loader

Маймуна бинт Ҳорис

Маймуна бинт Ҳорис ибн Ҳилол (р.а.). Расулуллоҳнинг аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси.

Отаси Ҳорис ибн Ҳилол Қурайшнинг обрў-эътиборли кишиларидан бири эди. Онаси фазилат ва юксак насаб жиҳатидан Макканинг машҳур аёлларидан бири Ҳинд бинт Авф бўлиб, Холид ибн Валид (р.а.)нинг холаси бўлган.
Маймуна (р.а.)нинг Уммул Фазл ва Салма исмли сингиллари ҳам бор эди. Уммул Фазлга Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.), Салмага эса Ҳамза ибн Абдулмутталиб (р.а.) уйланган эди.
Маймуна (р.а.) тахминан пайғамбарлик бошланишидан олти йил аввал Маккада туғилган. Балоғатга етгач, уни Макканинг кўзга кўринган йигитларидан Масъуд ибн Амрга узатдилар. Сўнг ундан ажраб, Абу Руҳм ибн Абдулуззо ибн Абу Қайсга турмушга чиқди. Кўп ўтмай Абу Руҳм вафот этиб Маймуна бева қолди.
Маймуна (р.а.) Аббос ибн Абдулмутталибнинг аёли, яъни опаси Умму Фазлнинг уйига тез-тез бориб турарди. Опасидан ислом дини, мусулмон муҳожирлар, Бадр ва Уҳуд ғазотлари ҳақидаги хабарларни эшитар, бу воқеалар унинг қалбига таъсир қилар эди.
Ҳудайбия сулҳи тузилганига бир йил тўлгач, ҳижрий 7 йили Набий (алайҳис-салом) мусулмонлар билан бирга умра ибодатини адо этиш учун Макка томон йўл олдилар. Исломни қабул қилган, аммо имонини яширин тутган Маймуна Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг Маккага келганларидан руҳланиб, Аллоҳга имон келтирганини ҳаммага билдирди.
Шундан сўнг, Маймуна Расулуллоҳга завжа бўлиш истагида Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.)ни совчи қилиб юборди. Расулуллоҳ унинг истагини қабул этдилар ва тўрт юз дирҳам маҳр бердилар.
Ҳудайбия сулҳида кўрсатилган уч кунлик мухдат битди. Қурайшликлар Набий (алайҳис-салом)га элчи юбориб: «Маккада қолиш пайтинг тугади, энди чиқиб кет», дедилар. Расулуллоҳ кулимсираб: «Мени ўз ҳолимга кўйинг. Ундан кўра бир тўй цилиб, сизучун таом уозирлатсам ва тўйимга сиз ҳам келсангиз бўлмайдими?», дедилар. Тўй учун дастурхон тузалди. Қурайшнинг улуғлари таклиф этилди. Улар таклифни қабул этмадилар. Чунки Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг зиёратлари баъзиларнинг ақли ва руҳига таъсир қилгани кўрина бошлаган эди. Масалан, Маймуна ҳаммадан яшириб келган имонини мусулмонлар Маккага киришлари биланоқ очиқ эълон этди. Устига-устак, Расулуллоҳга завжа бўлди. Бу ҳол мушрикларни ғазаблантириши табиий.эди. Набий (алайҳис-салом) Маймунага уйланганларини билдирдилар ва Ҳудайбия сулҳига амал қилиб Мадинага қайтишни эълон қилдилар.
Маймуна (р.а.) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйланган энг сўнгги аёл ҳисобланади.
Оиша (р.а.) Маймуна (р.а.)нинг мўминлар оналари ичида энг тақводор ва силаи раҳмга мойил эканига гувоҳлик бериб: «Аллоҳга қасамки, Маймуна кетди. Албатта, у ичимизда энг тақводоримиз ва силаи раҳм қилувчироқ эди», дедилар.
Маймуна бинт Ҳорис (р.а.) ҳадис ривоят қилишда Оиша (р.а.) ва Умму Салама (р.а.)лардан кейин учинчи ўринда туради. У Расулуллохдан 76 та ҳадис ривоят қилган. Шулардан биттасини Имом Бухорий ва бештасини Имом Муслим якка ҳолда, еттитасини икковлари келтирганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этганларидан сўнг, Маймуна (р.а.) кўп умр кечирди. 51/671 йили у Макка зиёратига бориб, у ерда касал бўлиб қолади. Шунда: «Мени Маккадан олиб чиқинглар. Мен бу ерда ўлмаслигим керак. Расулуллоҳ менга Маккада ўлмаслигим ҳақида хабар берганлар», деди. Маймунани Маккадан Мадинага олиб кетиш учун йўлга чикдилар. Иўлда Маймуна (р.а.) никоҳдан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан биринчи марта бирга бўлган Сариф деган жойга етганда вафот этди. У кишининг жанозаларини Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ўқиб, шу жойга, яъни Сарифга дафн этди.

"101 улуғ саҳобий" китобидан

Орқага Олдинга