loader

Ҳинд бинт Утба

Муовиянинг онаси Ҳинд бинт Утба ҳам қабила саййидларидан Утба ибн Робианинг қизи бўлиб, Макка фатҳ этилган куни исломни қабул қилди. Исломни қабул қилганидан кейин Абу Суфён унга қайтадан уйланди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам фатҳдан кейин биринчи эркаклардан, сўнг аёллардан байъат олдилар. Уларнинг орасида Ҳинд ҳам бор эди. У Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуни Ваҳший исмли қул воситасида ўлдиртирган ва унинг жасадини таҳқирланишига сабабчи бўлган эди. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам уни кечирдилар ва байъатини қабул қилдилар.
Ҳинд бинт Утба исломдан олдин Расулуллоҳнинг қизлари Зайнаб билан яхши муносабатда бўлган. Бадр ғазотида Ҳинд отаси, акаси ва амакисидан айрилди. Шундай бўлса-да, у Зайнаб розияллоҳу анҳога душманлик қилмади. Бу вақтда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам қизларини Мадинага келтириш учун одам юборган эдилар. Зайнаб Маккадан чиқиб кетиш учун тайёрланиб турганида Ҳинд Зайнабни йўлда учратиб қолади ва унга: “Эй, Муҳаммаднинг қизи, эшитишимча, отангнинг олдига кетмоқчисан. Агар мендан бирор ёрдам ёки сафар харажати учун маблағ керак бўлса, тортинмай сўрашинг мумкин. Албатта, эркаклар орасидаги душманлик аёллар орасига кирмайди” дейди. Зайнаб Маккадан кетмоқчи бўлганида маккаликлар унинг йўлини тўсиб чиқишади. Бу воқеа Ҳиндга етиб борганида, у Зайнабни қабиладошларидан ҳимоя қилади ва уни Мадинага кузатиб қўяди. Ҳинд бинт Утба Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида вафот этган.

"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан

Орқага Олдинга