“(Парвардигорим,) Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин. Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан». Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик). Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай” (Соффат 100-109 оятлар).
Иброҳим алайҳиссалом Шомга етишлари билан қуйидаги дуони: “Эй Роббим! Менга солиҳ фарзанд бергин” ўқиди. Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик.
Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларини ўғилларига айтишларидан олдин ўйланиб: “Ўғлим рози бўладими ёки қарши бўладими?” дедилар. “Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлган эди”, Иброҳим алайҳиссалом уни тушларида сўяётган ҳолатда кўрдилар.
Изоҳ: Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга отландилар.
Буни ўғилларига қандай етказиш ҳақида узоқ ўйладилар. Улар ўғиллари бу ҳолатни қандай қабул қилиши ҳақида тасаввур қилиб кўрдилар. Агар ўғлим бу масалада менга рози бўлса нур устига аъло нур, аммо қарши чиқса, унга тушунтираман. Шу нарсалар борасида фикр юритиб Исмоил алайҳиссаломга: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эдилар. У: «Эй отажон, бу борада мендан сўрашингизнинг нима зарурати бор, сизга(тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз» деди. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эди, ва бўйнини узиб ташлашга қасд ҳам қилган эдики, биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Энди биз у ҳукмни мансух қилдик, сиз уни тарк қилинг. Исмоил алайҳиссаломнинг жонлари сақланиб қолди. Олий мақомлар зиёдаси билан уларга ато қилинди. Аллоҳ таоло: “Албатта Биз чиройли амал қилгувчи мухлис бандаларни мана шундай мукофотлармиз” деди.
Ҳақиқатда бу катта имтиҳон эди. Унга комил мухлис бўлган бандалардан бошқаси бардош қила олмас эди. Аллоҳ таоло: “Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик). Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай” деди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом номларига ҳозиргача “алайҳиссалом” қўшиб айтилади. Чунки, бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Биз мухлис бўлган бандаларни мана шундай мукофотлармиз” деди.