۞ قُلْ أَؤُنَبِّئُكُم بِخَيْرٍۢ مِّن ذَٰلِكُمْ ۚ لِلَّذِينَ ٱتَّقَوْا۟ عِندَ رَبِّهِمْ جَنَّٰتٌۭ تَجْرِى مِن تَحْتِهَا ٱلْأَنْهَٰرُ خَٰلِدِينَ فِيهَا وَأَزْوَٰجٌۭ مُّطَهَّرَةٌۭ وَرِضْوَٰنٌۭ مِّنَ ٱللَّهِ ۗ وَٱللَّهُ بَصِيرٌۢ بِٱلْعِبَادِ
«Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! –деб айт. Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир». (Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! деб айт», деб буюрмоқда. Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмайди.)