وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًۭا مِّمَّن دَعَآ إِلَى ٱللَّهِ وَعَمِلَ صَٰلِحًۭا وَقَالَ إِنَّنِى مِنَ ٱلْمُسْلِمِينَ
Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?! (Дунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таоло йўлига чақирувчи сўздир. Дунёдаги энг гўзал сўзловчи Аллоҳ таолога даъват қилувчининг ўзидир. Аммо ўша сўзнинг ҳақиқатда гўзал бўлиши ва ўша сўзловчининг ўзи энг гўзал сўзловчи бўлиши учун қуруқ даъватнинг ўзи етмайди. Балки даъват билан бирга, солиҳ амал бўлиши ҳамда: «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак. Ана ўшандагина, у одам энг гўзал сўз сўзлаган бўлади. Зеро, фақат мусулмонлиги туфайли шу фазлга эга бўлгандир.)