қилдим”.

      Шу йўсинда банда Аллоҳга ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда ибодат қилган бўлади. Аслида эса садақани сир тутган яхшироқ, хусусан риё қилиб қўйишидан қўрқса ёки одмлар мақтовини ҳоҳлаб қолишидан чўчиса ёки сир тутиш фақирнинг ҳурматини риоя қилиш ва обрўсини сақлаш учун бўлса. Айниқса ўша фақир иффатли, ўзини муҳтожлигини беркитувчи инсонлардан бўлса. Аллоҳ уларни қуйидагича васф қилган: “…иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар” (Бақара 273).

      Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ бўлган қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига етти тоифани олиши ва ўша тоифалардан бири садақа қилганда садақасини шунчалик сир тутганидан ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган инсонни айтиб ўтилган. Бу олий мақомдир, аммо садақани ёки бирор амали солиҳни биз зикр қилиб ўтган сабаблардан бири ила зоҳир қилса, ҳеч қандай ҳараж йўқдир. Ва ўша зоҳир бўлган амалнинг соҳибига нафсини тафтиш қилиш, унинг чалғитишидан эҳтиёт бўлиш вожиб бўлади. Зеро нафс ёмонликка буюрувчи, ўта чалғитувчи ва алдагувчидир. У яна имкони борича риёдан ҳам сақланмоғи лозим. Гоҳида риё ўта махфий бўлиб банда сезмаган ҳолида унинг ичига кириб амалини ҳабата қилиб қўяди. Ва ҳоланки банда яхши амал қилмоқдаман деб ўйлаётган бўлади. Бунда банда улуғ ва олий Аллоҳдан ёрдам сўрамасидан, ҳар қандай куч – қувватни қўйиб пок бўлган Аллоҳнинг куч – қувватига талпинмасидан ва ушбу дуони айтиб юрмаслигидан бошқа иложи йўқ: “Аллоҳим Сенга билган нарсда Сенга ширк келтириб қўйишдан паноҳ сўрайман ва билмаган нарсамда ширк келтириб қўйишимдан истиғфор айтаман”. (Ихлосга фақат Аллоҳдан сўраш билангина эришилади, бу нарсасиз ихлос эришиб бўлмайди. Банда ўзини ихлосли деб ҳисолаган заҳоти у холис бандалар қаторидан чиқиб қолади. Таржимон).

ГУНОҲЛАРНИ БЕРКИТИШ

Тоатларни, хусусан фарзларни ва баъзи ҳолларда нафлларни, биз зикр қилиб ўтган мақсадлар ҳосил бўлиши учун шарият зоҳир қилишга рухсат берган. Аммо шарият гуноҳларни зоҳир қилишга ва уларни эълон қилишга рухсат бермаган. Шарият уларни агар содир бўлса кўрсатмасликка, беркитишга буюрган. Бу ҳолат инсонларга риё қилиш ёки уларнинг мақтовларини ҳоҳлаш ёки улар яхши кўрган суратда - агар ўша сурат унинг ҳақиқий сурати бўлмаса ҳам - уларга кўриниш учун эмас.

      Гуноҳларни беркитиш мақталган ҳолат эканлигига, одамлар бошқалар айбларини билишларининг макруҳ нарса эканлигига бир нечта сабаблар бор:

      1. Биз Аллоҳга маъсият қилишдек бир мусибат ила балоланганимизда, гуноҳимизни пок Зотнинг пардаси ила ёпишга ва ўзимиз у нарсани фош қилмасликка буюрилганмиз. Ҳадисда бундай дейилган: “Аллоҳ қайтарган ифлосликлардан четда бўлинглар. Қай бирингиз бу нарса ила аламланса Аллоҳ таолонинг пардаси ила беркитсин”. Шу сабабдан ўзининг гуноҳини зоҳир қилиш макруҳ бўлганидек, бошқанинг ҳам гуноҳини зоҳир қилиш макруҳдир. Саҳиҳ ҳадисда: “Бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини (мусулмон) бирордари учун ҳам яхши кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди” дейилган. Бу ҳадисдан “Ўзи учун ёмон кўрган нарсасини биродари учун ҳам ёмон кўрмагунча” деган ҳақиқатни ҳам тушуниб олса бўлади.

      2. Сири фош бўлиш ва иши очилишидан ўзини ҳимоя қилиш иккинчи сабабдир. Зеро маъсиятларга тушишдан қўрқиш, уларга қарши журъат йўқолишидан қўрқилади. Қачонки нафс гуноҳлар ошкора бўлишига ўрганиб қолса, унинг гуноҳларга берилиб кетиши зиёда бўлади, шаҳватларга эргашишда ўз чегарасини риоя қилмай қолади ва гуноҳларни тарк этиш ҳақида қайғурмай қўяди.

     Дунёда сири очилишидан қўрқиш ўз изидан шиддатлироқ ва хорловчироқ бўлган охиратда сири очилишидан қўрқишни етаклаб келади. Шунинг учун яхшилар айтадилар: “Аллоҳим! Бизни бу дунёда айбларимизни тўсганинг каби охиратда ҳам айбларимизни тўсгин. Ҳузурингда турилувчи кунда гувоҳлар олдида бизни шарманда қилма!”.

     3. Унга бошқа банда эргашиб ер юзида Аллоҳга маъсият қилиш тарқалишини ва одамларда гуноҳ қилишга журъат уйғониши  учинчи сабабдир. Банда гуноҳ қилганда, ўзи гуноҳкор бўлгани етади, у Аллоҳга тавба қилиши ва мағфират сўраши лозим. Гуноҳини эса зоҳир қилмасинки ўша гуноҳ тарқалади, кенгаяди. Ҳудди касаллик соғ аъзоларни ҳам заҳарлагани, темирга босқон урувчи ёнида турган одамни кир қилиб қўйгани каби. Ўзи гуноҳга ботган ҳолида бошқани ҳам унга тортиш ёмон кўрилган ишдир.

     Шу сабабли Аллоҳга осий бўлган банда ўз гуноҳини беркитиши зарур. Ҳатто аёли, фарзандлари ва атрофидаги бошқа одамларданки, токи улар гуноҳкордан кўнгиллари қолмасин.

      4. Аллоҳ уни авф қилишини ва гуноҳлардан офият беришини доимо билиб юриши ва ёмонлиги ила мақтанувчи, уни ошкор қилувчи, ҳалок қилувчи гуноҳлару ҳатарли ишларни қилганидан фахрланувчилар сарасига кириб қолмаслиги тўртинчи сабабдир. Имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилган: “Умматимнинг мужоҳирларидан бошқа барчаси авф этилган. Мужоҳир бу киши тунда бир гуноҳ амал қилади ва Аллоҳ унинг гуноҳини беркитган бўлади. У эса тонг оттирганда: “Эй фалончи, кеча мен фалон ва фалон амалларни қилдим” дейди. Ва ҳоланки Аллоҳ унинг гуноҳини беркитганда, у ўз гуноҳини ошкора қилди”.

       5. Ҳаё аҳлидан бўлиши, ҳаёсига ва уни гуноҳларни зоҳир қилишдан қайтарувчи соғлом инсоний табиятига эргашиши лозимлиги бешинчи сабабдир.

       Имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳларида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз укасига ҳаё қилмаслик ҳақида насиҳат қилаётган ансорийни олдидан ўтаётиб унга: “Уни тек қўй, албатта ҳаё иймондандир” деб айтганлар”.

       Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: “Иймон отмиш нечта шоҳчадан иборатдир. Ҳаё иймоннинг бир шоҳчасидир”.

        Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ҳам қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: “Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради”.

        6. Уммат ичида яхшилик ила танилганлар сарасига кириш олтинчи сабабдир. Ҳалқ тили ҳақиқат қалами дейилганидек одамлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан турганларида жаноза олиб ўтилади. Шунда саҳобалар маййитни мақтаганларида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Вожиб бўлди” дейдилар. Яна бир жаноза олиб ўтилганда саҳобалар маййитни ёмонлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Вожиб бўлди” дейдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу: “Нима вожиб бўлди ё расулуллоҳ” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Аввалги маййитни мақтаганларингизда унга жаннат вожиб бўлди, иккинчи маййитни ёмонлаганингизда унда дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз” дедилар?.

      Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Бир мусулмон киши вафот топганда унинг яқин қўшниларидан тўрттаси ундан фақат яхшилик кўрганларига гувоҳлик берсалар Аллоҳ айтади: ”У банда ҳақидаги билимингизни қабул қилдим ва сиз у ҳақида билмаган нарсаларингизни ундан кечирдим”.

       7. Одамлар унинг ёмонлигидан қочиши мумкинлиги еттинчи сабабдир. Одамлар унинг ёмонлашининг зарарларидан: уни ёмонлаганлари учун ўзлари гуноҳкор бўладилар. Бунда улар ёмонлашда чегарадан чиқиб кетишлари ёки банда қилганидан кўпроқ нарсани қилди деб гапиришлари - бундай ҳолатлдарда гапиришда чегарадан чиқиш кўп учрайди - мумкин бўлиб қолади. Бунда банда ҳам одамлар уни ёмонлагани учунгина гуноҳдан четланиши мумкин (Яъни холис Аллоҳ учун гуноҳдан қайтмайди. Бу эса ёмон ҳолат. Таржимон). Ўзи гуноҳ қилиб балолангани, одамлар ундан бошқа гуноҳкорни ёмонлаганларида ҳам ҳудди уни ёмонлаётганларидек аламлангани унга кифоя қилади.

      8. Одамлар унинг маъсиятидан хабар топганларида бу нарсадан аламланиши саккизинчи сабабдир. Аъзолар зарба еганда аламлангани каби инсон одамлар ёмонлаши сабабидан ҳам қалби аламланади. Бу инсон фитратида бор нарсадир. Гоҳида бу алам сабабли ўсиб борувчи безовталик ва асабийлик бандани ибодатдаги хушуъдан ҳам ман қилади, айниқса алами давомли ва қаттиқ бўлса.

        Жасадини ва қалбини аламлантирувчи ҳар бир нарсадан узоқлашиш ва қочишда мўминга ҳеч қандай гуноҳ йўқ ва бу ҳаром эмас.

       Аммо шу билан бирга қуйидаги ҳақиқатни билигин: ҳар бир иш Аллоҳнинг қўлида бўлиб, У Зотнинг Ўзи асл “Фойда берувчи” ва “Зарар берувчи” эканлиги ва барча мавжудотлар У Зотнинг риоясида эканлигини билгани сабабли халқнинг уни кўриши эътиборсиз даражага чиқиб, уларнинг мақтовлари ва ёмонлашлари банда ҳузурида бирдек бўлиши олий мақомдир.

      Имом Термизийнинг Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳасан ҳадисларида айтилади: “Бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, мени мақташлари мен учун зийнатдир. Мени ёмонлашлари мен учун шармандаликдир” деди. Шунда Расулуллоҳ солллаллоҳу алйҳи ва саллам: “Бу Аллоҳ тарафидандир” дедилар”.  

       9. Маъсияти зоҳир бўлганда ёмонликни ёки озорни мақсад қилиб қолиши тўққизинчи сабабдир. Албатта бу нарсадан хавфда турилади. Бу ҳолат ёмонлаш кетидан келади. Ёмонлаш ёмонланаётган инсоннинг қалбида ўзини нуқсонли деб ҳис қилишни келтириб чиқариши тарфдан макруҳ кўрилгандир. Агар у инсон бировга ёмонлиги тегмайдиган инсон бўлса ҳам. Бу ҳолатда унинг гуноҳини билиб қолган инсоннинг ёмонлигидан ҳам қўрқилади. Мусулмон киши қўлидан келганича ўзини озор ва унинг сабабларидан сақлашида ҳеч қандай ҳараж йўқдир.

ОДАМЛАР МУҲАББАТИНИ ЯХШИ КЎРИШ

 Мусулмон киши учун одамлар уни яхши кўришлари ва яқин бўлишларини ҳуш кўришида ҳараж йўқдир. Яхши кўриш ва яхши кўрилиш инсон фитратида бор нарса. Бошқа тарафдан у одмлар, айниқса яхши инсонлар уни яхши кўришлари Аллоҳ таборака ва таоло уни яхши кўришига далил деб умид қилади. Зеро бандалари қалбига ўша инсонга нисбатан муҳаббат солган, унинг ёмонлигини беркитиб яхшилигини ошкор қилган зот Аллоҳдир. Аллоҳ бундай марҳамат қилган: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур” (Марям 96). У банда оятда зикр қилинганлардан бўлишни умид қилади. Албатта Аллоҳ бирор бандага муҳаббат қилса, уни бандалари қалбига ҳам солиб қўяди. Бу ҳақида Расулуллоҳ солллаллоҳу алйҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ бир бандага муҳаббат қилса, Жаброилни чақиради ва: “Мен фалончига муҳаббат қилдим, сен ҳам унга муҳаббат қил” дейди. Шунда Жаброил унга муҳаббат қилади ва осмон аҳлига: “Аллоҳ фалончига муҳаббат қилди, сизлар ҳам унга муҳаббат қилинглар” деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам унга муҳаббат қилади. Сўнгра ер аҳлига ўша бандага нисбатан илиқлик пайдо қилинади” (Бухорий ривояти).

Аммо бу мақомдан юксакроғи бу банданинг асосий ғами пок бўлган зот Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилиги бўлиб, халқ ундан розими ёки норозими, яхши кўрадими ёки ёмон кўрадими фақи бўлмаслигидир.

Агар банданинг қалби баъзи одамларга муҳаббат ила боғланган бўлса ҳам бунинг сабаби улар Аллоҳнинг маҳбублари бўлганлари учундир. Аллоҳ уларни ўз оятида бундай васф қилган: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради” (Моида 54)

Ҳадисдаги дуода бундай дейилган: ”Аллоҳим! Сендан Муҳаббатингни ва Сен муҳаббат қилганларнинг муҳаббатини сўрайман”.

Шайх Юсуф Қаразовий

Таржимон: Афзалжон Аббасов