loader

أَوْ كَٱلَّذِى مَرَّ عَلَىٰ قَرْيَةٍۢ وَهِىَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّىٰ يُحْىِۦ هَٰذِهِ ٱللَّهُ بَعْدَ مَوْتِهَا ۖ فَأَمَاتَهُ ٱللَّهُ مِا۟ئَةَ عَامٍۢ ثُمَّ بَعَثَهُۥ ۖ قَالَ كَمْ لَبِثْتَ ۖ قَالَ لَبِثْتُ يَوْمًا أَوْ بَعْضَ يَوْمٍۢ ۖ قَالَ بَل لَّبِثْتَ مِا۟ئَةَ عَامٍۢ فَٱنظُرْ إِلَىٰ طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمْ يَتَسَنَّهْ ۖ وَٱنظُرْ إِلَىٰ حِمَارِكَ وَلِنَجْعَلَكَ ءَايَةًۭ لِّلنَّاسِ ۖ وَٱنظُرْ إِلَى ٱلْعِظَامِ كَيْفَ نُنشِزُهَا ثُمَّ نَكْسُوهَا لَحْمًۭا ۚ فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُۥ قَالَ أَعْلَمُ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍۢ قَدِيرٌۭ

Ёки шифтлари устига қулаган қишлоқдан ўтган кишига ўхшашни кўрмадингми? У: «Аллоҳ буни ўлимидан кейин қандай тирилтиради?» деди. Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди. У зот: «Қанча ётднг?», деди. У: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича ётдим», деди. У зот: «Балки юз йил ётдинг, таомингга ва шаробингга назар сол, ўзгаргани йўқ ва эшагингга ҳам қара. Сени одамларга ибрат қилиш учун шундай қилдик. Ва суякларга назар сол, уларни қандоқ ҳаракатга соламиз ва уларга қандоқ гўшт кийгизамиз», деди. Унга равшан бўлганда: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирлигини билдим», деди. (Демак, ўша киши Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир эканига шубҳа билан қарарди. Шунда Аллоҳ таоло унга, ўлган нарсаларни қандай қилиб тирилтиришини тушунтириб ўтирмади-да, у банданинг ўзини тажриба қилиб қўя қолди: «Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди». Бўлиб ўтган воқеани тушуниб етиш учун Аллоҳ унга: «Қанча ётдинг?» деди». У одам ўзининг қанча ётганини қаердан билсин. Вақтни сезиш тирик, ҳаёт нашидасини суриб турган кишиларга хос хусусият. У бўлса, юз йил ўлиб ётди. Бунинг устига, ҳис-туйғу одамни алдайди ҳам. Шунинг учун: «У: «Бир кун ёки бир кунининг баъзисича ётдим», деди». Ўзининг билганича жавоб берди. Ўзининг юз йил ўлиб ётиб, яна қайта тирилгани унга бир кун ёки бир кундан ҳам озроқ ётгандай бўлиб кўринди. Бу ҳолати ўзига тасдиқлатиб олингандан сўнг, бўлган ишнинг ҳақиқати унга айтилди: «Балки юз йил ётдинг», дейилди.)