Баъзан динга лоқайд қарайдиган кимсалар ақлий илмларга ортиқча маҳлиё бўлишиб, динда буюрилган вазифаларни оғир, шариатдаги ибодат ва қайтариқларни машаққат, деб ҳисоблаганлари учун ақлий илмларни фазилатга ҳақлироқ, олдинда туришга лойиқ, деб билдилар. Аслида бу тўғрида гапириш бу фасл доирасига кирмайди.
Соғлом ақл ва фикри теран кишида ҳеч қачон бундай бузуқ тушунчани кўрмайсан. Чунки ақл инсоннинг беҳуда ва бемақсад яратилганини ўз-ўзидан инкор этади. Бинобарин, юқорида зикр қилинган кимсалар ихтилоф ва тортишувга берилиб, ишлари уларни тафовут ва зиддиятга олиб боради. Шундай экан, инсонларни бир-бирига яқинлаштириб, бирлаштириб турадиган диндан киши беҳожат эмас. Ақл динга эргашишни тақозо этади ва унга тобедир. Агар фикри лойқа киши дин ақл учун зарурий нарса ва ақл дин учун асос эканини тасаввур қила олганида, албатта хатодан тийилиб, ҳаққа бўйсунарди. Лекин у нафсига бепарво бўлиб адашади ва (бошқаларни ҳам) адаштиради.
Абул Ҳасан Мовардийнинг
"Дунё ва Дин одоби" китобидан
Абдуллоҳ Исмоил Махдум таржимаси