Аллоҳ таолонинг китоби, суннат, ижмо ва қиёсга асосан хулуъ жорий қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда талоқ билан биргаликда хулуъни баён қилиб, шундай марҳамат қилган:
الطَّلَاقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ وَلَا يَحِلُّ لَكُمْ أَنْ تَأْخُذُوا مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئًا إِلَّا أَنْ يَخَافَا أَلَّا يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا فِيمَا افْتَدَتْ بِهِ تِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ فَلَا تَعْتَدُوهَا وَمَنْ يَتَعَدَّ حُدُودَ اللَّهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُون
"Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Сизга уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш ҳалол бўлмайди, магар икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар (бўлади). Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир" (Бақара 229 оят).
Хулуъга доир имом Бухорий ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْه أَنَّ امْرَأَةَ ثَابِتِ بْنِ قَيْسٍ أَتَتِ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَعْتِبُ عَلَيْهِ فِي خُلُقٍ وَلاَ دِينٍ وَلَكِنِّي أَكْرَهُ الْكُفْرَ فِي اْلإِسْلامِ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: أَتَرُدِّينَ عَلَيْهِ حَدِيقَتَهُ قَالَتْ: نَعَمْ قَالَ: اقْبَلِ الْحَدِيقَةَ وَطَلِّقْهَا تَطْلِيقَةً. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
"Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрони неъмат қилишни хушкўрмайман", деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Унга боғини қайтариб берасанми?" дедилар.
"Ҳа", деди аёл.
"Боғни қабул қилиб олда, уни бир талоқ қил", дедилар".
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Нақл қилинишича, Собит ибн Қайс хунук ва бўйлари паст киши эди. Уларнинг аёли эса, чиройли эди. Шу сабабли иккаларлари ўртасидаги никоҳ риштаси кўнгилдагидек эмас эди. Жамила бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилиб: "Собит ибн Қайснинг ахлоқи ва одоби яхши. Лекин, унга нисбатан менда муҳаббат йўқ. Шу боис у билан яшаб кетишим мушкул. Қолаверса, яхши кўрмаганлигим сабабли ёки фитрий сабабли унга бирор ножўя гап гапириб, куфрону неъмат қилиб, гуноҳкор бўлишдан қўрқаман. Шунинг учун ундан ажрашишни истайман" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у айтган сўзларни чуқур тафаккур қилиб, Собит ибн Қайсга: "Аёлингни бир талоқ қўйишни маслаҳат бераман" дедилар. Бундан хулуъда бир талоқ қўйиш афзал ва авло иш экани маълум бўлади. Чунки, эр ҳам, аёл ҳам яна қайтадан турмуш қурушни истаб қолсалар, тўй қилиб, ҳеч қандай ҳражсиз турмуш қура оладилар.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг бу хотинларининг исми Жамила бинти Абу Салул бўлган. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Жамила розияллоҳу анҳога бир боғни маҳр қилиб берган эди. Собит розияллоҳу анҳу ўзлари одобли, диндор бўлсалар ҳам чиройли эмас эканлар. Шунинг учун хотинлари Жамилага ёқмаганлар.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Жамила розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир куни пардани кўтариб кўчага қарасам, у бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, ичларида ундан кўримсизи, ундан хунуги йўқ экан, деган.
Шунинг учун куфрони аъшир, яъни, эрга итоатсизлик бўлишидан қўрққан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамиланинг ажрашиш истагини Собитга айтганларида у эй Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши боғимни маҳр қилиб берган эдим, деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоятда Жамила розияллоҳу анҳога: «Унга боғини қайтариб берасанми?» дейишлари ҳам шундан.
Бошқа ривоятда бу саволга Жамила розияллоҳу анҳо:
«Ҳа, устига бошқа нарса ҳам бераман», деган.
Маҳр бўлиши жоиз нарса хулуъга берилса ҳам бўлади. Уламоларимиз хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул, дейишади.
Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа, талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа, қозига арз қилиб хулуъ қилади.
Хулуънинг машруълигига уммат ҳам ижмоъ қилган ва қиёс билан ҳам собит бўлган. Никоҳ милки қасос милкига қиёс қилинган. Чунгки, қасос милкида мол бўлмасада, лекин, унга эваз олиш жоиздир. Шунингдек, никоҳ милки мол бўлмасада, лекин, унга эваз олиш жоиздир. Ушбу эвазга талоқни айри бошлаш хулуъ дейилади (Ҳадис ва ҳаёт).