loader

Тафвизут талоқда ҳолатнинг эътибори

Боин талоқда ҳолатнинг далолати ҳақида муфассал тарзда баён қилинди. Шунинг учун ғазаб ёки талоқ зикр қилинаётган ҳолат талоқни воқе бўлишида қандай аҳмият касб этса, тафвизут талоқ бобида ҳам ҳолатнинг далолати шундай аҳамият касб этади. Шунга биноан ҳолат далолат қилган суратда ниятсиз аёлга ихтиёр берилса ва у уни истеъмол қилса, бас талоқ воқе бўлади.
وَقَدَّمْنَا أَنَّهُ لَا بُدَّ مِنْ نِيَّةِ التَّفْوِيضِ إلَيْهَا دِيَانَةً أَوْ يَدُلُّ الْحَالُ عَلَيْهِ قَضَاءً.
"Муқаддам ўтканимиздек, диёнатан аёлга талоқни топширишни ният қилиши ёки қазоан ҳолат талоққа далолат қилиши лозимдир" (Баҳрур роиқ).
Масала: Бир киши: "Ишинг қўлингда" ёки шу каби ихтиёр бериладиган ибораларни аёлига айтса ва айни эр томонидан ишлатилган иборалар борасида эр-хотин ўртасида келишмовчилик чиқиб, эр: "Мен бу билан талоқни сенга топширишни ният қилмаганман ва қолаверса, ҳолат ҳам бунга далолат қилмайди. Чунки, бу сўзларни сенга айтганимда на ўртамизда уруш ва на талоқ зикр қилинаётган эди" деса, аёл эрни гапига қарши далил келтирса, бас аёл ҳолат далолат қилиб турганлигига ҳужжат келтирса, ҳужжати эътиборга олинади ва унга талоқ ихтиёри берилади. Ҳа, агар аёл далил келтира олмаса, қасам билан эрни қавли олинади.
وَلَوْ لَمْ يُرِدْ الزَّوْجُ بِالْأَمْرِ بِالْيَدِ طَلَاقًا فَلَيْسَ الْأَمْرُ بِشَيْءٍ إلَّا أَنْ يَكُونَ فِي حَالَةِ الْغَضَبِ أَوْ فِي حَالَةِ مُذَاكَرَةِ الطَّلَاقِ وَلَا يَدِينُ فِي الْحُكْمِ أَنَّهُ لَمْ يُرِدْ بِهِ الطَّلَاقَ فِي الْحَالَتَيْنِ وَإِنْ ادَّعَتْ الْمَرْأَةُ نِيَّةَ الطَّلَاقِ أَوْ أَنَّهُ كَانَ فِي غَضَبٍ أَوْ مُذَاكَرَةِ الطَّلَاقِ فَالْقَوْلُ قَوْلُهُ مَعَ الْيَمِينِ وَتُقْبَلُ بَيِّنَةُ الْمَرْأَةِ فِي إثْبَاتِ حَالَةِ الْغَضَبِ وَمُذَاكَرَةِ الطَّلَاقِ وَلَا تُقْبَلُ بَيِّنَتُهَا فِي نِيَّةِ الطَّلَاقِ إلَّا أَنْ تُقِيمَ الْبَيِّنَةَ عَلَى إقْرَارِ الزَّوْجِ بِذَلِكَ كَذَا فِي الظَّهِيرِيَّةِ.
"Эр ишинг қўлингда деган ибора билан талоқни ирода қилмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Лекин, ғазаб ёки талоқ зикр қилинаётган ҳолатда эр ўша сўзни айтиб, икки ҳолатда талоқни ирода қилмаганман дейиши, эътиборга олинмайди. Агар аёл у сўзни айтиб эрим талоқни ният қилган деб даъво қилса ёки ўшанда у ғазаб ҳолатида ёки талоқ зикр қилинаётган ўринда эди деб даъво қилса, эрнинг сўзи қасам билан эътиборга олинади. Аёлнинг ғазаб ва талоқ зикр қилинаётган ҳолатни исботлаш тўғрисида келтирган ҳужжати қабул қилинади. Лекин, талоқни ният қилган эди деган даъвосига аёлни келтирган ҳужжати қабул қилинмайди. Балки, аёл эрнинг талоқни ният қилганлигини иқрорига келтирган ҳужжати қабул қилинади"(Фатвои ҳиндия).

Орқага Олдинга