Ҳазрати Исмоил алайҳиссалом сут ёшидаги бола эдилар. Оталари Иброҳим алайҳиссаломга аёллари Хожар ва ўғиллари Исмоил алайҳиссаломларни Маккаи муаззаманинг майдонида қолдириб кетишликка ҳукм бўлди.
Иброҳим алайҳиссалом аҳли аёлини сув ҳам, нон ҳам йўқ бўлган, бир кимсасиз оролга Аллоҳ таоло ҳукмига амал қилиб, уларни ўша ерда қолдириб келдилар.
Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар ва ваҳий соҳиби эдилар. Лекин Хожар онамиз аёл киши бўлишлари билан бир қаторда қўлларида эмизикли гўдаклари ҳам бор эди. Арабистон ярим оролида нон, сув у ёқда турсин ваҳший ҳайвонлар еб кетиш хавфи ҳам бор эди. Лекин буларнинг барчаси ҳақида улар ўйлаб-ўтирмай Аллоҳ бюрган ҳукмни амалга оширдилар. Ҳожар онамиз хўжайинларига: “Бизларни бу ерга ўз райингиз билан қолдириб кетяпсизми ёки Аллоҳнинг ҳукми биланми?” дедилар. Иброҳим алайиссалом: “Аллоҳнинг ҳукми билан” деб жавоб бердилар. Хожар онамиз: “У ҳолда Аллоҳ бизни зоеъ қилмайди” дедилар.
Қаранг! Иброҳим алайҳиссалом: “Бу Аллоҳ таолонинг ҳукми” деганларидан кейин Хожар онамизда бутунлай хотиржамлик пайдо бўлди. Аллоҳ таоло уларга таваккал қилишни насиб қилган‑а! Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизга бироз сув билан озроқ хурмо бериб кетганлар. Исмоил алайҳиссаломни чанқоқлик қийнай бошлади. У ерда Сафо ва Марва номли икки тоғ бор эди. Улар ҳозир ҳам мавжуд. Ўша пайтда у иккисиинг ўртаси чангалзорлардан иборат эди. Ҳозир эса, у ерда катта бозор мавжуд. Ҳазрати Хожар онамиз паришон ҳолатда сув қидириб тоғнинг тепасига чиқдилар. У ён бу ёнга қарадилар. Бирор жойда сув кўринмади. У ердан тушиб бошқа тоғ тарафга юрдилар. Шу билан бирга Исмоил алайҳиссаломни ҳам назардан қочирмасдилар. У икки тоғ ўртасида бир водийча масофа бор эди. Пастликка тушсалар Исмоил алайҳиссалом кўринмай қолар эди. Шу сабабли Хожар онамиз ўша жойни югуриб босиб ўтардилар. Ўғиллари Исмоил алайҳиссалом кўринганларидан кейин хотиржам бўлардилар. Қарама-қарши томонга чиқиб атрофга назар сола бошладилар. Аммо бирор жойда сув кўринмади. Уердан тушиб, фарзандларини аҳволини кўриб сабр қила олмай, сув топилиб қолар деган умидда етти марта у тоғдан бу тоққа, бу тоғдан у тоққа бориб келдилар. Бу изтиробли ҳаракатга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди ва Жаброил алайҳиссаломга: “Исмоил алайҳиссаломга сув чиқариб беринг” деб буюрди.
Жаброил алайҳиссалом келиб, Исмоил алайҳиссаломни чанқоқ,бетоб бўлиб йиғлаётганларини кўрдилар. Жаброил алайҳиссалом товонларини ерга урдилар ва у ердан бир булоқ отиллиб чиқди. Шунда Хожар онамиз: “Замзам, замзам” дедилар ва у булоғ манашу ном билан ҳозиргача аталади.
Аллоҳ таолога ўзининг мақбул бандаларининг баъзи феллари жуда ҳам маъқул келади. Гарчи у ибодат тарзида бўлмай, шунчаки одат тарзида бўлса ҳам.