loader
Foto

Туркиядаги президент сайловида Эрдўған ЛГБТ тарғиботчиси алавий рақибидан ғолиб бўла олмади

14-май куни ўтган президент сайловда Туркияда бирор номзод 50 фоиз ё ундан кўпроқ овоз ололмаган. Мамлакатни 20 йилдан бери бошқариб келаётган Ражаб Тоййип Эрдўған шу пайтгача бу қадар кескин рақобат билан юзлашмаган.

Натижа барча овозлар санаб бўлингач ёки иккинчи раундда аниқланиши мумкин. Европа ва Осиёни боғловчи давлат нотинч Сурия ва яккаланган Эронга қўшни. Ғарб ва шарқ билан алоқалар қил устида, дейди шарҳловчилар. Икки етакчи номзод бир-биридан мутлақ фарқ қилувчи дастурлар таклиф қилмоқда.

Эрдўғаннинг рақиби, мухолифат лидери Камол Қиличдорўғли уни Туркияни диктаторлик тузумига айлантирганликда айблайди. Қиличдорўғли демократияни тиклашни ваъда қилмоқда, шунингдек, инқироздаги иқтисодни жонлантиришни.

Анқарада сўзлар экан, 69 ёшли Эрдўған ҳамон саналаётган овозларга ишора қилиб, ҳали ҳам ютиши мумкинлигини айтди. Иккинчи раунд талаб қилинса, унга ҳам тайёр эканини айтди.

“Биз ҳали бу сайлов қандай тугашини билмаймиз", - деди Эрдўған, икки ҳафтадан кейин иккинчи тур ўтиши эҳтимолини қабул қилар экан.

2018-йилдаги сайловда Эрдўған чет элда берилган овозларнинг 60 фоизини қўлга киритган. Хорижда 3,5 миллион туркиялик сайловда қатнашиш имкониятига эга.

Халқнинг асосий эътибори иқтисодий масалаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва феврал ойидаги зилзила оқибатларига қарши кураш ва тикланиш ишларида. Офат 50 мингдан ошиқ одамни ҳаётдан олиб кетган.

Хорижий сармоядорлар ҳам сайлов натижасини интиқиб кутмоқда. Инвестицион лойиҳалар тўхтаб қолган. Ғарбдаги ҳамкорларнинг катта қисми Қиличдорўғли сайланишига умидвор.

Анқара вақти билан 15-майнинг илк соатларигача Эрдўған 49,4 фоиз, Қиличдорўғли эса 44,9 фоиз овоз тўплаган.

“Иккинчи раундда албатта ютамиз... демократиямизни тиклаймиз", - дейди 74 ёшли Қиличдорўғли.

У - секуляризмни олға сурувчи олти партияни бирлаштирган коалиция лидери. Эрдўған халқ ишончини бой берганига анча бўлди, дейди Қиличдорўғли.

Туркия сайлов комиссияси овозлар санашда давом этмоқда. Комиссия 28-майда иккинчи тур ўтиши мумкинлигини ҳозирча тасдиқламаган.

14-май куни парламент учун ҳам овоз берилди. Эрдўған 2003-йилда бош вазир сифатида ҳокимиятга келган. Унинг ташаббуси билан президент бошқарувига ўтган Туркия ҳозирда эркинлик рейтингларида пастга тушиб, демократик эмас, авторитар система ҳисобланади.

Мухолифат давлат матбуоти бераётган маълумотларга ишонмасликка чақирмоқда. Эрдўғаннинг тарафдорлари назарида эса Қиличдорўғли коалитсияси халқнинг иродасини тан олмаяпти.

Эрдўған қайта сайланса, дейди Қиличдорўғли, Туркия жар ёқасида қолади. Иқтисод янаям издан чиқиб, эркинликлар чекланаверади. Президент ва унинг партиядошлари буни инкор этади.

Якшанба кунги сайловда 600 ўринли парламентдаги ўринларнинг 49,4 фоизи Эрдўғаннинг "Адолат ва Тараққиёт" партияси, 35 фоизи эса Қиличдорўғли коалитсияси, 10 фоизи эса курдларни қувватловчи сиёсий гуруҳга ўтган.

64 миллионлик электоратнинг 89 фоизга яқини овоз берган. Бу йил Туркия республикаси барпо этилганига 100 йил бўлади. Камол Отатурк замонавий, дунёвий ва демократик давлатга асос солган, дея фахрланади фуқаролар.

Халқаро майдонда Туркиянинг роли азалдан муҳим. Украинадаги уруш, НАТОнинг кенгайиши, терроризмга қарши кураш, Яқин Шарқ тинчлиги, энергетик хавфсизлик, озиқ-овқат таъминоти, қолаверса туркий дунё равнақи - бу масалаларнинг бирортаси Туркиясиз ҳал этилмайди, дейди экспертлар.

Яқингача деярли 86 фоизда турган инфляция сайлов олдидан расман 44 фоизга яқин деб қайд этилган.

Мухолифат Эрдўғанни ёлғончи дея қоралаб, мамлакат бўйлаб авж олаётган қашшоқликка кўз юмаётганликда танқид қилади.

Эрдўған йил бошида 7,8 баллик зилзила 11 жанубий вилоятни қақшатганига бефарқликда ва вақтида чор кўрмаганликда ҳам айбланади.