loader

Қурбонлик тарихи ва унинг бошланиши

Иброҳим алайҳиссаломга тушларида: “Сиз ўз фарзандингизни жонини бизга фидо қилинг” деган амр бўлди. Ҳақиқатда ҳамма нарсадан энг маҳбуби инсоннинг ўз жони, ундан сўнг фарзандларининг жонидир. Иброҳим алайҳиссалом бу ҳукмни Исмоил алайҳиссаломга баён қилдилар. Бу воқеада энг ажабланарлиси Исмоил алайҳиссаломнинг бу ҳукмга рози бўлишларидир. Ўша пайтда у ўн уч ёшлар атрофида, Аллоҳ таолога ўз жонини фидо қилишга тайёр бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўша пайтда пайғамбарлик мақомида, комил маърифат эгаси, “Аллоҳнинг халили” деб лақабланиб бўлган эдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг шундай ҳолатда туриб ўғлини қурбон қилиши, Исмоил алайҳиссаломни у ҳукм ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай рози бўлганлари олдида ажабланарли эмас.
Аслида бу нарса Иброҳим алайҳиссаломнинг файзлари сабаблидир. Чунки, Иброҳим алайҳиссалом файзлари сабабли фарзандлари ҳам Аллоҳнинг ошиқига айланган эди.
Исмоил алайҳиссалом: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан» дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом ўғили Исмоил алайҳиссаломни пешоналарини бир нарса устига қўйиб забҳ қилишни бошлаб, куч билан пичоқни тортган эди, пичоқ кесмади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломга “сўйинг” деб, пичоққа эса “сўймагин” деб ҳукм бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом ғазабланиб пичоққа: “сенга нима бўлди, нима учун кесмаяпсан” дедилар. Пичоқ: “Эй Иброҳим! Сиз ўз ишингизни қилинг, мен ўз ишимни қиламан. Чунки сизга бошқа ҳукм, менга бошқа ҳукм буюрилган” деди.
Дарҳақиқат пичоққа “Ўтмас бўл” деб ҳукм бўлган эди, у ўтмас бўлди. Иброҳим алайҳиссаломга эса “Сўйинг” деб ҳукм бўлган эди, улар сўйишга киришдилар. Шу пайтда ғайбдан овоз келди: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Иброҳим алайҳиссаломнинг бу амалларига қурбонлик қилиш масаласи тартиб топди. Аллоҳ таоло унинг бу амалига ниҳоятда улкан амал деб баҳо берди. Чунки у зот ўз тарафларидан қилиниши керак бўлган ишни мукаммал адо этган эдилар. Улар ўғилларини сўйишга ётқизиб уни бўйнига пичоқ тортаётган вақтларида пичоққа сўйма деб амр бўлганини билмаган ва пичоқ ҳам ўз ишини қилмаслигидан бехабар эдилар. Балки, пичоқни тортаман ва шу билан қурбонлик иши тамом бўлади деб ўйлаган эдилар.Чунки ўғилларини тушларида сўйиб бўлган эдилар. Энди натижа қандай бўлиши у кишининг ихтиёрларидан ташқари иш эди.Гарчи пичоқ сўймаган бўлсада у зот улкан ишни адо этган эдилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)”.
Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:
“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” дедилар.
Биз:
“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.
У зот:
“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.
Биз:
“Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?” дедик.
У зот:
“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар” (Мустадрак).
Ҳадисда қурбонлик қилиш Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати ва бу суннат ўз ўғилларини забҳ қилишлари билан жорий бўлган эди. Сўнг Аллоҳ таоло қўчқорни Исмоил алайҳиссалом ўринларига берди. Бундан қурбонлик сифатида жонлиқ сўйиш ўғилни сўйиш мақомида эканлигидан дарак беради. Чунки Иброҳим алайҳиссаломда шундай бўлган эди.
Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман”. Бизнинг “Қурбонлик жонворини сўйишимиз ўғилнинг ўрнига қоим мақомдир ва бизга ҳам Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилгандаги савоб етади” деб гумонимиз шундай пухта бўлмоғи лозимдур. Агар кимки қилаётган қурбонлигини ўз фарзандининг қурбонлигидан эваз деб тушунмай балки оддийгина қўй сўйяпман деб қасд қилса ихтиёри ўзида.

Орқага Олдинга