loader

МАККА КОФИРЛАРИН ҲАЗРАТИ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ХИЛОФЛАРИҒА ИТТИФОҚЛАРИ ВА ҚАСАМ ИЧИШЛАРИ

Қурайш жамоаси (қабиласи) кўрдики, мусулмонлар учун Ҳабашистон каби бир дорул омон (омонлик диёри) пайдо бўлуб, анинг подшоҳи Нажоший борган мусулмонларға паноҳ бера бошлади.
Маккада ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумо ҳар иккилари Исломға дохил бўлуб, мусулмонлар бироз ором топуб қолдилар ва Ислом дини кундин-кунға қабила (уруғ)лар ичлариға тарқала бошлади.
Бу ҳолни кўрган Қурайш сардорлари ҳаммалари жам бўлдилар ва бир иттифоқнома ёзиб, Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталиб (балки, Мутталиб уруғлари) ила алоқа қилмасликға, хотун олмаслик, хотун бермаслик, бир нарса сотмаслик ва олмасликға қарор қилдилар.
Ул иттифоқномаларин Каъбаи шарифа ичлариға осуб қўйдилар. Ўшал иттифоқномани ёзгувчи котиб Мансур ибн Икрима  номлик бир киши эрди, баъзилар Назр ибн Ҳорис  эрди, дебдурлар. Жаноб Расули карим соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг ҳаққиға дуоибад қилдилар, бармоқларин неча адади бежон бўлуб қолди.
Қурайш жамоаси (қабиласи) мундоғ қилгач, Бани Ҳошим ва Бани Абдулмутталиб (Мутталиб уруғлари) Абу Толиб қошлариға тўплануб, баробарликда тоғлар орасиға “Шиъбу Аби Толиб” (Абу Толиб маҳалласи) ном бир мақомға кириб кетдилар.
Бани Ҳошимлардин танҳо Абу Лаҳаб Қурайш жамоасиға қўшулуб, аларға мадад беруб турди. Дер эрдики: “Муҳаммад менга мен кўрмаган бир қанча нарсаларни ваъда қилур, лекин мен ани кўрмасман. Ўлгандин кейин менга берилур эрмиш. Ҳозир икки қўлумда ҳеч бир нарса йўқдур”. Шундоғ деб туруб, икки кафи (қўли)ни очуб: “Эй икки қўлум, сизларға ҳалок келсун! Муҳаммад ваъдаларидин сизларда ҳеч нарса йўқдур”, дер эрди. Шунинг учун анинг ҳақида
تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ...
(Масад) сураси нозил бўлди.
Бир кун Абу Жаҳл йўл устида Ҳаким ибн Ҳизомни бир ғулом (қул)ға буғдой кўтартуруб, аммаси ҳазрати Хадийжа хизматлариға кетуб турганлигин кўруб, йўлин тўсди ва дедики: “Эй Ҳаким, сен бу таомни Бани Ҳошим қошлариға олуб борурсанми? Қасам Худо номиғаки, мен сени Макка халқиға шарманда қилмай қўюб бермасман”.
Бу сўзни қилуб турган ҳолида тефа (тепа)лариға Абул Бахтарий келуб қолуб, муноқаша (баҳс-мунозара)ларин сабабин сўради. Абу Жаҳл деди: “Бу одам қарорномаға хилоф қилуб, Бани Ҳошимға таом олуб боруб турубдур. Абул Бахтарий жавоб бердики: “Бу таом аслида бунинг аммаси Хадийжанинг ўз моли бўлуб, бунга омонат қўюб кетган эрди. Ани олуб боруб тургандур, қўюб юбор, бора берсун”. Абу Жаҳл анинг бу сўзиға унамади. Охир иккилари бир-бирларин сўка бошладилар. Кейин Абул Бахтарий ердин бир йўғон суякни кўтаруб, Абу Жаҳлни урди ва ётқузуб, хўб тефди (тепди). Бу ҳолатни жаноб саййидуно Ҳамза узоқдин томоша қилуб турдилар.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг бу тариқа иқтисодий муҳосара (қамал)ларидин мутаассир бўлмадилар (таъсирланмадилар). Таблиғ (даъват)ларин кечаю кундуз тўхтатмай қилуб турдилар. Ҳеч кимдин хавфу андиша қилмадилар.
Қурайшнинг бу муқотааси (алоқаларни узиши) Бани Ҳошимни кўб паришон қилди. Ёш маъсум болалар очликдин шул қадар баланд овозлар ила йиғлар эрдиларки, овозлари ҳар тарафға эшитилур эрди. Бечора Бани Ҳошим ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайлларидин комил уч йил шул ҳолда тоғ ичида ҳаёт кечирдилар. Дунёдин алоқалари узулди. Ҳар нарсадин маҳрум этулдилар. Шундоғ ҳолатда ҳам ўз жигарлари Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламни душманлар қўллариға тобшурмадилар. Шаҳардаги мусулмон бўлғон саҳобалар ҳам ўз уйларида маҳбус қолдилар .
Ҳаж кунларида кофирлар ҳам урушни ҳаром билур эрди. Андин фойдалануб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тоғ орасидин чиқуб, мавсимда келган ҳожиларға ваъзу насиҳатлар қилуб, Худо тарафиға даъват қилур эрдилар.
Амакилари Абу Лаҳаби бадбахт ҳамиша орқаларида юрур эрди. Қайси бир ерда Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлис қилуб туруб кетсалар, Абу Лаҳаб мажлисда ўлтурганларға: “Бу одам жинни, ақли халал (нуқсон) топган бир одамдур. Бунинг сўзиға сизлар ишонманглар”, дер эрди. Жаноб Расули мақбул соллоллоҳу алайҳи васаллам мундоғ муомалаларға ниҳоятда сабру истиқлол ила муқобала (муносабат) қилур эрдилар.
Охир Аллоҳ таоло бу озмойиш (синовли) кунларин Бани Ҳошим ва (Бани Мутталиб ҳамда) мусулмонлар бошларидин кўтармакчи бўлуб, ўз махлуқларидин бўлғон бир нав қурт (аниқроғи, термит – чумолисимон ҳашарот)ларға амр берди. (Улар) Қурайшнинг Каъба (ичи)ға осуб қўйган қарорномаларин еб қўйди. Бу ҳолдин Қурайшнинг хабари бўлмади.

Орқага Олдинга