loader

Боин талоқнинг учинчи сурати яқинлик қилинмаган аёлни талоқ қилиш

Боин талоқнинг учинчи сурати шуки, никоҳдан кейин эр аёл билан жинсий алоқа қилмаган бўлса ва ҳатто хилвати саҳиҳа (Эр хотини билан алоҳида қолиб у билан яқинлик қилишга рўза каби шаръий, ҳайз каби табъий монеликларсиз бирга қолиши)да ҳам бўлмаса ёки хилвати саҳиҳа бўлсаю, аёл ҳали балоғатга етмаган бўлиб, жинсий яқинлик қилишга лаёқатли бўлмаса, бас бу суратларда хоҳ сариҳ лафз билан, хоҳ киноя лафзлар билан, хоҳ бир мартада бир талоқ қўйган бўлсин, хоҳ икки марта алоҳида-алоҳида бир талоқдан қўйган бўлсин, хоҳ уч марта алоҳида-алоҳида бир талоқдан қўйган бўлсин, бас бир боин талоқ воқе бўлади. Ражъат қилиш ҳаққи умуман қолмайди. Масалан, бир киши аёлига: “Сенга талоқ, талоқ, талоқ” деса, бас биринчи талоқ лафзи оғзидан чиқиши билан аёлга бир боин талоқ тушади ва (яқинлик қилинмаганлиги боис) иддасиз эрнинг никоҳидан чиқиб ғирт бегонага айланади. Иккинчи, учинчи айтилган талоқ лафзлари бекорчи бўлиб қолади. Чунки, талоқ учун маҳал топилмаяпти. Шунингдек, бир киши яқинлик қилмаган ва хилвати саҳиҳа ҳам бўлмаган аёлига: “Бир талоқ бўлгувчисан, бир талоқ бўлгувчисан” деди. Бас, аввалги айтилган талоқ билан аёл бир боин талоқ бўлиб, эрнинг никоҳидан иддасиз чиқиб, ғирт бегонага айланади ва иккинчи лафз билан айтилган талоқ тушмайди. Чунки, бегонага хотинга қўйилган талоқ воқе бўлмайди.

إذَا طَلَّقَ الرَّجُلُ امْرَأَتَهُ ثَلَاثًا قَبْلَ الدُّخُولِ بِهَا وَقَعْنَ عَلَيْهَا فَإِنْ فَرَّقَ الطَّلَاقَ بَانَتْ بِالْأُولَى وَلَمْ تَقَعْ الثَّانِيَةُ وَالثَّالِثَةُ وَذَلِكَ مِثْلُ أَنْ يَقُولَ أَنْتِ طَالِقٌ طَالِقٌ طَالِقٌ وَكَذَا إذَا قَالَ أَنْتِ طَالِقٌ وَاحِدَةً وَوَاحِدَةً وَقَعَتْ وَاحِدَةٌ كَذَا فِي الْهِدَايَةِ .

“Бир киши бир аёлга никоҳлангач унга яқинлик қилмасдан илгари бирданига уч талоқ қўйса, учаласи ҳам тушади. Агар уч талоқни бўлиб-бўлиб, масалан сен талоқсан, талоқсан, талоқсан деб айтса, биринчиси тушибиккинчи, учинчилари тушмайди. “Ҳидоя”да шундай дейилган” (Фатвои ҳиндия. Ж. I. Б. 373).

Орқага Олдинга