Райҳона бинт Зайд ибн Амр (р.а.). Расулуллоҳнинг аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси.
Манбаларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг икки нафар жориялари бўлгани қайд этилган. Шулардан бири Райҳона бинт Зайд эди. У яҳудийларнинг Бану Назир қабиласидан бўлиб, туғилган вақти аниқ эмас.
Отаси Зайд ибн Амр ибн Ҳанофа ибн Самъун ибн Зайддир.
Райҳона бинт Зайд (р.а.) чиройли ва хушрўй аёл бўлиб, Расулуллоҳга рафиқа бўлишдан олдин Бану Қурайза қабиласидан Ҳакам (баъзи манбаларда Ҳаким) исмли кишига турмушга чикқан эди. Бану Қурайза билан бўлиб ўтган жангда эри ҳалок бўлгач, ўзи асир тушади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Райҳонага ўз дини ёки исломни танлашни таклиф қиладилар. Райҳона (р.а.) исломни танлайди ҳамда Расулуллоҳ (алайҳис-салом) уни озод қилиб, уйландилар.
Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Райҳона (р.а.) нимани сўраса бажо келтирар, ҳаттоки, ўша пайтда одамлар орасида: «Агар сен Бану Қурайзани озод қилишни сўрасанг, Расулуллоҳ қайтармасдилар», деган гаплар юрарди.
Райҳона бинт Зайд (р.а.) 11/632 йили Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан бир оз олдин Мадинада вафот этди ҳамда Бақиъ қабристонига дафн этилди.
"101 улуғ саҳобий" китобидан
Орқага Олдинга