قُلْ إِن كَانَ ءَابَآؤُكُمْ وَأَبْنَآؤُكُمْ وَإِخْوَٰنُكُمْ وَأَزْوَٰجُكُمْ وَعَشِيرَتُكُمْ وَأَمْوَٰلٌ ٱقْتَرَفْتُمُوهَا وَتِجَٰرَةٌۭ تَخْشَوْنَ كَسَادَهَا وَمَسَٰكِنُ تَرْضَوْنَهَآ أَحَبَّ إِلَيْكُم مِّنَ ٱللَّهِ وَرَسُولِهِۦ وَجِهَادٍۢ فِى سَبِيلِهِۦ فَتَرَبَّصُوا۟ حَتَّىٰ يَأْتِىَ ٱللَّهُ بِأَمْرِهِۦ ۗ وَٱللَّهُ لَا يَهْدِى ٱلْقَوْمَ ٱلْفَٰسِقِينَ
Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас. (Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди. Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)