فَقَالَ ٱلْمَلَأُ ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ مِن قَوْمِهِۦ مَا نَرَىٰكَ إِلَّا بَشَرًۭا مِّثْلَنَا وَمَا نَرَىٰكَ ٱتَّبَعَكَ إِلَّا ٱلَّذِينَ هُمْ أَرَاذِلُنَا بَادِىَ ٱلرَّأْىِ وَمَا نَرَىٰ لَكُمْ عَلَيْنَا مِن فَضْلٍۭ بَلْ نَظُنُّكُمْ كَٰذِبِينَ
Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Биз сени ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз, сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар. (Нуҳнинг (а. с.) гапларига қавм номидан уларнинг корчалонлари, оғзи ботир зодагон бошлиқлари жавоб берди. Диққат билан разм солсак, уларнинг жавоблари барча кофир, саркаш қавмларнинг ўзларига келган Пайғамбарларга берган жавобларига ўхшашини кўрамиз: Уларнинг фикрича, камбағал кишилар пасткаш ва ақли оз ҳисобланади. Шунинг учун камбағал бўлиб қолган, дейишади. Ўша камбағаллар аралашган ҳар бир ишга хосиятсиз иш деб қарашади. Аслида эса, камбағалларнинг қалбини бойлик, айшу ишрат ва мутакаббирлик бузмагани учун улар илоҳий даъватларга тез жавоб берадилар. Буни бой-зодагонлар тамоман тескари тушунадилар.)