loader

ЁЗИЛГАН ҚАРОРНОМАНИ БУЗУШ УЧУН ЎЗЛАРИДИН ЧИҚҒОН ҲАРАКАТ

Қурайш жамоасидин бир нечалариға Бани Ҳошим (ва Бани Мутталиб)ға бўлган кулфату азиятлар, иқтисодий муҳосара (қамал) ва муқотаа (алоқаларни узиш) кўб оғир кўрулур эрди. Лекин қарорномага хилоф қила олмай паришон эрдилар.
Шул жамоадин бирлари Ҳишом ибн Амр эрди. Бул одам ўзи мушрик бўлуб туруб, мусулмонларға марҳамати кўб бўлуб, тез-тез таом ва киюмлар юборуб турур эрди. Баъзи вақтлар туяға дон юклаб, ҳайдаб борур эрди, мусулмонлар турган ерға яқин борганда, туяни қамчин била шундоғ қаттиғ урар эрдики, калтакнинг зўридан бир чопганча ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар турган ерға боруб тўхтар эрди.
Бечора Ҳишом бу қадар инсоният (инсонийлик) ила тўхтамади, балки Каъбаға осилган қарорномани бекор қилуб олуб ташламак, Бани Ҳошим, (Бани Мутталиб ва мусулмонлар) жамоасин муҳосарадин озод этмак учун ҳам ниҳоятда буюк чоралар кўрди ва шул йўлда ҳаммадин аввал Зуҳайр ибн Абу Умайя қошиға борди. Зуҳайрнинг онаси Отика Абдулмутталибнинг қизи эрди. Бани Ҳошим Зуҳайрға тоға жамоа (уруғ) бўлур эрдилар. Ҳишом деди: “Эй Зуҳайр, сен бул ерда хоҳлаган таомни ерсан, либосни киюрсан, хотунни олурсан, тоғаларинг Бани Ҳошим тоғ орасида халқдин алоҳида очу ялонғоч, зулм ичинда ётурлар. На бир нарсани сота олурлар ва на ола олурлар. Кўнглунг бу ҳолатға нечук рози бўлур? Худо номиға қасам ичиб дерманки, агар Абу Жаҳлнинг тоғалариға шул тариқа зулм қилунмакчи бўлса, ул ҳаргиз рози бўлмас эрди. Сенгина бу беҳамиятликға рози бўлуб турубдурсан”. Бу сўзни Зуҳайр эшитуб, дедики: “Мен танҳо ўзум нечук кўбға муқобала (қаршилик) қила олурман? Худо номиға қасамки, агар ёнимға бир одам тобсам, албатта ул қарорномани бузушға ҳаракат қилур эрдим ва албатта бузуб ором олур эрдим”. Ҳишом деди: “Хотиржам бўлғил, бу ишда сенга ёр бўлғувчи рафиқ (шериг)инг бордур.” Зуҳайр сўради: “Ул кимдур?” Ҳишом деди: “Мен ўзум сенга ёрдурман”. Зуҳайр деди: “Энди, учинчи бир ёр ҳам топайлук”. Бу сўзни эшитуб, Ҳишом Мутъим ибн Адий қошиға борди. Анинг ила шул хусусда хўб гуфтугў (суҳбат) қилуб, охир ани ҳам қаноатландурди. Ул ҳам тўртинчи бир одам бўлушини талаб этди. Бу тўртунчи ёр юқорида Абу Жаҳлни ётқузуб урган Абул Бахтарий ибн Ҳишом бўлди. Бу ҳам бешинчи бир ёрдамчини бўлушин истади. Филҳол бешинчи ёр ҳам пайдо бўлди. Ул Замъа ибн Асвад эрди. Бу беш нафар Маккаи Мукаррама(нинг шимолий қисми)да Ҳажун ном бир мақомда кечқурун мажлис қилдилар. Ҳаммаларин раъй (фикр)лари қарорномани Каъбадин чиқоруб, йиртиб ташламоқға иттифоқ қилди.
Кеч ўтуб, эртаси сабоҳ (тонг)да Зуҳайр ибн Абу Умайя Масжид(и Ҳаром)ға борди. Одамлар мажмаъ (тўпланган жой)ларида ўрнидин туруб деди: “Эй аҳли Макка! Бу раводурмики, бизлар ўзумиз тўқ ва либослик юрсак, бечора Бани Ҳошим оч, ялонғоч ва халқдин алоҳида турсалар? Мен Худо номиға қасамки, то шул Каъбаға осилган золим қарорнома йиртилмаса, ўлтурмасман”. Абу Жаҳл деди: “Қасам Худоғаки, ҳаргиз қарорнома йиртилмас, бекор сўзларсан”. Замъа туруб: “Эй Абу Жаҳл, ўзунг бекор сўзларсан”, деди. Кейин Абул Бахтарий деди: “Замъа рост сўзлади. Бизлар ул қарорномада бор нарсаға рози эмасдурмиз, анга иқрор этмасмиз”. Мутъим деди: “Эй Замъа ва эй Абул Бахтарий, сизлар рост сўзладингизлар, бошқалар сўзи бекордур. Бизлар бу қарорномадин ва анда бор қарорлардин безордурмиз”. Ҳишом ҳам булар сўзларин таъйид этди (қўллаб-қувватлади).
Бул ҳолларни кўргандин кейин Абу Жаҳл ночор қолуб таслим бўлди, зиёда мухолафат (қаршилик) қила олмади. Кейин Мутъим ибн Адий ўрнидин туруб, қарорнома ёзилган саҳифани йиртмакчи бўлуб эрди, кўрдиларки, булардин илгари қурт (термит – чумолисимон ҳашаротлар) еб қўюбдур.
Мана бу воқеадин сўнг Қурайш муҳосараси (қамали) Бани Ҳошим, (Бани Мутталиб ва мусулмонлар) устларидин кўтарилди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўз таблиғ (даъват)лариға машғул бўлдилар.

Орқага Олдинга