loader

وَإِذَا كُنتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ ٱلصَّلَوٰةَ فَلْتَقُمْ طَآئِفَةٌۭ مِّنْهُم مَّعَكَ وَلْيَأْخُذُوٓا۟ أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُوا۟ فَلْيَكُونُوا۟ مِن وَرَآئِكُمْ وَلْتَأْتِ طَآئِفَةٌ أُخْرَىٰ لَمْ يُصَلُّوا۟ فَلْيُصَلُّوا۟ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا۟ حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ ۗ وَدَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ لَوْ تَغْفُلُونَ عَنْ أَسْلِحَتِكُمْ وَأَمْتِعَتِكُمْ فَيَمِيلُونَ عَلَيْكُم مَّيْلَةًۭ وَٰحِدَةًۭ ۚ وَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن كَانَ بِكُمْ أَذًۭى مِّن مَّطَرٍ أَوْ كُنتُم مَّرْضَىٰٓ أَن تَضَعُوٓا۟ أَسْلِحَتَكُمْ ۖ وَخُذُوا۟ حِذْرَكُمْ ۗ إِنَّ ٱللَّهَ أَعَدَّ لِلْكَٰفِرِينَ عَذَابًۭا مُّهِينًۭا

Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Xушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир. (Ушбу ояти карима билан танишганда, намозга нақадар катта эътибор борлиги дарҳол англаб етилади. Ўйлаб кўринг-а: уруш бўлиб турса, ҳар бир инсоннинг ҳаёти қил устида турса-да, яна намоз ўқишга амр бўлса! Уруш пайтида ўқиладиган намоз «Хавф намози» деб аталади. Демак, жиҳодга чиққан мужоҳидлар бу ҳолда иккига бўлинишади. Бир тоифалари имом билан намоз ўқийди, иккинчи тоифа намоз ўқимай, қўриқчилик қилиб туради. Имом биринчи тоифа билан биринчи ракъатни ўқиб бўлгандан сўнг туриб орқага қўриқчиликка ўтади. Қўриқчилик қилиб турган иккинчи тоифа келиб имом билан иккинчи ракъатни ўқийди. Оятда шу жойгача зикр этилган. Намознинг давоми Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида келган. Иккинчи ракъат тамом бўлиши билан имом салом беради. Чунки у икки ракъатни тамом ўқиди. Кейин биринчи тоифа келиб иккинчи ракатни ҳар ким ўзи ўқиб салом беради. Иккинчи ракатни имом билан ўқиган ва яна қоровулликка ўтган иккинчи тоифа биринчи тоифадан кейин қолган бир ракат намозини якка-якка ўқиб салом беради. Бундай намозни адо этиш давомида мусулмонлар ҳушёр бўлишлари ва силоҳларини ўзлари билан бирга тутишлари қайта-қайта тайинланмоқда. Кофирларнинг ёмонликларидан бехабар қолманглар, деб огоҳлантирилмоқда.)