Яқинлик қилинмаган аёлни эр талоқ қилса, яқинлик қилинмаганлиги боис сариҳ талоқ лафзи билан ҳам боин талоқ воқе бўлиб, эрда ражъат ихтиёри қолмайди. Эр ражъат ихтиёри борлигини даъво қилиш мақсадида: “Мен у билан хилватда қолган” эдим деб даъво қилса, талоқ қўйган пайтда аёл куёв уйига қизлик уйидан олиб келинган бўлса ёки хилватга гувоҳ келтирилса, сариҳ лафз билан қўйилган талоққа ражъий талоқ ҳукми берилади ва эрда ражъат қилиш ихтиёри боқий қолади. Агар талоқ қўйилган пайтда қиз куёв уйига ҳали олиб келинмаган бўлса ёки хилватга бирор гувоҳ бўлмаса ёки қиз хилватни инкор қилса ёки қиз ҳали балоғатга етмаган бўлса, эрни даъвоси қабул қилинмайди ва қизга бир боин талоқ тушиб, иддасиз ғирт бегона аёлга айланади. Аёлда шундан кейиноқ бошқа эрга иддасиз тегиб кетишга ҳаққи бўлади (Фатвои раҳимия. Ж. V. Б. 305).
Орқага Олдинга