تِلْكَ ءَايَٰتُ ٱللَّهِ نَتْلُوهَا عَلَيْكَ بِٱلْحَقِّ ۚ وَإِنَّكَ لَمِنَ ٱلْمُرْسَلِينَ
Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Ва, албатта, сен Пайғамбарлардандирсан. («Булар»-мингларча одамларни ўлдириш ва тирилтириш, тобутни фаришталар кўтариб келиши, оз сонли мўминларнинг кўп сонли кофирларнинг устидан ғолиб келиши ҳақидаги хабарларни ўз ичига олган оятлардир. Уларни Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ҳақ ила ҳикоя қилиб бермоқда. «Ҳақ билан» дегани–қандай бўлган бўлса, шундай, воқеъликдаги ҳодисанинг ўзини айтиб бермоқда, деганидир.)